Жаҳон | 09:41 / 27.10.2022
10108
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Россиянинг Украина энергетика тизимига қарши террори ҳақида маълум қилди

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг мамлакат энергетика тизимига зарбаларини мисли кўрилмаган, деб атади. 

Фото: president.gov.ua

«Россиялик террорчилар бизнинг энергетика соҳамиз учун шундай оғир шароитларни яратиб беришдики, Европада ҳеч ким буни шунчаки кўрмаган ёки учратмаган. Мутахассисларимиз ҳозирда енгиб ўтишга мажбур бўлаётган таҳдидлар аввал йўқ эди», - деди у кечки видеомурожаатида. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, «Украинанинг кўплаб шаҳар ва вилоятларида электр таъминотида фавқулодда узилишлар кузатилмоқда, энергия сарфини чеклаш зарур». 

«Аммо барчамиз бир нарсани ёдда тутишимиз керак: энергетика соҳасида ҳам Россия устидан ғалаба қозониш лозим», — дея қўшимча қилди у. 

Зеленский яна бир бор украиналикларни электр энергиясини истеъмол қилишни чеклашга чақирди: «Энди биз, барча украиналиклар энергияни онгли равишда истеъмол қилишимиз керак. Илтимос, умумий энергия тизимида тақчиллик мавжуд бўлса-да, ҳар бирингиз ўзингизнинг электр энергияси истеъмолини чеклаш схемасини танланг».

Бундан олдин Украина президентининг рафиқаси Елена Зеленская Россиядаги вазиятни «1984» антиутопия романидаги воқеалар билан солиштириб, китобни мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга мисол қилиб келтириш мумкин, деганди.

Зеленскаянинг сўзларига кўра, романда тасвирланган воқеалар «бугунги кунда Россияда содир бўлаётган воқеаларга мисолдир». 

Асарда тотал диктатура режими ҳукмронлик қилаётган ва амалда тўхтамайдиган давлат тарғиботи юксак даражада ривожланган, сиёсий раҳбариятнинг ҳаракатларига нисбатан норозилик ва шубҳалар махсус хизматлар томонидан қаттиқ жазоланадиган давлат тасвирланган. 

Шу билан бирга, мамлакат бошқа давлатлар билан урушлар олиб боради, аммо фуқаролар бу воқеалар ҳақидаги барча маълумотларни фақат ўзига маъқул тарзда маълумот берувчи ташвиқот манбаларидан олади.

Мавзуга оид