20:28 / 28.10.2022
44406

Банкларда юзага келган доллар тақчиллигига қайси омиллар таъсир ўтказмоқда – Марказий банк раиси изоҳ берди

Мамаризо Нурмуродов Россия фуқаролари рублдаги даромадларини Ўзбекистон орқали долларга айлантираётганини тасдиқлади. Аммо бу каби операциялар асосан Ўзбекистон фуқаролари томонидан амалга оширилмоқда.

Фото: Kun.uz

27 октябр куни Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарори юзасидан МБ раиси иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Мамаризо Нурмуродов банкларда юзага келган доллар тақчиллигининг келиб чиқиш сабаблари юзасидан маълумот берди.

«Нега ҳозирги кунда банкларда аҳолини валюта билан таъминлашда қийинчиликлар пайдо бўлди? Батафсилроқ тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бизнинг тижорат банкларимиз, асосан, нақд валютани Россия банкларидан олиб келар эди. Рақамларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, 2021 йилда тижорат банкларимиз 2 млрд доллар, Марказий банк 100 млн доллар валюта олиб келган. 2022 йилнинг бошида геосиёсий вазият ўзгариши натижасида рус банкларига доллар ва евро бериш тўхтатилди. Натижада Европа ёки Америка банкларидан валюта олиб келишга зарурат пайдо бўлди. Ушбу вазиятда биз Марказий банкка хос бўлмаган функция, яъни АҚШнинг Федерал резерв тизими билан боғланиб, нақд валюта олиб келиб, тижорат банкларига етказишни бошладик. Рақамларга қарайдиган бўлсак, жорий йилда 12,2 млрд доллар пул ўтказмалари амалга оширилган бўлса, аҳолига 6,5 млрд доллар нақд валюта сотдик. Тасаввур қилинг, қанча нақд валюта керак. 2021 йилдаги рақамлар билан 2022 йилда пайдо бўлган эҳтиёжга эътибор беринг. Шундай шароитда, 7 млрд доллар нақд валюта олиб келиб, тижорат банкларига етказдик. Содда қилиб тушунтирадиган бўлса, олдин ҳеч қандай шартларсиз Россия банкларидан валюта олиб келганмиз. Аммо Федерал резерв тизимидан валюта олишнинг ўзига хос шартлари бор. Пул ўтказмалари нотовар шаклдаги банк хизматларига кириб, одатда 1000 долларгача бўлган миқдорда амалга оширилади. Меҳнат муҳожирларимиз томонидан ҳам асосан шу миқдордаги суммада пул ўтказмалари амалга оширилади», - деди Нурмуродов.

Марказий банк раисининг тушунтиришича, жорий йилда пул ўтказмалари миқдори ўтган йилга нисбатан 2,2 баробарга ошган. Ғарб мамлакатлари банкларидан валюта олиб келиш учун ушбу пул ўтказмаларининг ҳақиқатан ҳам меҳнат муҳожирлари томонидан амалга оширилганлигига нариги томонни ишонтириш керак.

«Пул ўтказмалар таркибини таҳлил қиладиган бўлсак, 2021 йилгача 1000 долларгача бўлган ўтказмалар умумий пул ўтказмаларининг 62-64 фоизини ташкил этган бўлса, бугунги кунда 10 минг доллардан кўп ўтказмалар улуши 60 фоизга етган. Энди ўзимизга савол берайлик, 10 минг доллардан ортиқ бўлган товарсиз операция бўлиши мумкинми? Бўлиши мумкин. Фақат саноқли. Аммо айрим шахслар бир ойда 20-30 марта 10 минг доллардан валюта оляпти. Бу товар характерига эга бўлмаган операциялар», – дея таъкидлади регулятор раҳбари.

Мамаризо Нурмуродов Россия фуқаролари рублдаги даромадларини Ўзбекистон орқали долларга айлантираётганини тасдиқлади.

«Россияликларнинг Россияда рублда олинган даромадларни Ўзбекистон орқали долларга алмаштириши. Буни инкор қила олмаймиз, бу нарса бор. Кўпчилик улар Ўзбекистонга келиб карта очади, рублдаги пулини доллар қилади ва олиб чиқиб кетади, деб ўйлашмоқда. Аммо ундай эмас, бу каби ҳолатларни доим назорат қилиб борамиз. Йил бошидан бери 67 мингта Россия фуқаросига ҳисобрақами очилган, шундан деярли ярмига яқини доимий равишда Ўзбекистонда ишлайдиганлар. Бу каби операцияларни асосан Ўзбекистон фуқаролари амалга оширмоқда. Буни инкор эта олмаймиз»

Регулятор раҳбари нега экспортёрнинг пул ўтказмаларига қўшимча талаблар қўйилганлигини ҳам тушунтириб ўтди.

«Олдин Россияга экспорт қилган маҳсулотига керак бўлган пулни банклар орқали ўтказиб келган кичик экспортёрларимиз, бугунги кунда экспортини нақд рублга қилиб, рублни бизга юборяпти. Бу ердан эса валюта кўринишида оляпти.

Хўжалик субъектининг экспортдан олган даромади бу ерга келиб нақд валютага айланяпти. Бу жиноий фаолиятдан олинган даромадни легаллаштиришга хизмат қилувчи хатарлардан бири сифатида баҳоланади. Шунинг учун, талаб қўйдик. Экспортёрнинг пул ўтказмаси натижасида келиб тушган пули экспорт қилан боғлиқ бўлса, яъни товарни экспорт шартномаси билан олиб чиқиб кетган бўлса, у пулни валюта ҳисобрақамига ўтказишни таклиф қиляпмиз.

Иккинчидан, банклар миқдори 5 мингдан ортиқ бўлган пул ўтказмалари учун, ушбу маблағларнинг келиб чиқиш манбайини талаб қилишга мажбур бўлмоқда. Масалан, менга 10 минг доллар пул ўтказмаси келадиган бўлса, банкка пул манбайини айтишим керак. Мана шунақа ҳолатлар мавжуд», деди у.

Марказий банк раиси комплаенс назорат тизими қоидаларини ҳеч ким бекор қилмагани, ўзбек банклари бу борада шубҳалар яратмаслиги зарурлигига урғу берди.

«1000 долларгача бўлган пул ўтказмалари биз учун устувор аҳамият касб этади ва бу ўтказмаларни хоҳлашса нақд валютада, хоҳлашса сўмда ўтказиб беряпмиз. Айрим банклар 1000 доллардан кўпига, айрим банклар эса 5 минг доллардан кўп ўтказмаларнинг келиб чиқишини кўрсатувчи ҳужжат сўрайди. Агар хоҳлашса, пулини валюта картасига ўтказиб беряпмиз.

Худди шу каби талаблар валюта сотишга ҳам қўйилган. Бу бизнинг банклар ўйлаб топган нарса эмас. Американинг комплаенс назорат тизими қоидаларини ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Ўзбек банклари бу борада шубҳалар яратмаслиги зарур. Сиз 5 минг доллар валюта сотиб олмоқчи бўлсангиз, ҳеч ким йўқ демайди. Лекин даромад манбайини кўрсатишингиз керак.

Яна бир бор айтишим керак, ўтган йилдагига қараганда 3,5 баробар кўп валюта олиб келдик. Ҳозирда тижорат банкларимиз тўғридан тўғри Федерал резерв тизими билан шартнома имзолаб, валюта олиб келишни бошлади. Шароит анча яхшиланди. Бугунги кунда 974 млн доллар эквивалентида валюта банкларимиз кассаларида турибди. Лекин яна бир марта айтаман, комплаенс назорат тизими бекор қилингани йўқ. Улар 2 марта келиб, банкларимиз талабларни қандай бажараётганлигини ўрганиб кетишди. Шубҳаларнинг пайдо бўлиши эса кейинчалик валюта сотиб олишда муаммоларни юзага келтиради ва чекловлар пайдо бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам, эҳтиёткорона сиёсат олиб борилмоқда», деди Нурмуродов.

Аввалроқ, «Ведомости» нашри Россия ўзбекистонлик саррофлар учун пул айрибошлаш маконига айланиб қолгани ҳақида ёзганди. Унга кўра, қўлланаётган конвертация схемаси қуйидагича: курси юқори рублни Ўзбекистонда сўмга майдалашади, сўм эвазига нақд доллар харид қилишади, долларни Россияга келтириб, уни яна рублга айрибошлашади.

Эслатиб ўтамиз, июнь, июль ва сентябрь ойларида банкларда валюта танқислиги юзага келганди. Бунинг сабаби мутахассислар томонидан рубль курси Марказий Осиё мамлакатлари миллий валюталарига нисбатан шиддат билан мустаҳкамланишда давом этаётгани билан изоҳланганди.

Top