Жаҳон | 10:25 / 28.10.2022
5070
2 дақиқада ўқилади

Полшада совет аскарларига ўрнатилган яна тўртта ёдгорлик демонтаж қилинди

Миллий хотира институти раҳбари Полшада демонтаж қилинган совет ёдгорликларини Россиянинг амалдаги раҳбариятини илҳомлантирган тизим рамзи деб атади ва Украинадаги уруш учун Кремль жавобгарлигини эслатди.

Фото: ipn.gov.pl

Полшада 27 октябр, пайшанба куни совет аскарларига ўрнатилган яна тўртта ёдгорлик демонтаж қилинди. Гап Глубчица ва Бичина шаҳарларидаги «Қизил Армияга миннатдорчилик» ёдгорликлари, Боболицадаги ёдгорлик, шунингдек, Сташува туманидаги ёдгорлик ҳақида бормоқда, дея таъкидлади Миллий хотира институти (МХИ).

Демонтаж қилинган ёдгорликлар эркинлик рамзи эмас, деди МХИ президенти Карол Навроцкий. У ёдгорликларни «1945 йилдан кейин Европанинг ярмини ўзига бўйсундирган тизим», «Полша ишчилари ва антикоммунистик мухолифат фаолларини ўлдирган тизим» рамзи, шунингдек, «Украинадаги уруш учун жавобгар Россия ҳозирги раҳбарларини руҳлантирган тизим» рамзи деб атади.

2017 йил октябр ойида Полшада мамлакатни декоммунизация қилиш дастури доирасида совет ёдгорликларини бузиш тўғрисидаги қонун кучга кирди. МХИ ҳисоб-китобларига кўра, коммунизм даврида Полша ҳудудида 500 га яқин «Қизил Армияга миннатдорчилик» ёдгорликлари ўрнатилган. Ўшандан бери ҳалок бўлган аскарлар дафн қилинган жойларда ўрнатилмаган кўплаб ёдгорликлар демонтаж қилинган. Шу билан бирга, dpa агентлигининг қайд этишича, аскарлар қабристонлари Полша давлати ҳимоясида.

2022 йил март ойида МХИ раҳбари Навроцкий барча мамлакатлар, хусусан, собиқ коммунистик блокдаги давлатлар ҳокимиятларига уларнинг тарихидаги коммунистик давр одамлари, ташкилотлари, воқеалари ва саналари билан боғлиқ номлар ва белгиларни жамоат майдонидан олиб ташлашни таклиф қилди. Украинада уруш бошланганидан сўнг, Болтиқбўйи мамлакатларида СССР давридаги ёдгорликлар оммавий равишда бузиб ташлана бошлади. Бундан ташқари, Финландия пойтахтида СССР томонидан ҳадя қилинган «Бутун дунёда тинчлик» монументи демонтаж қилинди.

Мавзуга оид