19:48 / 29.10.2022
16769

Беларусда нархларни ошириш тақиқланди, «қоидабузар»лар ҳибсга олинмоқда

Фото: Reuters

Беларус президенти Александр Лукашенко 6 октябрдан мамлакатда нархларни ошириш тақиқланишини маълум қилганди. Шундан сўнг, нархларни тартибга солиш тўғрисидаги қонун кучга кирди ва нархларни «асоссиз» оширган тадбиркорларни ҳибсга олиш бошланди.

Айрим вилоятларда тадбиркорлар ишини тўхтатгани, ишчилар ишга чиқмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Иқтисодчилар тез орада дўконларда маҳсулот қолмай, иқтисодиёт жар ёқасига келишини айтмоқда.

Фото: Reuters

Ҳаммасини давлат бошқаради

Лукашенко ҳукуматнинг иқтисодий блоки билан 6 октябр куни бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатда нархларни оширишни тақиқлади, шунингдек, чакана савдо нуқталари ёпилган тақдирда мансабдор шахсларга жавобгарлик билан таҳдид қилди. Беларус вазирлар кенгаши 19 октябр куни нархларни тартибга солишнинг янги тизими тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Янгиликлардан кўриниб турибдики, энди ишлаб чиқарувчилар сотиш нархларини оширишни давлат органлари, вилоят ижроия қўмиталари ва Минск шаҳар ижроия қўмитаси билан мувофиқлаштиришлари керак.

Импорт қилувчилар ва савдога жалб қилинганларга воситачилар сонидан қатъи назар, максимал устама чегаралари белгиланади. Бартер операцияларини ҳам давлат органлари билан мувофиқлаштириш керак. Бундан ташқари, Беларусда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни бозорга етказиб беришда товарларни илгари суриш учун бонуслар ва бошқа мукофотларни тўлаш тақиқланади.

Нарх-навони оширган тадбиркорлар ҳибсга олинмоқда

Бир кун ичида мустақил Беларуснинг бир вақтлар энг йирик қўшма корхонаси – Могилевдаги «Сопотекс» йигирув-тўқув фабрикаси тугатилгани маълум бўлди. Лукашенконинг нархларни оширишни тақиқлаш ҳақидаги фармонини бажармаслик оқибатлари ҳам маълум: «Добронома»нинг икки раҳбарига нисбатан жиноий иш қўзғатилган, хусусий дорихоналар тармоғи директори ўринбосари ҳам ҳибсга олинган.

Фото: «Сопотекс» расмий сайти

Беларус давлат нашрлари нарх-навони оширганлик учун ҳибсга олинганлар ҳақида деярли ёзмаяпти. Бундай маълумотларни мустақил ОАВлардан топиш мумкин. Беларус Бош прокуратураси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 15 октябр ҳолатига кўра, нархларни белгилашда қонунбузарлик ҳолатлари бўйича мамлакатда 18 та жиноий иш қўзғатилган.

АНТ телеканалининг давлат назорат қўмитасига таяниб маълум қилишича, 18 октябрга келиб Беларусда ортиқча пул ундирганлик учун 34та жиноят иши қўзғатилиб, ҳибсга олинганлар сони 20 нафарга етган. Кўпинча гўшт, сут, нон маҳсулотлари ва маиший техника нархлари оширилиши аниқланган.

Могилёвда гўшт маҳсулотларини мактаблар ва шифохоналарга оширилган нархларда сотган тижорат компанияси директори қамалган. Давлатга етказилган зарар 18 минг рублдан ортиқ баҳоланиб, жиноий иш очилган.

«Нархларни назорат қилишга оид қонун қабул қилингач, Давлат назорати қўмитаси «савдо объектларида нархларни текшириш» ҳаракатларини бошлади ва қоидабузарларга жиноий иш очиш билан таҳдид қилди. 

«Беларус-1» давлат канали хабарига кўра, 22 октябрга келиб Беларусда «нархларни асоссиз оширгани» сабаб қирқдан ортиқ жиноий иш қўзғатилган ва яна 16 киши ҳибсга олинган. Инспекторлар мингдан ортиқ савдо объектларини текширгани айтилди.

Мамлакат бўйлаб, барча ҳудудларда тадбиркорларга «ов» бошланди. Масалан, Гомелда хусусий тадбиркорга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Расмийлар фикрига кўра, нон маҳсулотлари нархи юқори даражада ошган. Кобрин шаҳрида тадбиркор нон, гречка ва балиқ нархини оширгани учун қўлга олиниб, суд қилинган.

Ҳукумат беларусликларни Марказий қўмитага нархлардан шикоят қилишга чақиришди. Икки ҳафта ичида махсус телефон рақамига 900 дан ортиқ мурожаат бориб тушган.

Шунингдек, мамлакатдаги йирик савдо тармоқларидан бири «Қўшнилар» дўконлар тармоғининг топ менежерлари ва асосий бенефециарларидан бири нархлар ошиши сабабли ҳибсга олингани маълум қилинди. Расмий маълумотларга кўра, 6 октябрдан 18 октябргача бўлган даврда 65 дан ортиқ товарлар нархлари асоссиз оширилган.

Айтилишича, компания мансабдор шахслари товарларнинг чакана нархларини ошириш тақиқланганини билатуриб, нархлар ўсишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чоралар кўрилишини таъминламаган ва натижада бош директорга нисбатан жиноий иш очилган.

Бу дўконлар тармоғи Беларус бўйлаб 180 та дўконга эга ва уларда 5000 дан ортиқ одам ишлайди.

Ҳар куни рейдлар ўтказилмоқда

«Аршанска газета» нашри Орша туманида ҳар куни турли савдо дўконларида бир неча марта текширув рейдлари ўтказилаётгани, 200 га яқин объект аллақачон текширилгани ҳақида ёзди. Нашр аксарият ҳолларда қонунбузарликлар аниқланмаганини қайд этди. Бироқ сут маҳсулотлари нархини паст баҳолагани учун хўжалик юритувчи субъектларидан бирига жиноий иш очилган ва тадбиркор давлатга етказилган зарар 270 минг рубл деб топилган. Текширувдан сўнг корхонага жарима солинди, директор ва унинг ўринбосари ишдан бўшатилди. 

 Дўконлар ёпилмоқда

27 октябрдаги хабарларга кўра, нархлар назорати ортидан бизнес эгалари ўз ишини тўхтатди ва савдо дўконларини очишмади. Бу борадаги хабарлар журналистларга турли шаҳарлардан – Лида, Могилёв, Навополатск, Гомел, Брест, Гродно, Смаргони, Витебск, Дзержинск, Молодечно, Минск, Пинск, Кобрин ва Баранавичийдан етиб келган.

«Наш Край» газетасига кўра, тадбиркорлар нархлаш механизмини қўллаш бўйича аниқ тушунтиришни кутиб, унгача ишни давом эттиришни хоҳламасликларини айтишмоқда.

Иқтисодчилар нима дейди?

Мустақил ОАВлар иқтисодчи ва экспертлар мамлакат иқтисодиёти учун ҳалокатли қарор юзасидан фикрларини беришга интилмоқда.

Иқтисодчи Лев Марголин амалдорларга нарх ошириш ҳолатлари юзасидан хабар бериш масъулияти юклатилгани ҳақида гапираркан, бу худди 1937 йилги воқеаларни эслатишини, кўпроқ «халқ душманлари» топилиб, ҳибсга олинишини таъкидлайди.

«Ё нархларни кўтаришнинг янги четлаб ўтиш йўллари пайдо бўлади, ёки расмийлар дўконларда ҳеч вақо қолмагач, нархлар ҳали ҳам ўсишда давом этаётганини кўриб, бу кимнингдир ғаразли нияти эмас, балки табиий ҳодиса эканлигини тушунади», дейди иқтисодчи.

«Иқтисодиётнинг бир қонуни борки, уни диктаторлар, Госплан раҳбарлари ва тарафдорлари жуда ёмон кўради. Бу – талаб ва таклиф қонуни. Нима қилмасин, бу қонун шунчаки уларга бўйсунмайди», дейди яна бир иқтисодчи Ярослав Романчук. Унинг фикрича, мамлакат иқтисодиёти қизил чизиққа етиб келган. Бу санкциялар ва уруш оқибатидир.

«Инфляцияни тезлаштирмаслик учун муомаладаги рубллар сонини камайтириш керак. Аммо агар муомаладаги рубл миқдори ошса, унда бир хил миқдордаги товарлар ва хизматлар нархлари кўтарилади. Бу талаб ва таклиф қонуни. Беларус ҳукумати нима қиляпти? 2021 йил бошидан 2022 йил бошигача бўлган даврда муомаладаги нақд пул ҳажми (М0) 35,2% га, актив рубл пул массаси (М1) 39% га ошди. Бу пул товарлар ва хизматлар нархига босим ўтказади ва табиийки, инфляция уни ўзида акс эттиради.

Мўъжизалар содир бўлмайди. Иқтисодиётга «бўш» рублларнинг киритилиши фонида валюта, товарлар ва хизматлар, хорижий инвестициялар, аҳоли даромадлари ва харажатлари билан боғлиқ вазият муқаррар равишда юқори инфляция ва девалвацияга олиб келади», дейди иқтисодчи.

Иқтисодчи мамлакатнинг санкциялар остида қолишига ким айбдор деган саволни ўртага ташлайди. «Муаммоларнинг асл сабаби нималигини ўзингиздан сўранг. Ким кулгили равишда бозор қонунларини менсимай, иқтисодни режа асосида ишлатмоқчи?» дейди у.

Ўзбекистонда нархлар назорат қилинмайди

28 октябр куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовдан Беларусдаги каби сиёсатга муносабати сўралди. Нормуродов Беларуснинг нархларни оширмаслик сиёсатига муносабати салбийлигини таъкидлади.

«Бундай йўл билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Президентимиз Марказий банкка раҳбар бўлаётганимда бизга бошқариладиган нарх-наво керак эмас, бозор белгиласин, бозордаги нарх мўътадил бўлишига Марказий банк қўлидан нима келса, таъминлашингиз керак, дегандилар. Шу пайтгача мазкур вазифани бажаряпмиз. Иқтисодий вазият ёмонлашган тақдирда ҳам Марказий банкнинг қарашлари ва фикри унақа усулдан бормайди», деди Мамаризо Нурмуродов.

Шунингдек, қаранг: иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz’га берган интервьюсида давлатнинг бозорга ўринсиз аралашуви жиддий оқибатларга олиб келишини Аргентинадаги гўшт саноати мисолида тушунтириб берганди.

Top