Иқтисодиёт | 11:57 / 31.10.2022
56632
12 дақиқада ўқилади

Хитойнинг «қарз қопқони дипломатияси». Бу Марказий Осиё учун қанчалик хатарли?

Хитой инфратузилма инвестицияси учун чанқоқ бўлган ривожланаётган ва камбағал давлатларга катта миқдорда кредитлар ажратиб келади. Ғарб мамлакатлари эса расмий Пекинни паст даромадли давлатларга берган кредитлари ортидан уларнинг стратегик активлари ва табиий ресурслари устидан ҳукмронлик қилишга уринишда айблайди. Марказий Осиё мамлакатлари ҳам Хитойнинг «қарз қопқони»га тушиб қолиши мумкинми?

Фото: Kun.uz

Жорий йил август ойида Швейцарияда Миср ва Хитой вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Унда Миср ҳукумати Хитойдан олган 8 млрд долларлик қарзни мамлакат портлари ва аэропортларидаги стратегик активларга алмаштириш имкониятини муҳокама қилган. Шунингдек, Миср делегацияси 10 млрд долларлик бошқа муҳим активларни ҳам таклиф қилган.

Жаҳон банкининг июл ойи бошида эълон қилган ҳисоботига кўра, Мисрнинг ташқи қарзи тахминан 158 миллиард долларни ташкил қилади. Худди шу ҳисоботда келтирилишича, расмий Қоҳира бир йил ичида 33 миллиард долларлик ташқи қарз мажбуриятини бажариши керак.

Хитой кредитлари ҳақида гап кетганда кўпинча унинг атрофида турли миш-мишлар ҳам тилга олинади. Бошқа халқаро молиявий ташкилотлардан фарқли равишда Хитой берадиган қарз ва уларнинг фоиз ставкалари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ ошкор этилмайди. Қарз олувчи давлатга турли демократик ислоҳотлар ўтказиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби шартларни ҳам қўймайди.

Ўз навбатида, Хитой ҳукумати кенг кўламли инвестиция лойиҳаларидан ғаразли мақсадлар кўзланганини инкор этиб келади. Ғарб сиёсатчилари ва танқидчилар эса расмий Пекинни «қарз қопқони дипломатияси»дан фойдаланиб, ривожланаётган ва камбағал давлатлардаги стратегик активлар ва табиий ресурслар устидан ҳукмронлик қилишга уринишда айблайди.   

Яширин қарз берувчи

Париж клуби қарздор ва қарз берувчи давлат орасидаги муаммоларни ҳал этишга ихтисослашган бўлса, Лондон клуби қарздор давлатлар ва уларга қарз берувчи хусусий ширкатлар (ёки банклар) ўртасидаги алоқаларни бошқаради. Бу клубларга аъзо давлатлар қарздор давлат қарзи ошиб кетадиган тақдирда маълум даражада қарз беришни тўхтатади ва соғломлаштириш чораларини (қарзни кечиб юбориш ёки муддатини узайтириш каби) кўради.

Хитой бу клубларга аъзо эмас ва айнан шу туфайли ҳам маълум бир мамлакатга қарз бераётганида унинг бошқа давлатлардан қанча қарзи борлигига қарамайди ва ҳисоблашмайди.  

Шунингдек, Хитой узоқ ва қисқа муддатли тижорат кредит оқимлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этувчи Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) гуруҳига кирмайди. Шу жиҳатдан, Хитойнинг халқаро кредит ҳужжатлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконияти мавжуд эмас.

Хавотирли белгилар

АҚШдаги Глобал ривожланиш маркази тадқиқотларига кўра, Шри-Ланка, Қирғизистон, Жибути, Малдив ороллари, Лаос, Мўғулистон, Покистон, Черногория, Ангола ва Тожикистон каби мамлакатлар Хитойнинг «қарз қопқони»га тушишган. Ушбу қарздор давлатлар молиявий муаммоларга дуч келганида, уларнинг стратегик объектлари олиб қўйилиши мумкинлиги истисно қилинмайди.

Шри-Ланка

Хитой Шри-Ланканинг энг йирик кредитори ҳисобланиб, мамлакат умумий ташқи қарзининг қарийб 10 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, 2000 йилдан 2020 йилгача расмий Пекин Шри-Ланкага 12 миллиард долларга яқин кредит ажратган ва уларнинг асосий қисми инфратузилма лойиҳалари қуришга сарфланган. Хусусан, Ҳамбантота порти ана шундай сармоявий лойиҳалардан бири ҳисобланиб, China Merchant Port Holdings Limited компаниясига порт акцияларининг 70 фоизи 1,12 миллиард доллар эвазига 99 йилга ижарага беришга мажбур қилинган. Ҳинд океанида жойлашган ушбу мамлакат учун ҳашаматли товарлар ва зираворлар савдоси асосий даромад манбаларидан бири ҳисобланади. Ҳамбантота порти эса ташқи савдо алоқаларда жуда муҳим аҳамият касб этади.

Хитойнинг Шри-Ланкадаги иқтисодий иштироки сўнгги ўн йил ичида сезиларли даражада ўсган ва бундан минтақадаги сиёсий амбицияларини илгари суриш учун фойдаланиш эҳтимоллари мавжуд.

Қирғизистон

Хитой Қирғизистоннинг энг катта кредитори ҳисобланади. Бу қўшни республиканинг хорижий кредитлари бўйича мажбуриятларининг 45 фоизини (1,5 млрд доллардан ортиқ) ташкил этади. Сўнгги ўн йил ичида Хитой Қирғизистонга кредитлар беришни оширди ва бир қатор йирик инфратузилма лойиҳаларига маблағ ажратди.

Хитой мамлакатдаги энергетика лойиҳаларига қарийб 1 миллиард доллар сармоя киритган ва Қирғизистонни келажакда Жанубий Осиё минтақасига энергия ресурслари етказиб берувчига айлантириш режа қилинган. Бу расмий Бишкек «қарз тузоғи»га тушиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирди.

2021 йил март ойида, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, агар расмий Бишкек ХХР олдидаги ташқи қарзини тўламаса, мамлакатдаги баъзи муҳим объектлар Хитой назорати остига ўтиши мумкинлигини истисно қилмаганди.

Қирғизистон раҳбари Хитой назорати остига ўтиши мумкин бўлган иншоотлар сифатида мамлакат шимолидаги энг йирик электр иншооти – Бишкек иссиқлик электр станцияси, Датка-Кемин электр узатиш линияси, шунингдек, республиканинг шимоли ва жанубидаги бирлаштирувчи йўлни айтиб ўтган.

Маҳаллий аҳоли норозиликларидан сўнг Хитойнинг One Lead One (HK) Trading Limited компанияси томонидан ташкил этилган қўшма корхона Қирғизистонда логистика маркази қуришга қаратилган 280 миллион долларлик лойиҳадан воз кечади.

Малдив ороллари

Ушбу мамлакатда Хитой уч йирик сармоявий лойиҳада иштирок этмоқда:

  • қиймати 830 миллион долларга яқин турадиган халқаро аэропортни модернизация қилиш; 
  • қиймати қарийб 400 миллион доллар бўлган турар жой массиви ва аэропорт яқинида кўприк қурилиши; 
  • асосий портни кўчириш.

Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган статистик маълумотларга кўра, мамлакат ташқи қарзи 2022 йилнинг 1-чораги якунига кўра, 6,39 миллиард долларга етган. Бу ЯИМнинг 113 фоизини ташкил қилади. Қайд этилишича, Малдив ороллари ташқи қарзининг 50 фоиздан ортиғи Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Ушбу мамлакатда расмий Пекин Хитой, Яқин Шарқ ва Европа ўртасидаги асосий юк ташиш йўлига туташган 859 квадрат километрга яқин эксклюзив иқтисодий зонага даъво қилади.

Лаос

Жануби-Шарқий Осиёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлган Лаосда ҳам «Бир макон, бир йўл»га оид бир қатор инфратузилма лойиҳалари мавжуд. Улардан энг йириги 6,7 миллиард долларлик Хитой-Лаос темирйўли бўлиб, қиймати мамлакат ялпи ички маҳсулотининг деярли ярмини ташкил қилади. ХВФ мазкур лойиҳа Лаоснинг қарзларини тўлаш қобилиятига таҳдид солиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш билан ҳам чиққан.

AidData Lab маълумотларига кўра, Лаоснинг Хитойдан олган давлат қарзининг умумий қиймати тахминан 12,2 миллиард долларни ташкил этади, бу Жаҳон банки ҳисоб-китобларидан анча юқори.

Мутахассислар Пекиннинг глобал кенгайиши ва инфратузилмага асосланган ташқи сиёсати Лаос каби камбағал давлатларнинг «қарз тузоғи»га тушиб қолиш хавфини кучайтиришини таъкидлаб келишади.

Покистон

Покистон «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг асосий лойиҳаси бўлган Хитой-Покистон иқтисодий коридорида (CPEC) иштирок этмоқда. CPECʼнинг умумий қиймати 62 млрд долларга баҳоланган бўлиб, унинг 80 фоизини Хитой молиялаштиради. Хитой томонидан таклиф қилинган нисбатан юқори фоиз ставкали кредитлар эса Покистоннинг қарздорлик хавфини оширади.

Тожикистон

Бир неча йилдан бери хитойлик тарихчилар Тожикистон ҳудудининг айрим қисмлари Хитойга тегишли эканини иддао қилиб келишади. 2011 йил Тожикистон катта миқдордаги имтиёзли шартлардаги кредитлар эвазига Хитойга Тоғли Бадахшондан 1,1 минг кв км табиий бойликларга бой ҳудудни бериб юборади. Бу мамлакат ҳудудининг 0,8 фоизини ташкил қилган.

2022 йил бошидаги маълумотларга кўра, Тожикистон умумий ташқи қарзи 3,3 миллиард долларни ташкил этиб, унинг 1,98 миллиард доллари Хитой Эксимбанкидан жалб қилинган.

Тожикистонда деярли барча олтин (84 фоиз) тожик-хитой қўшма корхоналарида қазиб олинади. Маълумотларга кўра, айни вақтда Тожикистондаги олтин конларининг ярмидан кўпроғи Хитой компанияларга тегишли. Жумладан, Юқори Қумариг олтин кони Хитой компанияларига ўзлаштириш учун берилган.

Бундан ташқари, Хитой Эксимбанки ва Мўғулистон ҳукумати ўртасида йирик автомобил йўли ва гидроэлектрстанцияси қурилишини молиялаштириш бўйича тахминий қиймати 1 миллиард долларни ташкил қилувчи шартнома имзоланган

Шунингдек, Хитой Черногориянинг Бар шаҳрини Сербия билан боғлайдиган магистрал йўл қурилишининг 85 фоизини ҳам молиялаштиради. Лойиҳанинг тахминий қиймати 1,1 миллиард долларни ташкил қилади.

Хитойдан катта миқдорда қарзи бор мамлакатлардан яна бири Жибути ҳисобланади. Хитой томони билан ҳамкорликда амалга оширилган 3,5 миллиард долларлик Жибути халқаро эркин савдо зонаси лойиҳаси ва бошқа бир қанча лойиҳалар ортидан мамлакат ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан 85 фоизгача ошган. Бунинг ортидан эса ўзининг ҳарбий базаларидан бирини йилига атиги 20 миллион долларга Хитойга ижарага беришга мажбур бўлади.

Марказий Осиё мамлакатлари ҳам қарз қопқонига тушиши мумкинми?

Хитой Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин савдо-иқтисодий алоқаларни, жумладан, имтиёзли кредитлар беришни давом эттирмоқда.

Юқорида келтириб ўтилганидек, Хитойнинг Қирғизистон ва Тожикистон ташқи қарзидаги улуши 2020 йилда мос равишда 45 ва 52 фоизни ташкил этган. Бу уларнинг ялпи ички маҳсулотининг 20 фоиздан ортиқ эквивалентига тўғри келади.

Марказий Осиё республикалари давлат қарзининг 2027 йилгача ЯИМга нисбатан шаклланиш прогнози

2011 йилда Хитой Тараққиёт банки томонидан Туркманистондаги лойиҳалар учун 8,1 миллиард доллар кредит ажратилгани ҳақида маълумот берилган. Туркманистон томони ушбу қарзлар тўлиқ тўланганини хабар қилган, аммо шартномалардаги махфийлик туфайли бу пуллар қандай кўринишда қайтарилгани очиқланмаган. Баъзи манбаларда келтирилишича, Хитой томонидан қурилган инфратузилмалар Туркманистон учун анча қимматга тушган ва унинг эвазига Хитойга текин ёки имтиёзли кўринишда газ етказиб берилаётган бўлиши мумкин. Хитой туркман гази учун қанча миқдорда пул тўлаётганини билиш имконсиз, бу рақамлар «тижорат сири» сифатида оммага маълум қилинмайди.

Қозоғистоннинг ташқи қарзи минтақанинг бошқа мамлакатларига нисбатан сезиларли даражада кўп. 2022 йилнинг 1 июн ҳолатига бу кўрсаткич 164,2 млрд долларни ташкил этган. Аммо умумий жалб қилинган ташқи қарзда Хитойнинг улуши 6,5-7 фоизни ташкил этади. 2021 йилнинг май ойида Қозоғистон қонунчилигига ўзгартиришлар киритилиб, мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги ерларини хорижликлар ва хорижий компанияларга сотиш тақиқланди. Бу ўзгариш мамлакатда Хитойга қарши норозилик кайфияти кучайгани билан ҳам изоҳланади.

Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов берган маълумотларига кўра, 2022 йил 1 июл ҳолатига, Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 25,9 млрд долларни ташкил этади, шундан 23,2 млрд доллари – давлат ташқи қарзидир.

Жорий йилнинг 1 январ ҳолатига, Ўзбекистон давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши қуйидагича:

Кўришимиз мумкинки, Хитой Эксимбанки ва Хитой давлат тараққиёт банки Ўзбекистоннинг асосий кредиторлари қаторига киради. Ушбу молиявий ташкилотлардан олинган қарз маблағлари Ўзбекистон умумий давлат ташқи қарзининг 17,7 фоизини ташкил қилган. Fitch Rating халқаро рейтинг агентлиги ўзининг охирги ҳисоботида Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги баҳосини ББ- (барқарор кутилма) даражада тасдиқлаган. Ўзбекистон учун хатарли ҳолат сифатида, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Хитойга нисбатан қарз қарамлиги ошиб бораётганини келтириш мумкин. Ушбу мамлакатларда қурилган ва қурилаётган кўплаб стратегик объектлар Ўзбекистон ҳаётий манфаатлари учун ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид