19:59 / 01.11.2022
30169

ИИВ паспортининг амал қилиш муддати тугаган ва тугаётган фуқароларни тезроқ ID-карта олишга чақирди

Ички ишлар вазирлиги фуқароларга мурожаат билан чиқиб, амал қилиш муддати ўтиб бораётган фуқаролик паспортларини ID-карталарга алмаштиришни кечиктирмасликка чақирди. Муддати ўтган паспорт билан яшаш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Фото: Yuz.uz

ИИВ мурожаатида айтилишича, 2021 йил 1 январдан ҳозирга қадар 2 миллионга яқин фуқарога эски намунадаги паспортлар ўрнига ID-карталар берилган.

“Биометрик паспортларнинг амал қилиш муддатлари тугаб бораётганлиги сабабли идентификация ID-карталарига алмаштиришни тавсия этамиз”, – дейилади вазирлик эълонида.

Қайд этилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига асосан, фуқароларнинг паспортсиз ёки идентификацияловчи ID картасиз ёхуд ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаши 0,5 – 3 БҲМ (150 минг сўмдан 900 минг сўмгача) жаримага сабаб бўлади.

“Шунинг учун фуқаролардан муддати тугаган биометрик паспортларни кечиктирмаган ҳолда идентификацион ID карталарга алмаштиришларини сўраймиз”, – дея таъкидлаган ИИВ.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йил намунасидаги яшил рангли биометрик паспортлар паспортда кўрсатилган амал қилиш муддати якунига қадар ҳақиқий ҳисобланади. Фуқаролар бу муддат тугамасидан аввал паспортларини ID-картага алмаштиришлари лозим.

Шунингдек, паспортнинг амал қилиш муддати тугамаган тақдирда ҳам, ихтиёрий равишда уни ID-картага алмаштириш мумкин.

Картани берганлик учун БҲМнинг 89 фоизи (267 минг сўм) миқдорида давлат божи ундирилади.

ID-карта тегишли ҳужжатлар қабул қилиб олингандан кейин 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади.

Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслар ID-карта олиш учун мурожаат қилганида, 15 кун муддатда масъул ходим уларнинг яшаш манзилига борган ҳолда картани расмийлаштиради (бунда қўшимча тўлов ундирилмайди).

ID-карта:

  • янги туғилган болага бир ёшгача — икки йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);
  • бир ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);
  • 16 ёшдан 60 ёшгача – 5 йил муддатга;
  • 60 ёшдан ошганларга – 10 йил муддатга берилади.
Top