17:57 / 02.11.2022
32681

Бюджет тақчиллигининг ошиши инфляцияга қандай таъсир ўтказмоқда?

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов жорий йилда 4,2-4,5 фоиз фискал дефицити бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Регулятор раҳбарига кўра, ҳозирги пул-кредит сиёсатини юритиш шароитида инфляцияни маълум бир даражада ушлаб туришда монетар сиёсатдан кўра, бюджет консолидациясининг ўрни ошиб бормоқда.

Қозоғистон миллий банки асосий ставкани 16 фоизгача оширди. Сабаблардан бир сифатида инфляцияни кучайтириб бораётган фискал харажатларнинг ошиши ҳам айтиб ўтилган. Ўзбекистонда ҳам аҳвол шунга ўхшаш. Охирги 6 йилда белгиланган бюджет харажатлари прогноздан кўра доим юқори даражада бўлиб келган. Kun.uz мухбири Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовга “Ўзбекистонда инфляция шаклланишида фискал харажатларнинг ҳаддан зиёд ошиб кетаётгани таъсири қанчалик даражада?” деган савол билан мурожаат қилди.

“2022 йилдаги пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаганимизда, инфляциянинг 8,5-9,5 атрофида шаклланишини прогноз қилгандик. Ўша пайтда фискал тақчилликнинг 3 фоиз атрофида бўлишини кутгандик. Лекин бугунги кунга келиб ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашга йўналтириладиган маблағларнинг кўпайтирилиши ва иш ҳақининг белгиланганига қараганда кўпроқ даражада оширилиши ҳисобига жорий йилда 4,2-4,5 фоиз фискал дефицити кутилмоқда. Бу албатта, ўз-ўзидан инфляцияга таъсир ўтказади. Шунинг учун ҳам жорий йилда инфляцияни ўзимиз прогноз қилгандек, 8,5-9,5 фоиз эмас, балки 12-12,5 фоиз атрофида шаклланишини кутяпмиз.

Яна бир нарсани айтишим мумкинки, ҳозирги пул-кредит сиёсатини юритиш шароитида инфляцияни маълум бир даражада ушлаб туришда монетар сиёсатдан кўра, фискал, бюджет консолидациясининг ўрни ошиб бормоқда.

Қозоғистонда инфляция 17,7 фоиз атрофида шаклланган, шу сабабли улар асосий ставкани 1,5 фоизга оширишди.

Март ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳам мендан нега асосий ставкани бирданига 14 фоиздан 17 фоизга оширганимни сўрашганди. Асосий ставканинг инфляциядан юқори бўлиши иқтисодий шароитни тезроқ белгиланган параметрларга тушириш учун имконият яратади. Эътибор бераётган бўлсангиз, ривожланган давлатлар ҳам асосий ставкасини жуда тез оширяпти. Масалан, АҚШ асосий ставкани оширишни биринчи бошлади. Улар ҳам маълум белгиланган нуқтага чиқиб олишганидан сўнг, пасайтириш тизимига ўтади. Шу сабабдан ҳам шаклланаётган инфляцияни ҳисобга олган ҳолда белгилаган асосий ставкамиз ёрдамида ўзимиз режа қилган мақсадларга осонроқ эришамиз деб ўйлайман”, – дея таъкидлади регулятор раҳбари.

Top