16:51 / 04.11.2022
10131

Шолц Хитойни Москвага таъсир ўтказишга чақирди

«Хитой раиси Си ва мен ядровий таҳдидлар масъулиятсиз ва ўта хавфли эканлигига оид умумий фикрдамиз», — деди Германия канцлери Пекинда Хитой раҳбари билан музокарадан сўнг. 

Фото: AFP

Хитой Украинадаги урушни имкон қадар тезроқ тугатиш учун Россияга таъсиридан фойдаланиши керак. Германия канцлери Олаф Шолц 4 ноябрь, жума куни Пекинда Хитой раҳбари Си Жинпинг билан шу ҳақда гаплашди

«Хитой раиси Си ва мен ядровий таҳдидлар масъулиятсиз ва ўта хавфли эканлигига оид умумий фикрдамиз», — деди Шолц бу борада Хитой раҳбари билан музокарадан сўнг. 

Шу билан бирга, Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян, AFP журналистларига кўра, Шолц билан қўшма матбуот анжумани чоғида ўзини ҳарбий мавзудан ғайриоддий тарзда узоқлаштирган. «Биз вазиятни янада кескинлаштиришни истамаймиз», деди Ли ва «икки томонни тинчлик музокараларини бошлашга ундаш вақти келганини» таъкидлади. 

«Биз минтақавий барқарорликка путур етишини, халқаро ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларини беқарорлаштиришни истамаймиз», — дея қўшимча қилди хитойлик сиёсатчи. 

Хитой шу пайтгача Россияни Украинага бостириб киргани учун очиқ танқид қилишдан қочаётганди. Уруш бошланганидан бери Россия ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми сезиларли даражада ошди. Хусусан, Хитой Россия нефтини сотиб оляпти, Ғарб давлатлари эса бундан бош тортган. 

Ўз навбатида, Германия канцлери Олаф Шолц Хитой раҳбари Си Жинпинг билан музокаралар чоғида адолатли савдо алоқаларини ўрнатишга чақирди. 

Германия ва Хитой глобаллашув ҳамда у билан боғлиқ иқтисодий ўсишнинг афзалликларини бой бермасликдан манфаатдор, деди Германия ҳукумати раҳбари Пекинда. Шу билан бирга, Германия учун «тенг асосда иқтисодий муносабатларни» сақлаб қолиш муҳим», дея қўшимча қилди у. 

Гап ҳар икки томон ҳам инвестицион очиқликка бирдек амал қилиши лозимлиги ва эркин савдони амалга оширишга имкон бермайдиган қарамликлар юзага келмаслиги ҳақида кетяпти, деб тушунтирди Шолц. 

Пекинга сафари олдидан Германиядаги кўплаб мутахассислар экспортга йўналтирилган немис иқтисодиётининг Хитойга қарамлиги ортиб бораётганига ишора қилди ва бу вазиятни Украинада уруш бошланишидан олдин Россияга бўлган энергия қарамлиги билан таққослади. 

Хитой Давлат кенгаши бош вазири Лининг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати Германия билан ҳамкорликни кучайтирмоқчи. «Германия ва Хитой эркин ва адолатли савдо тарафдори. Биз барча томонлар учун фойдали бўлган ташқи очиқликка содиқлигимизни билдиришда давом этамиз», деб ваъда берди у. 

Олаф Шолц Хитой раҳбарияти билан музокараларда кўтарган бошқа мавзулар орасида Хитойдаги инсон ҳуқуқлари ва Тайван атрофидаги вазият бор эди. 

Шолц биринчи масала юзасидан «инсон ҳуқуқлари универсал характерга эга ва бу, хусусан, озчиликлар ҳуқуқларига тааллуқлидир», деб таъкидлади. 

Хитойнинг Тайванга бостириб кириши эҳтимоли ҳақидаги хавотирлар бўйича, Германия ҳукумати раҳбари Тайваннинг статус-квосини фақат тинч йўл билан, мулоқот орқали ўзгартириш мумкинлигини таъкидлади. 

Top