21:27 / 07.11.2022
9814

Тошкент шаҳри ярим йилда қанча фойда кўрди? – Энг кўп йиғилган солиқлар, пойтахт бюджети ва жарималар

Йилнинг биринчи ярмида пойтахт бюджети 13,8 трлн сўмни ташкил қилди. Энг кўп солиқ юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича йиғилган. Қарийб 180 млрд сўмлик жарималар тўланган. Жисмоний шахслар даромадидан тўлаган солиқлар ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга ўсган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2022 йил биринчи ярми бўйича бюджет сарҳисобини эълон қилди.

Маълум қилинишича, ярим йилликда Тошкент шаҳар давлат бюджети  13 трлн 819 млрд сўмни ташкил этиб, прогноздан ( 12 трлн 413 млрд сўм) 11 фоизга бажарилди.

Пойтахт бюджети бўйича муҳим рақамлар:

  • маҳаллий бюджетлар даромадлари 3 трлн 215 млрд сўмни ташкил этиб, Тошкент шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетлари белгиланган 2 трлн 803 млрд сўм прогноз 16 фоизга бажарилган, маҳаллий бюджетда прогноздан ташқари 412,5 млрд сўм қўшимча маблағ қолган;
  • республика бюджетига солиқ тушумлари бўйича белгиланган прогноздан ортиқча туширилган 907 млрд сўм маблағ Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказиб берилган;
  • Президентнинг 213-сонли фармонига асосан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган 35 млрд 637 млн сўм маблағ  Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетининг даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмига ўтказилгани натижасида 154 млрд 10 млн сўм Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетида шаклланган;
  • бюджетга ортиқча тўланган солиқлар миқдори ўтган йилга (76 млрд сўм) нисбатан 37 млрд сўмга ёки 51 фоизга қисқарган бўлса-да, (39 млрд сўм) юқорилигича қолган;
  • Шунингдек, солиқ тушумлари бўйича энг кўп солиқ мол-мулк солиғи ҳиссасига тўғри келди - 569 млрд сўм. Бу йўналишда кейинги ўринни ягона солиқ тўлови бўйича тушумлар эгаллади – 418 млрд сўм.

Сарҳисобда яна бир қизиқ рақам шуки, режага нисбатан энг юқори ўсиш жисмоний шахслар даромад солиғидан тушумлар ҳиссасига тўғри келади – прогнозга нисбатан 49,3 фоиз кўпроқ ёки 272 млрд сўмни ташкил қилди.

Шу билан бирга, режага нисбатан камроқ тушумлар якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи (3,4 фоиз) ва маҳаллий солиқлар ва йиғимлар (19,2 фоиз) ҳиссасига тўғри келди.  

Туманлар миқёсида энг кўп фойда Олмазор тумани ҳиссасига тўғри келди - 95 млрд сўм, кейинги ўринларда Юнусобод ва Яшнобод.

Top