10:54 / 11.11.2022
26994

«Имтиёзларга қурилган кошона». Hyatt Regency энди учдан бир нархига сотилди

Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасининг 100 фоизлик давлат улуши Abu Dhabi Uzbek Investment инвестициявий фонд томонидан 87 миллион АҚШ доллари эвазига сотиб олингани ижтимоий тармоқларда турлича қабул қилинмоқда.

Фонд томонидан тарқатилган пресс-релизда гарчи «тавсия этилган нарх юқори нарх диапазонида жойлашган бўлиб, аввал меҳмонхона мустақил тарзда баҳоланган нархдан сезиларли даражада баландроқ деб топилди», дея таъкидланаётган бўлса-да, меҳмонхона қурилиши 2016 йилда 205 миллион АҚШ долларига тушганди.

2016 йилда Тошкент шаҳрида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида «премиум» синфидаги халқаро Hyatt тармоғи меҳмонхонаси — Hyatt Regency Тashkent қуриб битказилгани маълум қилинган эди.

«Ушбу меҳмонхона 2013 йилда қурила бошлаганди. Лойиҳа қиймати тахминан 205 миллион доллар бўлиб, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 42 миллион долларлик, Халқ банкининг 100 миллиард сўмлик кредитлари ва Тошкент шаҳри маъмуриятининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди», дейилган эди расмий хабарларда.

2020 йил бошида президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда беш юлдузли Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасини хусусийлаштириш режалаштирилаётгани тилга олиб ўтилган эди.

«БАА иштирокида 1 миллиард долларлик капиталга эга «The Abu Dhabi Uzbek Fund» инвестиция фонди ташкил этилди. Бугунги кунга келиб ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан кичик ва ўрта лойиҳаларни, шунингдек, Самарқанд шаҳрида меҳмонхона қуриш, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси хусусийлаштирилишини молиялаштириш маъқулланди», дейилган эди хабарда.

Gazeta.uz ўшанда ҳукуматдаги ўз манбаларига таяниб, Hyatt Regency Tashkent учун 110 миллион АҚШ доллари жалб қилиш режалаштирилаётганини хабар берган эди.

Иқтисодчи-эксперт Отабек Бакиров Hyatt Regency меҳмонхонаси қурилиши қийматига оид иккита ҳукумат қарори lex.uz базасидан ўчириб юборилгани, бироқ унда қарор нусхалари борлигини маълум қилди.

Адлия вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳукуматнинг 279- ва 49 сонли қарорлари Lex.uz’да аввал эълон қилинмаган.

Аммо Norma.uz сайтида 279-сонли қарор сақланиб қолган. Матнда «Халқ банки» АТБ «Пойтахт қурилиш ва хизмат» ДУКка халқаро тоифадаги меҳмонхона қуриш учун 100 миллиард сўм миқдорида кредит ажратиши, кредит жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари ҳисобидан 7 йил муддатга, 1 йил имтиёзли давр билан, йиллик 9 фоиз ставка билан ажратилиши келтирилган.

«Эътиборлиси, қарорда Халқ банки берадиган кредит манбайи сифатида Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари кўрсатилган. Расмийлар меҳмонхона қурилишига пенсия тизими маблағлари ишлатилмаганини айтиб келишган», деб ёзади Бакиров.

Чиндан ҳам, Пенсия жамғармаси Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси пенсия пулига қурилгани ҳақида интернетда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдириб, «Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси пенсия олувчиларнинг пулига бунёд этилган»лиги кўрсатилган маълумот нотўғри келтирилган, дея баёнот берган эди.

«Шунингдек, қарорда меҳмонхона қурилиши учун ажратилган кредитлар меҳмонхона фаолиятидан тушган маблағлар ҳисобига сўндирилиши кўрсатилган. Лекин амалда меҳмонхона кредитлари бўйича мажбуриятлар бюджет ҳисобидан ёпилиб келинмоқда», – деб ёзади эксперт.

Аслида Hyatt Regency 205 миллион доллардан ҳам қимматроққа тушган

«Hyatt Regency меҳмонхонасининг қиймати қанчалиги бўйича баҳсларда унинг қурилишига сарфланган 205 миллион доллар келтирилмоқда ва кўпчилик шу рақамга асосий урғу бермоқда.

Афсуски, бу якуний рақам эмас. Чунки меҳмонхона қурилиши ва кейинги фойдаланувида берилган бож ва солиқ имтиёзлари қийматини ҳеч ким ҳисоблагани йўқ. Буям бир неча ўн миллион доллар бўлса керак.

Яна меҳмонхона кредитларининг сўндирилиши қиймати ҳам бор. Hyatt Regency кредитларини сўндириш учун 2020 йилда бюджетдан 66 млрд сўм, 2021 йилда 71,3 млрд сўм, 2022 йилда 69 млрд сўм ажратилган. Яъни охирги уч йилнинг ўзида бюджетдан жами 206,3 млрд сўм ёки 20 млн доллардан ортиқ бюджет пули меҳмонхона қарзларини ёпишга кетган. Ундан аввалги йилларда маълумотлар очиқланмаган», – деб ёзади О.Бакиров.

Лойиҳани амалга оширувчи компанияларга Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилги №279-сонли қарори билан солиқ ва божхона имтиёзлари берилган.

Қарорга мувофиқ, «Пойтахт қурилиш ва хизмат» ДУК, «Тошгипрогор» АЖ, [акциядорлари орасида қурилиш вазири Б.Зокировнинг қариндошлари бўлган] «Трест 12» АЖ ва уларнинг субпудратчилари меҳмонхона фойдаланишга топширилгунга қадар лойиҳалаштириш, қуриш даврида ҚҚС ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмалардан (бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратмалар учун тўловдан ташқари) ва кафолат муддати тугагунга қадар импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, қурилиш техникаси, қурилиш материаллари ва бутловчи буюмлар, мебел, оргтехника ва бошқа товарлар учун божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинган.

Шу билан бирга, қурилиш ишларида иштирок этадиган компаниялар кредит маблағларини тўлаш учун барча солиқларни тўлашдан озод қилинган. Хорижлик мутахассисларга виза харажатлари имтиёзлари ҳам бор.

Айни пайтда меҳмонхонани харид қилган Abu Dhabi Uzbek Investment томонидан тарқатилган расмий пресс-релизга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасининг 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича келишувга эришди. Танловда Abu Dhabi Uzbek Investment МЧЖ ҚК ғолиб деб топилган. Компания Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Абу-Даби тараққиёт жамғармаси томонидан Президентнинг 20.05.2019 йил ПФ-5722-сон фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Инвесторни танлашда таклиф этилажак энг яхши нарх, малака талабларига мувофиқлиги, минтақадаги тажриба, битимни ёпиш шартлари ҳисобга олинган. Маркетинг кампанияси ва хорижий ва маҳаллий инвесторларга сармоя тизерини тарқатиш натижасида Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасини харид қилиш бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигига Америка, Осиё, Европа ва Ўзбекистон компанияларидан 5 та ариза келиб тушган.

«Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасининг хусусийлаштирилиши Ўзбекистоннинг туризм соҳасига тўғридан тўғри сармоя киритиш соҳасидаги муҳим воқеадир. Уни бошқа кўплаб битимлардан ажратиб турадиган жиҳати шундаки, давлат улушини сотиб олиш кредитлар ёки бошқа жалб қилинган маблағлар ҳисобига эмас, балки фақат инвесторнинг ўз капитали ҳисобидан амалга оширилади.

«Тўлов олди-сотди шартномаси имзолангандан кейин битта тўловда амалга оширилади. Бундан ташқари, Abu Dhabi Uzbek Investment меҳмонхонага 12 млн АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш мажбуриятини олади. Abu Dhabi Uzbek Investment компанияси Ўзбекистонга узоқ муддатли истиқболда қарайди. Режаларимизда бир неча йил ичида Ўзбекистон иқтисодиётига 1 млрд АҚШ долларидан ортиқ маблағ жалб этиш бор», — деган Abu Dhabi Uzbek Investment бош директори Тимур Раҳмонов.

Томонлар ғолиб Hyatt International меҳмонхоналари халқаро тармоғи бошқаруви томонидан битим тасдиқланганидан сўнг олди-сотди шартномасини имзолайди.

Мавзуга оид
Top