16:51 / 14.11.2022
13510

Россия Беларусдан зенит-ракета комплекслари учун яна 20 та ракетани олиб чиқди

Фото: ТАСС

Россия Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Беларусдан С-300/400 зенит-ракета комплекслари (ЗРК) учун яна 20 та ракетани олиб чиқиб кетди. Бу ҳақда «Беларуски Гаюн» мониторинг гуруҳи Telegram-каналида хабар берди

Гуруҳ Беларусга Россия ҳарбий-космик кучларининг яна бир Ил-76 самолёти етиб келганини қайд этди - RF-76605 рўйхатга олиш рақами бўлган самолёт 13 ноябрь куни «Мачулищи» аэродромига қўнган. 

Аэродромда икки соатдан сал кўпроқ вақт давомида бўлгач, самолёт Ростов вилоятидаги «Миллерово» аэродромига учиб кетди, дейилади хабарда.

Гуруҳ маълумотларига кўра, сўнгги кунларда Россиядан Мачулишчига 8 та Ил-76 етиб келган, улар, эҳтимол, Беларусдан С-300/400 зенит-ракета комплекслари учун ракеталарни олиб чиқиб кетяпти. 

Бундан ташқари, 13 ноябрь куни соат 13:00 да Мачулишчи аэродроми йўналишида С-300/400 зенит-ракета комплекси учун тўртта ракета контейнери – 20 та ракета олиб кетаётган бешта трал (катта қопсимон тўр) пайқалган. 

«Шундай қилиб, биз Луҳанск ва Донецк йўналишидаги гуруҳларга ракеталарни кейинги етказиб бериш учун сўнгги кунларда Беларусдан Россия Федерациясига ракеталар олиб чиқиб кетилаётганини қўшимча равишда тасдиқладик», деб ёзади «Беларуски Гаюн». 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top