Жаҳон | 13:32 / 02.05.2024
5478
2 дақиқада ўқилади

JPMorgan’нинг Россиядаги активлари мусодара қилиниши мумкин

АҚШнинг энг йирик банки JPMorgan санкциялар туфайли музлатилган маблағларни қайтаришга уринаётган Россия банки ВТБ даъволари ҳақида маълум қилди.

Фото: REUTERS/Amr Alfiky

АҚШнинг энг йирик банки JPMorgan Chase Россиядаги активлари ВТБ билан келишмовчилик туфайли мусодара қилиниши мумкинлигини тахмин қилмоқда. 1 май, чоршанба куни молия институти маълумот беришича, Россиянинг Украинага ҳужуми муносабати билан АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари жорий қилинганидан сўнг банк Россия Федерациясидаги фаолияти билан боғлиқ бир қатор ҳуқуқий муаммоларга дуч келмоқда. 

Апрел ойида Россия суди чет элда блокланган активларини қоплашга уринаётган ВТБ даъвосидан сўнг Россия Федерациясидаги JPMorgan ҳисобларидаги маблағларни хатловга олишга қарор қилди. Россия банки JPMorgan Chase’дан АҚШ санкциялари туфайли Америка банк ҳисобларида музлатилган 439,5 миллион долларни қайтаришни талаб қилмоқда. 

Даъволар миқдори JPMorgan’нинг РФдаги активларидан ошади 

Шу билан бирга, активларни музлатиш тўғрисидаги даъволар ва топшириқлар миқдори JPMorgan’нинг Россиядаги мавжуд маблағларидан ошиб кетган, дея маълумот берди банк уларнинг ҳажмини кўрсатмаган ҳолда. Бу активларга банк ҳисобрақамларидаги маблағлар, кўчмас мулк ва офис жиҳозлари киради, деб ёзади Reuters. 

Бунга жавобан JPMorgan Chase Россия судларини шартномавий ҳуқуқ ва мажбуриятларга эътибор бермасликда айблади, шунингдек, АҚШ санкциялари туфайли тўловларни амалга ошира олмаслигига ишора қилди. Банкда таъкидланганидек, АҚШ қонунчилиги унга санкцияларга дучор бўлган компанияларга, жумладан ВТБга маблағ ажратишни тақиқлайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид