18:48 / 20.11.2022
15079

ЖЧ-2022 таништируви: асосий фаворитлар қаторида тилга олинмаётган Португалия

Португалия — таркиб салоҳияти бўйича Қатардаги мундиалда камида энг яхши уч жамоадан бири. Аммо мураббийнинг прагматик услуби ва ҳужумдаги иқтидорлардан унумли фойдалана олмаслиги жамоани чемпионликка асосий даъвогарлар қаторидан тушириб қўймоқда. Шунингдек, Роналдунинг интервьюсидан сўнг жамоага босим янада ошди.

Фото: Португалия

ФИФА рейтингидаги ўрни — 9

ЖЧ-2022 сари йўл — гуруҳда 8 ўйин, 5 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият, тўплар фарқи — 17:6; плей-оффда 2 ўйин, 2 ғалаба

Саралашдаги тўпурари — Криштиану Роналду (6)

Мундиаллардаги энг яхши натижаси — 3-ўрин (1966)

Гуруҳ босқичидаги рақиблари:

24 ноябр, 21:00. Португалия — Гана

28 ноябр, 23:59. Португалия — Уругвай

2 декабр, 20:00. Жанубий Корея — Португалия

ТАРКИБ

Фернанду Сантуш таркибга 26 футболчини киритди.

Дарвозабонлар: Диогу Кошта («Порту»), Жозе Са («Вулверҳэмптон»), Руй Патрисиу («Рома»);

Ҳимоячилар: Диогу Далот («Манчестер Юнайтед»), Жоау Канселу, Рубен Диаш (иккиси ҳам – «Манчестер Сити»), Данило Перейра, Нуну Мендеш (иккиси ҳам – «ПСЖ»), Пепе («Порту»), Антониу Силва («Бенфика»), Рафаэл Геррейру («Боруссия» Дортмунд);

Яримҳимоячилар: Жоау Пальинья («Фулҳэм»), Рубен Невеш, Матеуш Нуньеш (иккиси ҳам – «Вулверҳэмптон»), Бернарду Силва («Манчестер Сити»), Бруну Фернандеш («Манчестер Юнайтед»), Жоао Мариу («Бенфика»), Отавио Монтейро («Порту»), Витинья («ПСЖ»), Вильям Карвалью («Бетис»);

Ҳужумчилар: Андре Силва («РБ Лейпциг»), Криштиану Роналду («Манчестер Юнайтед»), Гонсалу Рамос («Бенфика»), Жоау Фелиш («Атлетико»), Рафаэл Леау («Милан»), Рикарду Орта («Брага»).

Фото: Португалия

«Ливерпул» вингери Диогу Жота жароҳати сабаб турнирга бора олмайди. Жоау Моутиньо («Вулверҳэмптон»), Марио Руй («Наполи»), Ренату Саншеш («ПСЖ»), Гонсалу Гедеш («Вулверҳэмптон») каби юлдузларга таркибдан жой топилмади.

Тахминий бошланғич таркиб: Кошта — Далот, Диаш, Данилу, Мендеш — Карвалью, Невеш — Фернандеш, Силва, Леау — Роналду.

МУРАББИЙ ВА УНИНГ УСЛУБИ

Фернанду Сантуш жамоа бош мураббийи ҳисобланади. Мураббийлик фаолияти давомида у фақат Португалия ва Грецияда ишлаган.

Португалия миллий жамоасига қадар мураббий Грецияни бошқарган. Фернанду юнонларни Евро–2012 ва ЖЧ–2014га олиб чиққан ва ҳар иккала турнирда ҳам жамоа плей-оффга йўл олган.

Фото: Reuters

Сантушнинг муваффақиятлари эътибордан четда қолмади – Португалия футбол федерацияси мураббийга мамлакат бош жамоасини бошқаришни таклиф қилди. Бу 2014 йил 23 сентябрда бўлганди. 2016 йили унинг бошчилигида Португалия ўз тарихида илк бор Европа чемпионига айланади.

2016 йилнинг 19 июлида Сантуш 2020 йилгача мўлжалланган янги шартнома имзолади. У 2016 йил охирида миллий жамоалар устозлари орасида йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди.

Сантушнинг мураббийликдаги ютуқлари ҳайратланарли:

  • Португалия чемпиони: 1998/99
  • Португалия кубоги соҳиби: 1999/00, 2000/01
  • Португалия чемпионати кумуш медали соҳиби: 1999/2000, 2000/01
  • Португалия Суперкубоги кумуш медали соҳиби: 2000 йил
  • Греция кубоги соҳиби: 2001/02
  • Греция чемпионати кумуш медали совриндори: 2001/02, 2005/06
  • Португалия чемпионати бронза медали совриндори: 2003/04
  • Греция кубоги кумуш медали соҳиби: 2005/06
  • Греция чемпионати бронза медали совриндори: 2004/05
  • Португалия чемпионати бронза медали совриндори: 2006/07
  • Греция чемпионати кумуш медали совриндори: 2008/09, 2009/10

Индивидуал ютуқлар:

  • Грецияда йилнинг энг яхши мураббийи (4): 2002, 2005, 2009, 2010
  • Грецияда ўн йилликнинг энг яхши мураббийи (2010)
  • Globe Soccer талқини бўйича дунёнинг энг яхши мураббийи (2016)

Португалия миллий жамоаси ўйин схемаси: 4-3-3 ёки 4-2-3-1.

Фото: Getty Images

Ўйин услуби: мустаҳкам ҳимоя ва қанотлардан кўп паслар.

Португалияликлар қанотлардан тўпни жарима майдончасига айлантириб узатишни яхши кўришади. Ҳимояда жамоа ишончли кўринади, катта куч билан ҳимояланади, аммо индивидуал ва позицион хатолар мавжуд.

ЕТАКЧИЛАР

Бруну Фернандеш — боғлам, ранг-баранглик.

Бруну нафақат «Манчестер Юнайтед»ни, балки Португалия миллий жамоасини ҳам тортиб юради.

У марказда ҳужумнинг ривожланиши учун тўлиқ жавобгар, шунингдек, қанотларга кесувчи паслар билан рақиб ҳимоясини очади.

Фернандешни бемалол миллий жамоадаги энг барқарор ўйинчи деб аташ мумкин – унинг буткул омадсиз ўйинлари йўқ.

Брунунинг асосий фазилатлари – ўйин интеллекти ва кутилмаган узатмалари. Мукаммал плеймейкер.

Фото: Getty Images

Криштиану Роналду — жаҳон футболидаги энг яхши тўпурар.

Роналдунинг жамоаси учун фойдали ёки фойдасизлиги ҳақида абадий баҳслашиш мумкин, аммо унинг ютуқларини инкор этиб бўлмайди.

«Гол» сўзи боғланган шахс. Ўтказилган ўйинлар (191) ва урилган голлар сони (117) бўйича ҳам миллий жамоалар рекордчиси.

Криштиану аллақачон 37 ёшда, лекин у бутсасини михга илмаслиги аниқ, айниқса, унда ҳали жаҳон чемпионлиги йўқлиги ҳисобга олинса.

Бернарду Силва — юқори техникага эга, шу билан бирга «меҳнаткаш чумоли».

Фото: Getty Images

Португалияда Роналду ҳимояланишда фаол қатнашмаслигини ҳисобга олсак, унинг ўрнига ҳам кўпроқ ортга қайтадиган футболчилар керак бўлади. Бу борада Бернарду – ёрқин намуна.

«Манчестер Сити» яримҳимоячиси ҳужумда ва прессингда фаол. Шу билан бирга ортга қайтиб, қора ишларни бажаришдан ҳам уялмайди.

Силванинг тўп билан муомаласи, техникаси ҳавас қиларли даражада. Унда Мессининг айрим ҳаракатлари ҳам кўринади. Бежиз Гвардиола уни жамоасига таклиф қилмаган, бежиз «Барселона» қизиқмаяпти.

КУЧЛИ ВА КУЧСИЗ ТОМОНЛАРИ

Кучли томонлари: ҳимоя, ижодкорлик, прагматизм.

Кучсиз томонлари: Роналду ва ҳужумдаги салоҳиятдан етарлича фойдаланмаслиги.

Фото: Getty Images

Ҳимояни ижобий томондан қайд этиш мумкин. Португалияликлар сўнгги 8 ўйинда атиги 4 гол ўтказиб юборишган. Португалия ҳимоячилари керак бўлса, бир-бирларини суғурталаб, биргаликда ҳаракат қилишади. Таянч яримҳимоячилари ҳам мудофаада қатнашиши натижасида ҳимоя таркиби 6 кишига етади. Қанотлар қарши ҳужумларда ва узатмаларда фойдали.

Португалияликларни креативлик бўйича бразилияликларга ўхшатишади, «пентакампеонлар»нинг нусхаси деб ҳам аташади. Таркибда ҳар доим иқтидорли футболчилар кўп бўлган. Айнан шу жиҳат уларга олдиндан айтиб бўлмайдиган тарзда ўйнашга имкон беради ва рақибни доимо ҳимояда бўлишга мажбур қилади. Бу — чинакам истеъдод, уни тарбиялаб бўлмайди.

Прагматизм — Португалиядек жамоа учун ғалати нарса. Одатда бундай жамоалар ҳис-туйғуларга бой футбол ўйнайди. Аммо португаллар немис прагматизми ва бразилияча карнавални уйғунлаштиришди. Баъзида Сантуш бу икки режимни алмаштириб юборадиганга ўхшайди. Бунинг энг ёрқин далили Евро–2016 бўлиб, унда қатъийлик ва ўз услубига содиқлик жамоага чемпионликни қўлга киритиш имконини берди.

Фото: Getty Images

Роналду – асосий муаммо. Албатта, Криштиануни ҳимоя қилувчилар кўп, аммо бу фикр шаклланганига анча бўлди. Криштиану гол уришни тўхтатгани учун жамоатчилик фикри жуда ўзгарди. Португалияга бундай Роналду нима учун кераклиги ҳақида гапира бошлашди – ҳимояланишда қатнашмайдиган футболчи, фойдаланилмаётган вазиятлар...

Португалияда Криштиануни Сантуш эмас, унинг ўзи ўзини миллий жамоага чақиради, деган фикр пайдо бўлди. Евро–2016 финалида ҳатто мураббий Роналдуга майдондаги шерикларига маслаҳат беришга рози бўлган. Ҳужумчининг миллий жамоани тарк этиши жамоага эркин нафас олиш имконини берадигандек туюлмоқда.

Фото: Getty Images

Португалияда ажойиб ҳужум салоҳияти бор. Уларнинг таркиби деярли ҳар қандай жамоа билан доминант футбол ўйнашга имкон беради, лекин Сантуш бошқа йўлни танлади. Ва у, албатта, ҳақ эди, чунки жамоа тарихдаги биринчи чемпионликни қўлга киритди. Аммо давр ўтди – ҳозир доминант футбол билан натижага эришилмоқда. Португалияликлар анча қизиқарли ўйнаши мумкин эди. Ҳар қандай жамоа бундай ижрочиларга ҳавас қилади. Нейтрал томошабин ҳужумкор Португалияни кўрмасдан кўп нарсани йўқотди.

«КАМРОҚ РОНАЛДУ, КЎПРОҚ ПОРТУГАЛИЯ»

37 ёшли ҳужумчи мундиал олдидан катта танқидий интервью бериб, «МЮ» учун эшикларни деярли ёпди. Натижада нафақат Роналдуда, жамоада ҳам босим ва интрига ошди. Криштиану айтганларига жавоб бериши, клубида асосий таркибдаги ўрнини йўқотгани хато эканини исботлаши керак. Ҳужумчи интервью орқали ўзига эътиборни қаратди. У доим диққат марказида бўлишни ёқтиради, аммо бу гал қайтиш осон бўлмайди.

Криштиану катта интервьюдан сўнг Португалияга қўшилди ва машғулотдан олинган сурат ва видеолар жамоанинг ички муҳити жойида эмаслиги ҳақида фикр уйғотди. Клубдошларидан Далот суратга хафароқ тушган, Фернандеш илиқ кўришмади, «Ман Сити» ҳимоячиси Канселуга эса Роналдунинг ҳазили ёқмади.

Португалия матбуотида эса ҳатто 5 карра «Олтин тўп» соҳибини мундиалга чақирмаслик сўралди. А Bola нашри «Камроқ Роналду, кўпроқ Португалия» сарлавҳали мақоласида қуйидагича ёзди:

«У сўнгги пайтларда кўп майдонга тушмаяпти – нафақат «МЮ»да, балки миллий жамоада ҳам. Миллатлар Лигасининг испанлар (0:1) билан ҳал қилувчи баҳсида 90 дақиқа ўйнаб, сўнг сардорлик боғичини майдонга улоқтирди. Ўтган йилнинг март ойидаги Сербияга (2:2) қарши баҳсда ҳам худди шундай қилганди. У истиқболли ёшлар ўрнини эгаллаб турибди. Рафаэл Леау, Нету, Жоау Фелиш ва бошқа кўплаб иқтидорли футболчилар ўз имкониятини кутишмоқда. Испанияга қарши ўйинда Роналду жуда ёмон ўйнади», деб ёзди нашр.

Сантуш жамоа сардорини эҳтимолий сўнгги мундиалидан мосуво қилишни хоҳламади. Балки, журъати етмади. Албатта, бундай бўлса, футбол тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бирига адолатсизлик ҳам бўларди. Зеро, Роналду сўнгги имкониятга лойиқ.

Фото: Getty Images

ПРОГНОЗ

Португалия фаворитлар қаторида ҳатто топ-10га ҳам кириб-кирмаяпти. Жамоани Қатарда муваффақиятсизлик кутаётган бўлиши мумкин. Уругвай ҳужумкор ўйин борасида португаллардан кучлироқ кўринади. Гана номинал аутсайдер бўлса-да, тезлиги ва жисмоний устунлиги туфайли Сантуш шогирдлари ишини анча мураккаблаштириши тайин. Португалиянинг собиқ устози Паулу Бенту бошқарадиган корейслар билан ўйин ҳам осон бўлмайди.

Португалия 1-ўрин билан плей-оффга чиқса, Сербия ёки Швейцария билан тўқнаш келиши мумкин – серблар португалларни саралашда ўтиш ўйинига раво қилганига кўп бўлмади. Чоракфиналда Сантуш жамоасига Бельгия ёки Германия, яримфиналда эса Дания, Франция ёки Англия рақиблик қилади, аммо бу босқичгача етиб келиш қийин.

Агар Роналду бошчилигидаги жамоа гуруҳда 2-ўринни олса, 1/8 финалдаёқ Бразилияга дуч келиб, ортга қайтиши эҳтимоли юқори.

Мавзу
Қатар-2022
20 ноябр куни Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланди.
Барчаси
Top