19:53 / 21.11.2022
8152

“Гидларга ҳақи тўлаб берилмоқда”. ШҲТ саммитида таржимонлик қилиб, ҳақини ололмаганлар ҳақидаги мақолага муносабат билдирилди

Kun.uz сайтида ШҲТ саммитида таржимонлик қилган гидларнинг хизмат ҳақи тўлаб берилмаётгани ҳақида эълон қилинган мақола бўйича Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Фото: KUN.UZ

Сентябрь ойида Самарқандда ўтган саммитга уч тоифа гидлар жалб этилган бўлиб, булар талабалар, Маданий мерос агентлигида фаолият олиб борувчи ходимлар ва мустақил гидлар.

Биринчи тоифада тадбирга Самарқанд давлат университети, Ипак йўли халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳамда Чет тиллар университети талабалари кўнгилли (волонтёр) сифатида жалб этилган.

Иккинчи тоифага кирувчи Маданий мерос агентлигида ишловчи гидларнинг фаолияти доирасидан ва ойлик иш ҳақи олишидан келиб чиқиб, уларга қўшимча тўловлар кўзда тутилмаган.

Учинчи тоифа – мустақил профессионал гидларга эса 500 минг сўмдан тўлов амалга оширилмоқда.

“Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, волонтёрлик фаолияти — жисмоний ёки юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади. Шу қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, волонтёрлик фаолиятининг асосий омиллари қонунийлик, инсонпарварлик, тенглик, ихтиёрийлик, беғаразлик принципларига асосланади.

Мустақил гидларга эса улар тақдим этган маълумотлар ҳамда уларнинг тўлиқлигига асосан хизмат пули тўлаб берилмоқда.

Тайёргарлик билан боғлиқ тегишли ҳужжатларга кўра, ШҲТ саммитида барча гидлар 3 кун давомида транспорт, овқатланиш ва махсус кийим (эркаклар – костюм-шим ва пойабзал, аёллар – тўлиқ уст-бош ва туфли) билан таъминланган.

21 ноябрь куни Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов томонидан Самарқанд давлат чет тиллар институтида тушунтириш ишлари олиб борилди. Унда талабалар давлат раҳбарлари иштирокидаги халқаро саммитда қатнашиш улар учун катта тажриба бўлгани, тадбирдан олдин уларга ташкилий жараёнлар билан боғлиқ барча зарур маълумотлар берилгани ва ҳеч қандай тўлов кутмаётганликларини билдиришган.

“Бугун мақолада келтирилган айрим деталларни аниқлаштириш учун саммит тадбирларида қатнашган Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчилари, магистрантлари ва талабалари билан учрашдик. Институт талабалари тегишли сертификатга эга бўлмай туриб, ушбу халқаро тадбирда қатнашиш ва ШҲТ мамлакатлари президентлари билан мулоқот қилиш ҳамда суратга тушиш бахтига муяссар бўлганликларининг ўзиёқ улар учун шараф экани ва бу тадбир талабалар учун муҳим амалиёт бўлганини таъкидлашди.

Қолаверса, халқаро тадбир муваффақиятли ўтганлиги ва унда СамДЧТИ жамоаси ва талабалари фаол иштирок этганлари учун уларга ташаккурномалар берилган”, - дейди Р.Қобилов.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Самарқанд давлат университети, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳамда Чет тиллар давлат университети талабаларининг аксарияти ўз ташаббуси билан ушбу саммитда иштирок этиш истагини билдирганликлари алоҳида таҳсинга сазовордир, дейилади муносабатда. 

Top