Ўзбекистон | 14:11 / 20.11.2022
14048
5 дақиқада ўқилади

Ҳақини ололмаётган гидлар: Самарқанддаги ШҲТ саммити таржимонларининг пули тўлаб берилмаяпти

Сентябрда ўтган ШҲТ саммитида таржимонлик қилган гидлар пули 2 ойдан бери тўлаб берилмаяпти.  Саммитдаги икки кунлик иш учун ўнлаб гидларга 100 доллардан ваъда қилингани айтилмоқда.

Фото: KUN.UZ

15-16 сентябр кунлари Самарқандда Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтганди. Унда 14 мамлакат раҳбарлари ва бир неча халқаро ташкилотлар иштирок этганди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, шу саммитда таржимонлик қилиш учун 60 нафарга яқин гидлар ёлланган. Улар ичида Самарқанд давлат чет тиллари институти талабалари, тур фирма вакиллари ва мустақил гидлар бўлган. Исмини сир сақлашни сўраган мустақил гидлардан бири Kun.uz билан суҳбатда саммит учун гидлар пул эвазига ёлланганини айтди.

«Саммитда Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов барча гидларга пуллари тўлаб берилишини айтганди. Агар ўшанда кўнгилли сифатида ёрдам қилинглар, дейишганда биз йўқ демасдик», – дейди у.

Таржимон саммитда қатнашган гидлар учун ҳукумат пул ажратган-у, бу гидларга берилмай келаётганидан хавотирда эканини яширмади.

«Агар гидлик қилганлар учун пул ажратилмаган бўлса, бизнинг эътирозимиз йўқ. Лекин пул ажратилган бўлса-ю, у кимнингдир чўнтагида қолиб кетаётган бўлса, бу ноҳақлик», – дейди у.

Теlegram ижтимоий тармоғида очилган Самарқанд гидлари гуруҳида ҳам саммитда қатнашган гидлар таржимонлик қилгани учун уларга хизмат ҳақи тўланмаганини ёзишган.

«Бошида тўғрисини айтганда, шароити борлар чиқарди. Бошқа ишларини қўйиб чиққанлар бор. Айниқса аёллар эрига пул берар экан, деб чиққан», – деб ёзади гуруҳ аъзоларидан бири.

Шунингдек, Telegram’даги Media24.uz каналида Самарқанд давлат чет тиллари университети талабасининг юқоридаги масала бўйича мурожаати ҳам эълон қилинган.

«Ассалому алайкум, мен Самарқанд давлат чет тиллари институти 3-курс талабасиман. Мен ва менинг курсдошларим сентябр ойида ўтказилган Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотида гид сифатида қатнашдик ва Маданий мерос агентлиги бизга кунига 50 доллардан беришини айтишди. Ҳамма тадбирлар ўтгандан сўнг биз пулни сўраб гуруҳда ёзганимизда гуруҳда ёзиш функциясини ўчириб қўйишди.

Бу адолатданми? Албатта йўқ, чунки ўша кунлари нақд пулли ишни ташлаб, шу ерда текинга ишлаганмиз. Агентлик шундай алдаб тургандан кейин бошқалардан нима кутса бўлади? Ўқишдан ҳам, келажак ҳақидаги қуруқ сафсаталардан ҳам қутулиш учун ўқишни ташлаб кетдим. Келажагимиз ёшлар қўлида дейилади-ю, аммо уларни ҳамма алдаса, бунга қандай қараш керак?» – дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган гидлар эътирозидан кейин Самарқанд гидлари гуруҳида ШҲТда қатнашган ва фақат гидлик сертификати борларнинг хизмат ҳақи тўлаб берилиши маълум қилинган.

Kun.uz’га мурожаат қилган талабаларнинг айтишича, саммитда Самарқанд давлат чет тиллар институтидан ҳам талабалар таржимонлик қилишган. Лекин рўйхатга талабалар киритилмаяпти.

«Бизга гидлик сертификатимиз йўқлиги сабаб хизмат ҳақи тўлаб бермасликларини айтишди. Талабани одам ўрнида кўришмаяпти», – деди мурожаатчи.

Ҳолатга аниқлик киритиш учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги таркибидаги Маданий мерос агентлигининг Самарқанд вилояти вакили Рустам Қобилов билан боғландик. Унинг айтишича, ШҲТда ким гидлик қилган бўлса, кимнинг меҳнати сингган бўлса, барчасининг рўйхати қилиняпти.

«Уларнинг рўйхати Туризм ва маданий мерос вазирлигига юборилган. Вазирлик ҳаммасини кўриб чиқяпти. Саммитда гидлик қилган барчанинг пули ноябр ойи охиригача тўлаб берилади», – деди у.

Агентлик вакили гидларга пул тўлаш масаласи нега шу пайтгача кечиктириб юборилгани сабабини билмаслигини айтди.

Тадбир Самарқандда ўтгани сабаб бу масала юзасидан қўшимча маълумот олиш мақсадида Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизматидан ҳам изоҳ сўралди. Ҳокимият вакили гидларга пул тўлаш масаласи ҳокимликка юклатилмаганини маълум қилди.

«Ҳар қандай тадбир ташкил қилинганда, ташкилий масалалар бўйича ҳам протокол ташкил қилинади. Протоколда, жумладан гидларни ёллаш масаласи ҳам киритилган бўлиши керак. Таржимонлар ва уларнинг пулини тўлаб бериш масаласи ҳам протоколда акс этган бўлиши керак», – деди у.

Бундан шундай хулоса қилиш мумкин: ё гидларга пул тўлаш масаласи протоколга киритилган, лекин ижрочи ташкилотлар пулни эгаларига ўз вақтида етказмаяпти, ёки вазирлик масаланинг айнан гидларни ёллаш қисмига юзаки қараган.

Мавзуга оид