12:27 / 24.11.2022
7792

Луврда «Ўзбекистон воҳалари мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси очилди

Лувр музейида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган "Ўзбекистон воҳалари мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида" номли мамлакат илк кўргазмаси очилди.

Фото: t.me/SShMirziyoyeva

Президент администрацияси Ижро этувчи аппарати Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёеванинг ёзишича, ғоя туғилганидан то уни рўёбга чиқаргунча орадан тўрт йил ўтган. 

“Мен барча ҳамкорларимиз, дўстларимиз ва ҳамкасбларимизга биргаликда амалга оширилган ажойиб иш учун миннатдорчилик билдираман! 

“Шарқ карвони”, худди минг йил аввалгидек, Европага етиб келиб, барчани ҳайратга солмоқда. Бу биз учун маданиятимизни жаҳон тарихига киритиш йўлидаги яна бир катта қадамдир”, деб ёзади Саида Мирзиёева.

23 ноябр куни Париждаги Лувр музейида энг узоқ кутилган "Ўзбекистон воҳалари мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида" кўргазмаси очилди.

“Ушбу ёрқин воқеага юртимиз тарихига муҳаббат билан бир неча йил астойдил тайёргарлик кўрилди!” - дейди Саида Мирзиёева.

Қайд этилишича, кўргазма Европа жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотмоқда. 

“Биз дунёга очиляпмиз, Ўзбекистон глобал маданиятга тобора сингиб, одамларга янада яқин ва тушунарли бўлмоқда”, деб ёзади Президент администрацияси Ижро этувчи аппарати Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири.

Кўргазма Буюк Ипак йўли тарихи ҳақида ҳикоя қилади ва икки минг йилдан ортиқ вақтни қамраб олади. Кўргазмадан 168 та музей экспонати, хусусан, Ўзбекистоннинг 13 та музейидан 137 та, шунингдек, дунёнинг етакчи музейларидан 31 та энг қимматли экспонатлар тақдим этилади, уларнинг аксарияти биринчи марта намойиш этилмоқда.

Кўргазма келгуси йилнинг 6 мартига қадар давом этади.

Top