11:17 / 29.11.2022
20390

Гап «уч томонлама газ иттифоқи» ҳақида бормоқда — Тўқаевнинг матбуот котиби аниқлик киритди

Қозоғистон президенти матбуот котиби Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин «уч томонлама газ иттифоқи» тузиш масаласини муҳокама қилганини айтди. Гап Россия газининг Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудуди орқали транспортировка қилинишини мувофиқлаштириш ҳақида борган.

Фото: АР/ТАСС

Қозоғистон президенти матбуот котиби Руслан Желдибай мамлакат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин ўртасидаги музокараларда қандай масала муҳокама қилинганига аниқлик киритди. Унинг сўзларига кўра, РФ президенти таклиф этган «қандайдир уч тарафлама иттифоқ» Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокидаги уч томонлама газ иттифоқи ҳисобланади.

Бу механизмдан мақсад — Россия газини ташишни мувофиқлаштириш ҳисобланади.

«Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин барча манфаатдор томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ушбу масалага оқилона ечим топиш учун уч давлат экспертлари иштирокида батафсил музокаралар олиб бориш зарур деб ҳисоблайди», — дея Руслан Желдибайнинг сўзларини келтирган Tengrinews.kz.

Бундан аввалроқ Қосим-Жўмарт Тўқаев Владимир Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «қандайдир уч томонлама иттифоқ» ташкил этиш ҳақида гапиргани ва Қозоғистон бу таклифни кўриб чиқишга тайёрлигини айтганди.

«Ҳа, қўшимча мувофиқлаштиришни ва ҳатто музокараларни талаб қиладиган масалалар бор. Хусусан, гап газ сектори ҳақида кетяпти. Лекин биз қандайдир масалани драмалаштирмаяпмиз. Мен Владимир Владимировичга шундай масалалар борлигини айтдим, улар муҳокама талаб қилади, лекин мутлақо драматизацияни эмас. Бу иш юзасидан бўладиган масалалар», — дея қайд этганди Қозоғистон президенти.

Top