08:52 / 13.12.2022
6302

Блинкен: АҚШ Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара бўйича келишувни олқишлайди

АҚШ маъмурияти Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарани белгилаш бўйича келишувни олқишлайди, шунингдек, Тошкент томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолайди. Бу ҳақда душанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Америка пойтахтида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашуви олдидан маълум қилди.

Фото: Getty Images

«Биз стратегик шериклик бўйича мулоқотни давом эттирмоқдамиз, бундан жуда мамнунман», деди Америка дипломатияси раҳбари. Унинг сўзларига кўра, мулоқот доирасидаги учрашув сешанба куни бўлиб ўтади. «Бу биз учун олдимизда турган кўплаб муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун яхши ва муҳим имконият бўлади. Мен ҳар доимгидек, АҚШнинг Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини алоҳида таъкидлайман», — деди Блинкен.

АҚШ давлат котиби «Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарани белгилаш бўйича келишувга эришганини» олқишлашини таъкидлади. 

«Менимча, бу минтақадаги ва ундан ташқаридаги кўпчилик учун дипломатиянинг бундай муаммоларни ҳал қилишда салоҳияти ва аҳамияти ҳақида муҳим сигнал беради», деди Блинкен. Америка ташқи сиёсат департаменти раҳбари Ўзбекистондаги «ислоҳотлар, жумладан, «диний эркинлик ва мажбурий меҳнат» билан боғлиқ ислоҳотларни таъкидлади. «Албатта, муҳокама қилишимиз керак бўлган нарсалар кўп. Хусусан, Афғонистон бўйича», - деди Блинкен.

Ўз навбатида, Норов Ўзбекистон «самарали мулоқотни давом эттириш», жумладан, «савдо, сармоя, фан-техника, таълим ва инсон салоҳияти тараққиёти соҳаларида икки томонлама муносабатларни кенгайтириш»ни кутаётганини таъкидлади.

2022 йил 12-14 декабрь кунлари ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Стратегик шериклик мулоқоти иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун АҚШда ташриф билан бўлади.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда АҚШ бошқа расмийлари билан музокаралар ўтказади.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Стратегик шериклик мулоқоти биринчи йиғилиши 2021 йил 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган эди. 

Маълумот учун, Ўзбекистон президенти 30 ноябр куни Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараси алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларни имзолади. Худди шундай қонунларни Қирғизистон тарафидан президент Садир Жапаров 29 ноябрда имзолади.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома 13 та моддадан иборат. Унда ўзбек-қирғиз давлат чегараси 35 та участкадаги умумий узунлиги 302,29 км бўлган чизиғи белгиланди.

Ўзбекистонга 4957 гектардаги Андижон сув омбори ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер майдони ўтказилади, Қирғизистонга эса компенсация тарзида 1019 гектар яйлов ерлари берилади.

Top