АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 14 май, сешанба куни Киевга ташрифи чоғида АҚШ янги ҳарбий ёрдамининг бир қисми аллақачон Украинага етиб боргани, бир қисми эса «йўлда» эканини маълум қилди. «Биз биламизки, бу Украина учун қийин давр ва Американинг ҳарбий ёрдами Россия билан давом этаётган қарама-қаршиликда Украина Қуролли кучларига жанг майдонида ёрдам бериши керак».
Блинкен таъкидлаганидек, Россия «Украинада вайрон қилган нарсаларни тиклаш учун» пул тўлаши керак. «Халқаро қонунлар буни талаб қилади ва Конгресс бизга Россиянинг АҚШдаги активларини мусодара қилиш ҳуқуқини берди, бундан фойдаланиш ниятидамиз», деди АҚШ давлат котиби.
Бундан ташқари, у яқинда Украинада сафарбарлик қоидаларини кучайтирувчи янги қонуннинг қабул қилинишини «қийин, аммо зарур қарор» деб атади. «Икки йилдан ортиқ мардлик билан чизиқни ушлаб турган ҳимоячилар ёрдамга муҳтож - улар дам олишлари керак», деди Энтони Блинкен.
Зеленский АҚШга ёрдам учун миннатдорчилик билдирди
Украина президенти Володимир Зеленский Блинкен билан музокаралар якунлари бўйича ўзининг Telegram-каналида пост эълон қилди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, улар икки давлат ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни муҳокама қилишган. «Хусусан, биз Харкив ва Харкив вилояти каби шаҳарларимиз ва ҳудудларимизни ҳимоя қилиш учун Украинага Patriot ҳаво мудофааси тизимлари ҳақида гаплашдик», деб ёзди Украина раҳбари. Унга кўра, Харкив вилояти учун иккита Patriot қурилмаси ҳудудни ҳимоя қилишда сезиларли даражада ёрдам бериши мумкин.
Бундан ташқари, томонлар глобал тинчлик саммитига тайёргарликни муҳокама қилишди, деди Украина давлати раҳбари. «Биз учун АҚШ ва президент Байденнинг иштирок этиши ва Америка қоидаларга асосланган дунё тартибини сақлашдаги роли заифлашмаслиги муҳим», — дея қўшимча қилди Зеленский.
У, шунингдек, Америка халқи ва АҚШ ҳукуматига украиналикларни озодлик ва мустақиллик учун курашда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
Россия Харкив вилоятида олдинга силжимоқда
Бир кун аввал Володимир Зеленский Украина Қуролли кучлари Россия қўшинлари ҳужумга ўтган Харкив вилоятининг чегара ҳудудларида мудофаани давом эттираётганини айтди. Маҳаллий ҳарбий маъмурият раҳбари Олег Синегубовга кўра, Харкивга қуруқликдаги операциядан ҳеч қандай хавф йўқ. Чегарадаги Вовчанск шаҳридан аҳоли эвакуация қилинмоқда. Россия Қуролли кучлари Украинанинг ушбу ҳудудини интенсив равишда ўққа тутмоқда, қурбонлар бор.
















