16:27 / 14.12.2022
8988

ОАВ Туркия ва Ҳонгконг орқали Россияга чипларни етказиб бериш схемаси ҳақида маълум қилди

Фото: AP

Россия Туркия, шунингдек, Ҳонгконг ва Эстония орқали санкцияларни четлаб ўтиб, қурол учун зарур бўлган Ғарб чипларини импорт қилишда давом этмоқда. Бу ҳақда Reuters ва Британиянинг RUSI институти маълум қилди

Reuters ва Британия Қироллик бирлашган мудофаа тадқиқот институти (RUSI) маълумотларига кўра, ракеталарни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ғарб микрочиплари Россияга санкцияларни четлаб ўтган ҳолда келишда давом этмоқда. 13 декабрь, сешанба куни чоп этилган қўшма текширувда журналистлар ва экспертлар Россия Ғарб компьютер компонентлари ва бошқа электроника буюмларини харид қилишда давом этаётган глобал таъминот занжирлари тўғрисида батафсил маълумот берди.

Улар Россияга Туркия, Ҳонгконг, Эстония ва бошқа савдо хаблари орқали яримўтказгичлар ва бошқа жиҳозлар партиялари кириб келган бир қанча номаълум бўлган экспортчиларни аниқладилар. 

Хусусан, суриштирувда гап Ғарб давлатлари Россияга қарши бир қатор кенг кўламли санкцияларни жорий этган ва бир ҳафтадан сўнг Россияга IT-маҳсулотларини фаол етказиб бера бошлаган, 2022 йил март ойида ташкил этилган Azu International компанияси ҳақида кетмоқда. Reuters агентлигининг Россия божхона маълумотларига таяниб таъкидлашича, компания ўзининг етти ойлик фаолияти давомида Россияга камида 20 миллион долларлик бутловчи қисмларни, жумладан, Америка компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган чипларни экспорт қилган. 

Ушбу маълумотларга кўра, Azu International ҳаммуассиси туркиялик тадбиркор Гўктурк Агваз бўлиб, у айни пайтда IT-маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи Smart Impes GmbH немис компаниясини бошқаради. Украинада кенг миқёсли уруш бошланишидан олдин немис фирмаси Москвадаги мижозга Ғарб маҳсулотларини етказиб берган, у яқинда - уруш бошланганидан кейин - Истанбулдаги Azu International орқали товарларни импорт қилган, дея таъкидлайди агентлик Россия божхонаси маълумотларига таяниб.

Бироқ, Reuters агентлиги хабарига кўра, Агваз октябр ойида Кёлн яқинидаги офисидан Smart Impex Европа Иттифоқининг савдо чекловлари туфайли Россияга экспорт қилишни тўхтатганини, аммо Туркияга маҳсулот етказиб бераётганини айтди. «Биз Россияга экспорт қила олмаймиз, фақат Туркияга сотамиз», деди у. Azu International компаниясининг Россияга сотувлари ҳақида сўралганда, у бу «тижорат сири» эканлигини айтди, деб ёзади агентлик. Журналистлар суриштирув эълон қилинишидан бироз олдин у билан яна боғланишди ва тадбиркор Smart Impex «барча экспорт чекловларига риоя қилишига» ва «Россияга қарши Ғарб санкцияларини четлаб ўтмаслигига» ишонтириб, бошқа компания - Azu International ҳақидаги саволларга жавоб беришдан бош тортди. Шу билан бирга, турк корпоратив маълумотларига кўра, Агваз ноябрь ойи охирида ушбу фирмадаги 50 фоиз улушини сотган.

«Azu International Ғарб экспорт чекловлари ва ишлаб чиқарувчилар тақиқларига қарамай, Россияга етказиб бериш каналлари очиқ қолаётганига мисолдир», деб ёзади агентлик. 

Мисли кўрилмаган санкцияларнинг етти ойи давомида - апрелдан октябрь ойи охиригача - Россия камида 2,6 миллиард долларлик электрон компонентларни олди, деб таъкидлайди Reuters Россия божхонаси маълумотларига таяниб. Шу билан бирга, камида 777 миллион долларлик маҳсулот Ғарб компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган, уларнинг микрочиплари рус қуролларида топилган, улар ёрдамида Россия Украинага ҳужум қилган. Бундай компаниялар орасида Intel Corp, AMD, Texas Instruments Inc, Analog Devices Inc, шунингдек, Германиянинг Infineon AG концерни бор, дейилади маълумотда. 

Top