10:36 / 15.05.2024
2890

Белгородда бинонинг бир қисми қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони ортди

Белгородда қулаган уй кириш қисми вайроналари остидан яна икки жасад топилди, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. Россия Мудофаа вазирлиги уйга уриб туширилган Украина ракетаси келиб урилганини даъво қилмоқда. Таҳлилчиларнинг айтишича, бу Россия авиабомбаси бўлиши мумкин.

Фото: РИА Новости

Белгородда 12 май куни тушдан кейин содир бўлган 10 қаватли турар жой биноси кириш қисмининг қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 кишига етди. Шчорса кўчасидаги вайроналар остидан яна икки кишининг жасади топилди — бу ҳақда 14 май, сешанба куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаши оқибатида жабрланганлар сони, аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилганидек, 27 кишини ташкил этади. 

Таҳлилчилар: Россия авиабомбаси уйга тушиб кетган бўлиши мумкин 

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, 12 май куни Белгородда кириш қисми қулаб тушган кўп қаватли уйга Украина «Точка-У» ракетаси парчаси тушган. Conflict Intelligence Team Белгородда кириш қисми қулаб тушган кўп қаватли уйга Украина ракетаси келиб урилгани ҳақидаги версияни эҳтимолдан узоқ деб ҳисоблайди. Таҳлилчилар фикрича, уйга Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси ёки авиабомбаси тушиб кетган. 

Суриштирувчилар Белгороддан олинган фото- ва видеоматериалларни таҳлил қилиб, уйга шимоли-шарқдан зарба бўлган деган хулосага келишди. Ҳужумнинг бу йўналишига, жумладан, бино деразалари шимоли-шарқий томондан сингани ва қарама-қарши томон, яъни Украинага қараган қисми бутун сақланиб қолгани далолат беради. «Украинанинг «Точка-У» ракетаси ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси таъсирида траекториясини уйнинг бу томонидан зарба берадиган тарзда ўзгартириши мумкинлиги ҳақидаги версия бизга эҳтимолдан йироқ туюляпти», деди CIT асосчиси. 

Россия Харкивга яқинлашмоқда 

Айни пайтда, Россия Федерацияси Белгород вилояти билан чегарадош Украинанинг Харкив вилоятида сўнгги кунларда Россия армияси янги ҳужуми давом этмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги бир нечта чегара қишлоқлари қўлга киритилгани ҳақида хабар берди, Украина Вовчанск шаҳри аҳолисини эвакуация қилмоқда. Харкив вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Синегубов Харкивга қуруқликдаги операциядан ҳеч қандай таҳдид йўқлигини айтди. Россия Қуролли кучлари минтақани жадал ўққа тутмоқда, қурбонлар бор. 

Американинг Politico нашрига кўра, Россия қўшинлари Харкив вилоятидаги ҳужуми уруш натижаси учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин бўлган ҳал қилувчи жангнинг бошланишидир. Ўртага нафақат Киевнинг Украина иккинчи йирик шаҳри устидан назоратини давом эттириши, балки Ғарбнинг Украинани Россиядан ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлашга бўлган қатъияти ҳам тикилган, деб ёзади куни газета. 

Top