16:25 / 19.12.2022
3402

Монреалдаги COP15 экологик саммитида тарихий қарор қабул қилинди

Дунёнинг 200 га яқин давлати 2030 йилга бориб турларнинг йўқ бўлиб кетишини тўхтатиш учун Ер юзасининг камида 30 фоизини махсус ҳимоя қилишни режалаштирмоқда, дейилади БМТнинг Монреалдаги конференцияси якуний декларациясида. 

Фото: Getty Images

Канаданинг Монреал шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг табиатни муҳофаза қилиш бўйича Бутунжаҳон конференциясида икки ҳафта давом этган музокаралардан сўнг табиатни муҳофаза қилиш бўйича тарихий келишув қабул қилинди. 18 декабрь, якшанба куни COP15 саммитига аъзо 200 га яқин давлат якуний резолюцияни, жумладан, 2030 йилгача сайёра юзасининг камида 30 фоизини махсус муҳофаза қилиш ҳақидаги қоидани қўллаб-қувватлади.  

Бундан ташқари, биохилма-хилликни муҳофаза қилишга кўпроқ маблағ ажратиш кўзда тутилган. Шу тариқа, бой давлатлар 2025 йилгача қашшоқ мамлакатларга тахминан 20 миллиард АҚШ доллари (18,8 миллиард евро) ажратиши керак бўлади. 

Конференция раиси Хитой ўша куни якуний декларация лойиҳасини тақдим этди ва кейинроқ Конго Демократик Республикасининг эътирозларига қарамай глобал келишув қабул қилинганлигини эълон қилди. Ушбу Африка давлати вакиллари ҳужжатни қўллаб-қувватлай олмаслигини билдирди. 

Германиянинг атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш, ядровий хавфсизлик ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Штеффи Лемке COP15 декларациясини «жасур» деб атади ва ҳайвонлар турларининг йўқ бўлиб кетишини тўхтатишга қаратилган. У «тўғри йўналишга ишора қилувчи жуда кўп фикрларни» ўз ичига олади, деди у. «Табиатни муҳофаза қилиш орқали биз ўзимизни ҳимоя қиламиз ва фарзандларимизга улар яшашни истаган муҳитни тақдим этамиз», деди Германия вазири Монреалда.

Германия «Яшиллар» партияси вакилининг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб, пестицидлардан фойдаланиш натижасида одамлар ва атроф-муҳитга таҳдидларни икки баравар камайтириш режалаштирилган. Шунингдек, йилига 500 миллиард доллар миқдорида атроф-муҳитга зарар етказувчи субсидияларни йўқ қилиш режалаштирилмоқда, дея қўшимча қилди Лемке. 

Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси (WWF) ҳам бу қарорни олқишлаб, у «кутилмаган истиқболли келишув лойиҳаси» эканини айтди. Экологлар ҳукуматлар, бизнес ва жамият томонидан зарурий ҳаракатларга олиб келиши керак бўлган «аниқ сигнал» ҳақида маълум қилди. Мутахассисларнинг тахмин қилишича, жорий асрнинг охирига бориб Ерда бир миллионгача тур йўқолиши мумкин. 

Табиат муаммолари бўйича 15-жаҳон саммити (COP15) 2020 йилда Хитойда бўлиб ўтиши керак эди, аммо пандемия туфайли қолдирилди ва иккига бўлинди. Учрашувларнинг биринчи қисми октябрь ойида Хитойнинг Кунминг шаҳрида, асосан, видео-конференц-алоқа орқали бўлиб ўтди. Конференциянинг иккинчи қисми 7 декабрь куни Монреалда очилди. 

Top