16:12 / 26.12.2022
21056

Фирибгарлик учун 6 марта судланган шахс 7-марта ҳам шу жиноятга қўл урди  

Турли ҳудудларда ўхшаш моддалар билан айбланиб, 6 маротаба турлича жазо тайинланган шахс энди Тошкент шаҳрида қора курсига ўтирди. Ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 10 минг доллар олган фирибгар бу сафар 4 йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди ва суд залидан озод этилди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди раиси Алишер Жалилов раислигида ўтказилган маҳкамада 60 ёшдан ошган Фарҳод Туробовга (исм-шариф ўзгартирилган) оид жиноят иши кўриб чиқилди. Қизиғи, жавобгарликка тортилган шахс шу пайтга қадар нақ 6 марта судланган ва ҳар хил жазоларга тортилган эди.

Хусусан, у 2010 йилдан 2018 йилгача Жиноят ишлари бўйича Муборак, Вобкент, Юнусобод, Яшнобод туманлари ҳамда Фарғона ва Самарқанд шаҳарлари судлари томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан айбли деб топилган. Унга иккита ҳолатда қарийб 15 млн сўмга яқин жарима жазоси, 2 та ҳолатда иш ҳақининг маълум бир қисмини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Туробовга икки бор имконият берилган: тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган, судланганлик ҳолати тугалланган.

Ана шундай “бой тарих ва тажрибага” эга бўлган шахс бу сафар навбатдаги ўлжани ҳам осонгина илинтирмоқчи бўлади: жиянини ўқишга киритиш ниятида юрган одамга Тошкент юридик университети ректори билан шахсан танишлигини, бундан ташқари Тошкент шаҳар ҳокими билан яқин муносабатда эканини, ректор ҳокимнинг илтимосини ерда қолдира олмаслигини айтиб, ўқишга киритиш эвазига 10 минг доллар сўрайди.

Пойтахтдаги кафелардан бирида келишилган пулни олаётган пайтида тезкор тадбир доирасида қўлга олинган Фарҳод Туробов шу тарзда 7-марта суднинг курсисига айбланувчи сифатида ўтирди.  

Суд ҳукмига кўра у Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда унга 8 млн 330 минг сўм жарима ва 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида унинг қамоқда сақланган ҳар бир куни базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмига тенглаштирилиб, тайинланган жарима жазоси қопланган деб ҳисобланди ва 4 йил озодликни чеклаш жазоси қолдирилди. Судланувчига нисбатан қўлланган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у озод қилинди.  

Суд енгилроқ жазо тайинлангани сабаби сифатида етказилган моддий зарарни қоплагани, пенсия ёшида экани, касаллиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги кўрсатилган.

Суд материали асосида Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top