Жамият | 08:38 / 09.05.2024
7196
2 дақиқада ўқилади

Истанбулда фирибгарлик ва одам савдосида айбланаётган ўзбекистонлик эркак ушланди

Ўзбекистон ва Туркия ИИВ ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор тадбир натижасида фирибгарлик ва одам савдоси жиноятини содир этишда айбланаётган шахс қўлга олинди.

Фото: Истанбулдаги бош консулхона

Жорий йилнинг 6 май куни Ўзбекистон ва Туркия ИИВ ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор тадбир натижасида фирибгарлик ва одам савдоси жиноятини содир этишда айбланаётган, 1979 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Озод Раҳимов Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида қўлга олинди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабарига кўра, у Самарқанд вилоятида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда, шунингдек Истанбул шаҳрида бўлган даврида 2022-2023 йиллар мобайнида бир қанча Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини Туркия-Испания-Никарагуа-Мексика йўналиши бўйлаб АҚШга юборишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан уларнинг ҳар биридан 10-15 минг АҚШ доллари олиб, ваъдасини бажармасдан, пулларни ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборганликда айбланмоқда.

Ушбу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган ватандошлардан бош консулхонага ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига хабар бериш сўралган.

Жиноий жавобгарликдан қочиб хорижий давлатларда, шу жумладан, Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади, дейилади бош консулхона хабарида.

Шу билан бирга, кейинги вақтларда АҚШ, Канада ёки Европа давлатларига бориш учун виза расмийлаштириб бериш важи билан фирибгарлик содир этиш ҳолатлари юзасидан бош консулхонага келаётган мурожаатлар сони ортгани инобатга олиниб, фуқаролар фирибгарларга алданиб қолишдан огоҳ бўлишга чақирилди.

Мавзуга оид