15:14 / 04.01.2023
13053

Янги вазир соғлиқни сақлаш тизимида 2023 йилни “Коррупцияга қарши кураш йили” деб эълон қилди

“Ишга жойлаштириш, айниқса ҳамшираларни, роддомлардаги “суюнчи пули”, “кесарча кесиш” учун белгиланган ставкалар, ордер беришдаги таниш-билишчилик каби иллатлар мавжудлигини ҳамма билади”, – деган яқинда тайинланган вазир Амрилло Иноятов соҳа вакиллари билан бўлган йиғилишда.

Амрилло Иноятов / Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

4 январ куни соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов соҳа вакиллари иштирокида Ҳайъат йиғилиши ўтказди. Унда соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцияга қарши курашиш ҳақида алоҳида тўхталган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Кўпчиликка маълум бўлган коррупция урчиган бир қатор йўналишлар борки, биринчи навбатда уларга барҳам беришимиз керак. Хусусан, ишга жойлаштириш, айниқса ҳамшираларни, роддомлардаги “суюнчи пули”, “кесарча кесиш” учун белгиланган ставкалар, ордер беришдаги таниш-билишчилик каби иллатлар мавжудлигини ҳамма билади. Афсуски, шу ишларни амалга ошираётган айрим нопок шахслар туфайли бутун тизим шаънига доғ тушмоқда”, – деган Иноятов.

У шунингдек, 2023 йилни тизимда “Коррупцияга қарши кураш йили” деб эълон қилиб, вазирликнинг махсус “Ишонч телефони” ташкил этилиши ва ишонч телефони сифатида ўзининг шахсий рақамини киритишини ҳам таъкидлаган.

Top