Ўзбекистон | 21:23 / 04.01.2024
74510
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири яна ўзгарди

Сўнгги бир йил давомида соғлиқни сақлаш вазирлигини бошқарган Амрилло Иноятов лавозимини тарк этган.

Президент Администрацияси ходими Асилбек Худаяровга соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажариб туриш вазифаси юклатилди.

Асилбек Худаяров. Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Kun.uz манбасига кўра, бу ҳақдаги қарор Бош вазир Абдулла Арипов иштирокида «танқидий руҳда» ўтказилган йиғилишда маълум қилинган.

ССВ матбуот хизмати бу ўзгариш юзасидан расман хабар берди.

«Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига кўра Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажариш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари Асилбек Анварович Худаяров зиммасига юклатилди», дейилади хабарида.

Асилбек Худаяров президент администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимини ҳам сақлаб қолади.

Асилбек Худаяров муқаддам соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. Кейинги йилларда президент администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси раҳбари сифатида ишлаган, 2023 йил октябрида Ўзбекистон президенти администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигини 2022 йил декабридан буён бошқариб келган Амрилло Иноятовнинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. У шу кунларда меҳнат таътилига чиққанди.

Амрилло Иноятов. Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Маълумот учун, соғлиқни сақлаш вазирлигида 2016 йилдан буён олтинчи бор раҳбар ўзгармоқда. Вазирликни 2012 йилдан бошқарган Анвар Алимов 2016 йил декабрида ишдан кетган, унинг ўрнига қайтарилган Адҳам Икромов (у 2009 йил апрелидан 2012 йил августига қадар ҳам вазир бўлган) бир неча ой ишлаган, 2017 йил февралида Алишер Шодмонов вазирликнинг янги раҳбарига айланганди.

Тизим коронавирус пандемияси даврининг асосий қисмини Шодмонов билан ўтказади, аммо у 2020 йил ноябр ойида ишдан олинади, унинг ўрнига эса Абдуҳаким Ҳожибоев тайинланади. Ҳожибоев лавозимда бир йил ишлайди ва 2021 йил ноябрида ўз ўрнини Беҳзод Мусаевга бўшатиб беради. 2022 йил охиридаги маъмурий ислоҳотлар доирасида Мусаев камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига ўтказилади, ССВда вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Амрилло Иноятов эса унинг ўрнини эгаллаганди.

Мавзуга оид