19:28 / 21.01.2023
12544

Покистон диний шаккоклик билан боғлиқ қонунларни кучайтирди

Исломни ёки унинг асосчисини ҳақорат қилиш Покистонда азалдан оғир жиноят ҳисобланади, аммо энди Муҳаммад пайғамбарга алоқадор одамларни ҳақорат қилганлар ҳам қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Фото: Reuters

Покистон қонунларига кўра, Исломни ёки Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилганлар ўлим жазосига маҳкум этилиши мумкин. Бироқ, энди пайғамбарга алоқадор одамларни ҳақорат қилиш ҳам жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.

Муҳаммад пайғамбарнинг рафиқалари, саҳобалари ёки яқин қариндошларини ҳақорат қилганликда айбланган шахслар энди 10 йилдан умрбод қамоқ жазосигача маҳкум этилиши, шунингдек, 1 миллион рупий (тахминан 4500 доллар) миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Шунингдек, диний шаккокликда айбланган шахслар гаров эвазига озод этилмайди.

«Бу авлиё шахсларга ҳурматсизлик қилганлик учун жазо деярли нолга тенг эди», деди диний сиёсий партия аъзоси, қонунчи, қонун лойиҳаси муаллифи Абдул Акбар Читралий янги қонунга изоҳ берар экан.

Спикер ўринбосари Зоҳид Акрам Дурроний қонунни «тарихий» деб атади ва уни қабул қилганларни диний бурчни бажарганлиги билан табриклади.

Аммо, ҳуқуқ ҳимоячилари диний шаккоклик қонунларининг кучайтирилишидан ташвишга тушишди.

«Янги қонунчилик жуда ташвишли», деди Саруп Ижоз, Human Rights Watch ташкилотининг Осиё бўйича юридик маслаҳатчиси. Унинг сўзларига кўра, шаккокликда айбланганлар ўзбошимча суд қилиниши, қийноққа солиниши ёки ғазабланган оломон томонидан ўлдирилиши мумкин. Баъзи ҳолларда айбловлар шахсий низолар ёки ер учун низолар оқибатида келиб чиқмоқда.

Top