00:17 / 21.01.2023
22052

Қозоғистонда Путинни қўллаб-қувватлашини айтган депутат ўз мандатидан маҳрум қилинди

Депутат Азамат Абилдаев «Ак Жол» партияси аъзолигидан ҳам четлатилди.

Фото: parlam.kz

Қозоғистон Мажлиси (парламентнинг қуйи палатаси) депутати Азамат Абилдаев Украина бўйича россияпараст позицияси туфайли мандатдан маҳрум этилди. Бу ҳақдаги қарор республика Марказий сайлов комиссияси (МСК) сайтида эълон қилинди. Аввалроқ Абилдаев «Ак Жол» демократик партиясидан чиқариб юборилган эди.

18 январ куни Азамат Абилдаев «Азаттиқ» радиосига берган интервюсида Россия президенти Владимир Путинни қўллаб-қувватлашини айтди. Унинг таъкидлашича, Украинани «нацистлар» бошқармоқда. Тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ҳақида эса «қуролли можароларда бундан сақланиш иложсиз» деди.

«Ак Жол» партияси Миллий Кенгаши Пленуми депутатнинг сўзларини ўрганиб чиқиб, улар партиявий ва депутатлик одоб-ахлоқ қоидаларига зид, деган қарорга келди. 

«Ак Жол» партияси ҳар доим Қозоғистоннинг ва бошқа дўстона мамлакатларнинг мустақиллиги ва ҳудудий дахлсизлигини ҳурмат қилади», дейилади бу ҳақдаги баёнотда.

Азамат Абилдаев партия аъзолигидан чиқарилганидан сўнг, партия қароридан рози эканини ва унга сайловдан олдин панд бермоқчи эмаслигини айтди. 

«Уларнинг қарорига қўшиламан. Ҳеч кимдан хафа эмасман. Бир нарсани тушуниб олишимиз керак: «миллий ватанпарварлар», «миллат» деб гапиряпмиз, фақат Украинага ўхшаб қолмаслигимиз керак», деди Абилдаев.

«Ак Жол» партияси 2002 йилда ташкил қилинган бўлиб, 2021 йилги парламент сайловида 10,95 фоиз овоз тўплаган. Ўтган йилги президент сайловида «Ак Жол»дан президентликка номзод Дания Еспаева 5 фоиздан сал кўпроқ овоз тўплаган эди.

Top