16:13 / 23.01.2023
13360

“Бу нормал ҳолат” — Статистика агентлиги газ экспорти бўйича рақамлардаги тафовутга изоҳ берди

Исталган икки ёки ундан ортиқ мамлакатнинг ташқи савдо бўйича статистикаси солиштирилганда муайян миқдор ва ҳажмдаги тафовутлар кузатилади, дея маълум қилди Статистика агентлиги.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги газ экспорти бўйича юзага келаётган саволлар юзасидан изоҳ берди.

Ўзбекистон расмийлари декабр ойида хорижга газ экспорти тўхтатилганини айтган, бу расмий статистикада ҳам ўз аксини топган эди. Бироқ куни кеча Хитой божхона бош бошқармаси эълон қилган рақамлардан мамлакат декабр ойида Ўзбекистондан 40 млн долларлик табиий газ импорт қилгани кўринади.

Статистика агентлигининг изоҳлашича, бутунжаҳон ташқи савдо статистикаси мамлакатлар томонидан умумэътироф этилган стандартлар ва тавсияларга (божхона юк декларацияларини расмийлаштириш, ҳисобини юритиш ва ҳ.к.) таянган ҳолда юритилади.

Мамлакатларнинг ички тартиб-тамойилларининг бир-биридан фарқ қилиши боис исталган икки ёки ундан ортиқ мамлакатнинг ташқи савдо бўйича статистикаси солиштирилганда муайян миқдор ва ҳажмдаги тафовутлар кузатилади.

Бу ҳолатни ташқи савдо статистикаси бўйича халқаро даражада умумқабул қилинган асосий ахборот манбаи – БМТнинг Comtrade веб-сайтидан фойдаланиб, исталган давлатлар солиштирувида кўриш мумкин.

“Бу нормал, табиий ҳолат ҳисобланади. Яъни юритиладиган ташқи савдо ҳисоби тизимидаги фарқланишлар, товарлар божхона қийматининг баҳолаш хусусиятларидаги фарқланишлар (аниқроғи божхона чегарасини кесиб ўтиши пайтида базис нархига келтирилган шартномадаги товарлар қиймати), экспорт-импортда турдош маҳсулотларни “Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси” кодларини белгилашда ёндашувдаги фарқлар, товарларни ҳисобга олиш вақтидаги фарқлар ва бошқа омиллар бунга сабаб бўлади.

Шундан келиб чиқиб, мисол учун, бир давлатда календар белги бўйича, масалан, ноябр ойида шартли 10 кг маҳсулот бошқа бир давлатга божхона чегара постидан чиқиб, ҳисобга олинган бўлса, қабул қилиб олаётган давлат бу статистикани декабр ойида кўрсатиши мумкин ва ҳ.к.

Демак, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги тафовут каби ҳолатлар Ўзбекистон билан Қирғиз Республикаси ўртасида, Ўзбекистон билан Полша ўртасида ёҳуд Қозоғистон билан Хитой ўртасида, АҚШ билан Канада ўртасида исталган товар бўйича, қўйингки, қайси бир давлатни бошқа бир мамлакат билан солиштириб кўрманг, бу каби ҳолатлар кузатилади ва бу юқорида эътироф этилганидек, юзага келиши мумкин бўлган табиий омил ҳисобланади”, – дейилади агентлик тушунтиришида.

Статистика органи статистик маълумотлардан фойдаланувчиларга бу каби тафовутларни ортиқча шов-шувга айлантирмасдан, ўз мамлакатининг расмий статистикасига таянишни таклиф этган.

Kun.uz БМТнинг Comtrade портали орқали айрим статистик маълумотларни таққослади ва ҳақиқатан ҳам экспорт-импортга оид рақамлар мамлакатлар ўртасида фарқланишига гувоҳ бўлди.

Манба: comtradeplus.un.org / Kun.uz
Манба: comtradeplus.un.org / Kun.uz
Top