16:52 / 26.01.2023
11380

«Газ транспорт тизимини бошқарувга бериш деган гап йўқ» — Энергетика вазири «Газпром» билан имзоланган «йўл харитаси» ҳақида

Фото: Gazeta.uz

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия билан газ импорти масаласида тузилган йўл харитаси бўйича изоҳ берди. 

«Бу Россиядан табиий газни импорт қилиш бўйича чора-тадбирларни кўзда тутувчи йўл харитаси ҳисобланади. Яъни техник шартларни ўрганамиз, кейин техник имкониятлардан келиб чиқиб, тижорий нархлар бўйича келишсак, Россиядан газ импорт қилиш кўзда тутилади. 

Газ қувурга киргандан кейин ҳамма истеъмолчиларга — аҳолига ҳам, барча ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳам тарқатамиз. Кеча журналистларга тушунтириш бердик, асосий мазмунини ҳам кўрсатдик, у ерда умуман газ транспорт тизимини хусусийлаштириш ёки бошқарувга бериш деган гап йўқ. 

Аввал ҳам, масалан, Туркманистондан Хитойга кетадиган газни айтганман, Ўзбекистон, Туркманистон, Хитой, Қозоғистон ҳудудида координацион қўмита бор, техник имкониятларнинг ҳаммасини биргаликда ўрганиб чиқади», деди вазир Бишкекда уни саволга тутган журналистларга.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон энергетика вазирлиги ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасида 24 январ куни ўзаро ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланганди. Ҳужжат имзоланганидан кейин ўтган қарийб бир сутка вақт ичида Ўзбекистон томони бу борада бирорта ҳам изоҳ бермагани жамоатчиликда жиддий хавотирларни юзага келтирди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг газ транспорт тизими «Газпром»га ишончли бошқарувга бериб юборилиши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлди.

Top