Эронга ҳужум: АҚШ ва «яна бир давлат» гумонланмоқда
Ғарбдагилар ҳисоблашича, бу Эрон ва Исроилнинг «соядаги уруши»нинг бир қисмидир. Араб нашрлари эса ҳужумга АҚШ ва «яна бир мамлакат» алоқадорлигини айтмоқда.
29 январга ўтар кечаси Эроннинг Исфаҳон шаҳрида мамлакат мудофаа вазирлигига тегишли заводга учувчисиз қурилмалар ёрдамида ҳужум қилинди.
Эрон мудофаа вазирлиги «ўз ҳарбий ишлаб чиқариш комплексига мини-дронлар ёрдамида муваффавиятсиз ҳужум уюштирилгани», битта қурилма ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилиб, бошқалари «мудофаа тузоғига тушгани»ни маълум қилди. Эрон мудофаа вазирлиги уриб туширилган ва тузоққа тушган дронлар кимга тегишли эканига ойдинлик киритмаган. Вазирлик маълумотига кўра, зарба оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган ва жабрланмаган, фақат битта омборнинг томи зарар кўрган.
Исроилдагилар қувонишмоқда
Араб нашрлари бу зарба Исроил томонидан амалга оширилгани ҳақида ёзганди. Бу факт исботлангани йўқ, аммо Исроилда бўлиб ўтган воқеадан хурсанд бўлишаётгани бор гап. Исроилнинг The Jerusalem Post нашри Ғарб разведка ташкилотларидаги манбаларига таяниб ёзишича, Исфаҳондаги дронлар ҳужуми «ўта муваффақиятли чиққан» ва Эрон томони айтганидек фақат омборнинг томи зарар кўрмаган. Аммо Исроил нашри ҳам дронлар ҳужуми ортидан қайси давлат турганини ёзмаган.
Shahed заводи ўша шаҳарда
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ўқ-дори ишлаб чиқариладиган заводга дронлар ҳужуми амалга оширилган. Эрон мудофаа вазирлиги бу заводда айнан нима ишлаб чиқарилганига аниқлик киритмаган, аммо Британиянинг Мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) Исфаҳонга яқин жойда Shahed Aviation Industries ишлаб чиқариш корхонаси борлигини маълум қилган. Завод Эроннинг Shahed 131/136 камикадзе-дронларини ишлаб чиқаришга алоқадор. Бу дронлардан Россия Украинага қарши урушда фаол фойдаланиб келмоқда.
Эрон телеканалларига кўра, мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жанговар шайлик ҳолатига келтирилган.
Бошқа жойларда ҳам портлашлар кузатилди
Якшанбага ўтар кечаси фақат Исфаҳондаги ҳарбий заводда эмас, бошқа ҳудудларда ҳам портлашлар кузатилган. Iran International ва BBC нашрлари ўз манбаларига таяниб ёзишича, Теҳрон, Дизфул ва Ришт шаҳарларида ҳам портлашлар қайд этилган. Шунингдек, Ҳамадон авиабазасида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога сиреналари чалинган.
Tasnim агентлиги Эроннинг Шарқий Озарбойжон вилоятида жойлашган Шаҳид-Салими шаҳридаги мотор мойини қайта ишлаш заводида ҳам ёнғин бўлгани ҳақида ёзди. Бу шаҳар Ғарбий Озарбойжон вилояти билан чегарадош. Кеча бу ерда 5,9 балли зилзила содир бўлиб, 3 киши ҳалок бўлган, 800 дан ортиқ киши жабрланганди.
Маҳаллий ҳукуматга кўра, ёнғин баъзи нефт маҳсулотлари иссиқ сабаб ёниб кетиши оқибатида бошланган. Ёнғин оқибатида ўт ўчириш машиналаридан бири ёниб кетгани маълум. Портлаш расман тасдиқланган бўлса-да, Эрон расмий ахборот агентлиги бўлмиш IRNA Исфаҳондагидан ташқари портлашлар «Исроил томонидан медиа уруши доирасида қасддан тарқатилгани»ни иддао қилган.
Исроилми ёки АҚШ?
Эрондаги дронлар ҳужуми содир этилгач, тезда бу ишни Исроил қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Чунки Эрон асосий душмани деб биладиган давлат айнан Исроилдир. Al-Arabiya нашри ҳужумда Исроилнинг қўли борлиги ҳақида хабар берди.
ОАВда Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг Эрондаги портлашдан 3 соат олдин берган баёнотларига эътибор қаратишди. Унда Исроил бош вазирлигига қайтган Нетаняҳу мамлакат шанба куни кечқурун терроризмга қарши кескин ҳаракат бошлашини маълум қилган, бунга сабаб сифатида Исроил босиб олган Қуддусдаги ҳужумлар келтирилганди.
Қуддусда бир кунда икки марта отишма содир бўлиб, 21 ёшли фаластинлик синагогдан чиқаётган 7 кишини ўлдирган, 13 ёшли ўспирин эса икки йўловчини жароҳатлаган.
АҚШнинг The New York Times нашри эътибор қаратишича, Эрон Инқилоб муҳофизлари корпусига алоқадор Telegram-каналлар Исфаҳондаги ҳужумда Исроилни айблаб чиққан ва каналларда «Эрон жавоб беради» деб ёзилган. Ғарб нашрларида ҳам бу портлашлар Исроил ва Эрон ўртасидаги душманлик сабаб содир бўлгани ҳақида ёзаётганлар бор.
Хусусан, The Wall Street Journal Эронга ҳужумлар Исроил дронлари орқали амалга оширилганини хабар қилди.
«Яна бир давлат»
Al-Arabiya америкалик манбаларига асосланиб ёзишича, ҳужумда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари ва «яна бир давлат» иштирок этган. Манбага кўра, ҳужумдан мақсад Эрон баллистик ракета омборига зарба бериш бўлган. Al-Hadath нашрининг америкалик манбалари эса бу ҳужумда Исроил умуман қатнашмагани ва ҳужумдан мақсад Эрон ҳамда Россияга «баллистик ракета ишлаб чиқарувчи завод қуриш мумкин эмаслиги» ҳақида сигнал бериш бўлганини айтган.
АҚШ ва Исроил бу ҳужум борасида расмий муносабат билдиргани йўқ.
Эрондаги портлашларга Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ўз твиттерида муносабат билдирди.
«Уруш мантиғи бераҳм ва ҳалокатлидир. Ва у уруш ижодкорлари ва уларнинг шериклари билан қаттиқ ҳисоб-китоб қилади», дея ёзган Подоляк.
Россия куздан буён Эрон дронлари орқали Украина ҳудудларига зарбалар бермоқда, АҚШ Россиянинг Эрон билан ҳарбий ҳамкорлигини глобал таҳдид деб атаган.
«Россияда ваҳима: адоқсиз сафарбарлик, Москвада ракетага қарши мудофаа тизимлари, 1000 км масофадаги окоплар, бомбапанагоҳлар тайёрлаш. Эронда портлашлар туни: дрон ва ракета ишлаб чиқариш, нефтни қайта ишлаш заводларида. Ахир Украина огоҳлантирганди», дейилган Украина ҳукумати вакили хабарида.
Мавзуга оид
07:31
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
21:41 / 26.11.2024
Нетаняҳуни қамаш буюрилди. Бу Исроилга қурол етказилишига тўсиқ бўла оладими?
14:17 / 26.11.2024
Бахтиёр Саидов яҳудий раввиннинг ўлими муносабати билан Исроил элчисига ҳамдардлик билдирди
19:34 / 25.11.2024