17:58 / 29.01.2023
60965

“Мактабни битирар-битирмас узатиб юборишди, қўлимда на ҳунарим, на дипломим бор” — беш гўдаги билан эридан бева қолган аёл ҳикояси

“18 ёшимда, мактабни битирар-битирмас узатиб юборишди. Қўлимда на ҳунарим, на дипломим бор. Фақат уй ишлари, пишир-куйдирни билардим холос.

Бешинчи фарзандимга ҳомиладорлигимда турмуш ўртоғим оламдан ўтди... Бағримда беш бола. Каттаси 2-синф, қолганлари ҳали кичкина. Қўлимда на дипломим на ҳунарим бор”.

Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, дейишади. Ҳаётда шундай инсонлар борки, ушбу гапни ўзлари учун шиор қилиб олишган. Эҳтиёжманд одамларга беминнат ёрдам беришади.

Ҳатто ёрдам олаётган инсон ҳам унинг эҳсон эканини билмайди. Бу галги ҳаётий ҳикоямиз ҳам худди шундай саховатпеша инсон ҳақида.

“18 ёшимда, мактабни битирар-битирмас узатиб юборишди. Қўлимда на ҳунарим на дипломим бор. Фақат уй ишлари, пишир-куйдирни билардим холос.

Тўйимиз 1990 йил кеч кузда бўлиб ўтди. Турмуш ўртоғим ёлғиз фарзанд эди, ота-оналари 15 йил фарзанд кутиб, тилаб-тилаб олган ўғиллари. Тўйдан кейин турмуш ўртоғим 2-3 та ўртоқлари билан бизнес қиламан деб Москвага қатнай бошладилар.

Мен уйда, қайнона-қайнотам билан қолдим. Менга муносабатлари яхши эди, ҳеч ким хафа қилмасди. Кўнглимга қарашарди. Тезроқ фарзанд кўришимни жудаям хоҳлашарди.

Турмуш ўртоғим ҳам, мен ёлғизман, шунинг учун болаларимиз кўп бўлишини хоҳлайман, камида бешта бўлсин, уйимиз болага тўлиши керак, дердилар. Бирин-кетин фарзандларимиз туғилди, турмушимга етти йил бўлганда тўрт нафар кетма-кет туғилган 3 қиз бир ўғилнинг онаси эдим.

1999 йил. Бешинчи фарзандимга ҳомиладор вақтимда дадаси яна бизнес учун Москвага кетгандилар. Ҳар сафар бир ой қолиб кетардилар. Бу гал эса 15 кунда келдилар. Аниқроғи жасадларини олиб келишди...

Кечаси рулга ўтириб, ухлаб қолганлар, машина катта юк машинасининг тагига кириб кетган. Ўша кунларни яхши эслолмайман, додлайверганимдан тинчлантирувчи укол қилиб ухлатиб қўяверишган. Вақтидан аввал туғиб қўяди деб жанозадан кейин туғуруқхонага ётқизишди.

Ҳечам яшагим келмасди, ҳаётим мазмуни йўқолди, энди менам ўлсам бўлади, боламам туғилмасаям майли, деган шаккок фикрларгаям борардим. Лекин кўнглимнинг бир четида 4 та қоракўзим ҳам отасиз, ҳам онасиз қоладими, деган фикр тинчлик бермасди.

Йиғлайверганимдан кўзимда ёш қолмасди, мажбурлаб овқат едиришарди. Хуллас, бешинчи фарзандим, ўғлим, дадасидан ёдгорим туғилди. Бир ўзим боламни бағримга босиб туғуруқхонадан чиқдим. Чол-кампир чўкиб қолишган, икковлашиб пана-панада йиғлашади.

Бағримда беш бола. Каттаси 2-синф, қолганлари ҳали кичкина. Қўлимда на дипломим на ҳунарим бор. Ота-онам ёрдам бериб туришди, лекин улар ҳам кекса пенсияга қараган одамлар эди.

Қийинчиликлар бошланди, қайнона-қайнотамнинг нафақаси ўзларининг дори-дармонидан ортмайди, бу ёқда болаларим ейман, ичаман дейди. Кечаси билан йиғлаб чиқаман, бу болаларимни қандай боқаман, ўқитаман, уйли-жойли қиламан, деб.

Жанозадан 3 ой ўтиб, эримнинг дўстларидан бири меҳмонга келди. Бир машина рўзғор қилиб. Чол-кампир, мен кутиб олдик, раҳматли турмуш ўртоғимни эсладик. Ҳаққига дуо қилдик.

Кетар маҳали эримнинг дўсти гап бошлади: “Келин, энди буёғига бардам бўлинг, 5 нафар фарзандингиз учун ҳам кучли бўлишингиз керак. Эрингиздан катта қарзим бор эди, бизнес қиламан деб олгандим, ҳамма пулни товарга тикиб қўйганман, юк машиналари олганман. Шунинг учун ойма-ой узаман қарзимни, майли десангиз”, деди.

Йиғлаб юбордим, инсофи борлигига, ўлди-ку, ким билиб ўтирибди қарзим борлигини, демаганига хурсанд бўлиб йиғладим. Майли, ойма-ой берсангиз ҳам, болаларим билан рўзғорга, кийим-кечакка қийналмасдим, дедим.

Хуллас ҳар ой беш юз доллардан бериб узаман деди, пулни ҳар ой аёлим олиб келади, деб чиқиб кетди. Ҳар ой аёллари келади, пул билан сомсами, пирогми пишириб келади, гаплашиб ўтирамиз. Дардимни эшитади, далда бўлади. Энг яқин дугонамга айланди.

Ўша пулларга фарзандларимни бекаму-кўст боқдим, катта ҳовлининг тўловлари, газ, свет, солиқлар, ҳеч қайсисидан қарз бўлмадим. Тежаб ишлатардим. Қизларимнинг сепига деб ул-бул олиб ташлаб қўйишга ҳам имкон топардим.

Қайнона-қайнотам оламдан ўтишганда ҳам ҳамма маъракаларини чиройли ўтказдик. Фарзандларимнинг ҳаммаси мактабда ўқиб, баравар ейман, ичаман, кияман, деган пайтда ҳам ўша пуллар сабаб қийналмадим.

Ҳар ой пул келганда ўша эримнинг дўстининг аёлидан сўрардим, эрингизга айтинг, қанча қарз олган, узилишиб қолгандир. Нега айтмайдилар, аниқ суммани, деб сўрардим. Катта пул олганлар, ҳали-бери узилмайдилар, деб кулиб қўярди.

Қизларим катта бўлиб, бўй чўзиб қолишди. Ўзим ўқимаганимга уларни ўқитаман деб ният қилиб, репетиторларга бердим. Бирин-кетин икки қизим институтга ўз кучи билан кирди, учинчиси тикувчиликка қизиқиб, ҳунарни танлади.

Тежаган пулларимга сеп йиғгандим, мебелларини эримнинг дўсти қарзимиз ҳисобига деб олиб берди. Қизларимни бекаму-кўст узатдим. Эримнинг дўсти олган қарзларини 2015 йилгача тўлади. Ҳалигача тўлаётган бўларди балким.

Лекин айнан 2015 йил баҳорда тўсатдан юраги хуруж қилиб оламдан ўтди. Жанозасида қатнашдим, роса эзилиб йиғладим. Айни ўғилларини уйлантириб, роҳат кўраман деган пайти эди.

Аёли мени қучоқлаб роса йиғлади, рози бўлинг улардан, розиман денг деб. Мен қарзни айтяпти деб, розиман, қанақа ҳаққим қолган бўлса ҳам мингдан минг розиман деб айтдим.

Кейин билсам, у кишининг эримдан ҳеч қандай қарзи бўлмаган экан. Эй воҳ, қанақа аҳволга тушганимни билсангиз эди. Аёлининг олдига бордим. Ростми, шу деб.

Аввалига гапиргиси келмади. Кейин ҳаммасини рўйи-рост айтди. Эримнинг дўсти, 4 бола билан ҳомиладор аҳволимда бева қолганимни кўриб, қандай ёрдам берсам экан, деб роса ўйлаган. Ёш болаларим билан ишлай олмаслигимни тушунган, турмуш қура олмаслигимниям билган.

Ҳар ой ёрдам бериб турсам, хаёлига ёмон фикр келмасин, деб шу қарз масаласини ўйлаб топган. Эримнинг пули деб бемалол олаверишим учун. Хотиржам бўлишим учун.

Агар шу пуллар бўлмаганида, болаларимни боқиш учун бева бошимни қаерларга урардим, кимларнинг эшигида хору-зор бўлардим. Чет элга кетармидим, болаларим она меҳрисиз, тарбиясисиз катта бўлармиди?

Қизларим ёмон йўлларга кириб кетармиди, ёнида ҳар қадамини текшириб турувчи онаси бўлмаганда. Эримнинг дўсти шу амали билан олти нафар одамнинг ҳаёти издан чиқиб кетмаслигининг олдини олди. Беш нафар фарзанд ўқиб, илм олиб, яхши инсонлар бўлиб етишишига сабабчи бўлди.

Ҳар куни ҳаққига дуо қиламан. Кўпчилик ишонмайди, айтиб берсам йўғ-е, оширвордиз, бунақа одамлар йўқ, ўзининг жигарига ёрдам бермайди-ку, етти ёт бегонага шунча йил пул бериб ёрдам берарканми, деб истеҳзо қилишади.

Лекин бу ҳақиқат, бу одам шундай яхшиликни қилиб кетди. Илоҳим охирати обод бўлсин, шунақа беминнат, беғараз етимларнинг бошини силайдиган, бева аёлга ёмон кўз билан қарамасдан, яхшилик қиладиган инсонлар кўпайсин.

Ўғилларим ҳам шундай сахий, яхши инсонлар бўлишсин, деб дуо қиламан ҳар куни. Одамлар билишсин, шунақа инсонлар борлигини, ҳаққига дуо қилиб қўйишсин.

Чарос Маннонова тайёрлади.

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top