“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони бир пайтлар пойтахтдаги йирик бозорлардан бирида солиқчи бўлиб ишлаган.

Электрон почтамга юборган мактубида у солиқчи бўлиб ишлаган пайтларида ҳаромдан, бировнинг ҳақидан ҳазар қилмаганини, охир-оқибат ишдан қувилиб, қамалиб чиққанини ёзибди.

“Ўзига тинч, яхши оилада ўсиб улғайдим. Отам совет даврида яхши амал эгаси бўлгани учун ёшлигимизда умуман қийинчилик кўрмай ўсдик.

Мактабни битирган пайтимда ҳали Афғонистонда ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган эди. Отам ўғлимни урушга олиб кетиб қолишмасин деб мени дарров ўқишга жойлаб қўйди.

Иқтисодиёт соҳасида таҳсил олаётган пайтимда барибир армияга чақиришди. Шунда отам яна жонимга ора кирди ва танишларини аралаштириб, мени Афғонга кетишдан асраб қолди.

Кейинчалик, ўшанда отам мени урушдан олиб қолиш учун битта Жигулини пулини берганини эшитганман. Йиллар ўтгач, бошимга синовлар тушган пайтда, совет даврида ҳам порахўрлик бўлган экан-да деб ўйладим.

Демак, Москванинг ўзбекларни порахўрликда айблаб “десант” юборгани бежизга эмас экан-да. Кейинчалик тушундимки, совет даврида бир Ўзбекистонда эмас, иттифоқнинг барча ҳудудида порахўрлик бўлган. Бироқ Москва бор аламини Ўзбекистондан олган.

Кўп ўтмай совет ҳарбийлари Афғонистондан қайтарилди. Мен институтнинг охирги курсида ўқиб юрганимда иттифоқ алғов-далғов бўлган, ҳамма жойда одамлар мустақиллик ҳақида гапираётган эди.

1991 йилда мустақил бўлдик, марказдан келиб ишлаб юрган жуда кўп одамлар ортга қайтишни бошлашди. Жуда кўп ташкилотлар қайта шакллантирилди. Совет даврида бўлмаганлари янгитдан ташкил этилди.

Ўша пайтда нафақада бўлган отам танишларини ишга солиб мени туманларнинг биридаги солиқ идорасига ходим қилиб қўйди. Икки йил ўтгач пойтахтдаги йирик бир бозорга солиқчи бўлиб ишга ўтдим. Бунда ҳам отамнинг “ҳисса”си бор эди.

Ўша пайтларда бозордагиларнинг аксарияти вилоятликлар бўлиб, улар деҳқон сифатида савдо қилиб юргани учун фақат патта пули тўларди. Якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб ишлайдиганлар саноқли эди.

Бозорга мослашиб олганимдан сўнг бирин-кетин бозорда доимий савдо қилувчиларни ҳар ой “доля” тўлайдиган қила бошладим. Яъни вилоятдан келиб савдо қилаётганларнинг қўлида маҳалласидан олинган “маҳсулотни ўз томорқасида етиштиргани ҳақида”ги маълумотнома бўлади. Ўша билан савдо қилаверади. Лекин ҳар ой менга “доля” тўлайди.

Шу тариқа аввалига ҳўл ва қуруқ мева растасида ўтирганларни, сўнг салатчиларни, дуккакли маҳсулотлар, охирида сабзавот сотадиганларни “доля”га илдирдим.