10:59 / 29.01.2023
19362

Нега Ўзбекистонда ижтимоий фанларга қизиқувчилар кўпроқ? – табиий ва аниқ фанларни қийинлаштираётган сабаблар

Лабораториялар етишмовчилиги, табиий фанлар талаб этиладиган касблар маоши юқори эмаслиги, дарслар қизиқарли ўтилмаслиги, ўқувчилар ўқишга кириш учун ёдлашга ўрганиб қолгани ва бошқа сабаблар кимё, биология, физика, математика каби фанларнинг ўқувчилар учун қийин бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Мактаб таълими инсон умрининг энг муҳим босқичи ҳисобланади. Айнан мана шу даврда болалар келажакда айнан қайси касб эгаси бўлишлари ҳақида танлов қилишади ва шу фанни яхши ўзлаштириш учун ҳаракат қилишади.

Йигирма биринчи асрда меҳнат бозорида харидоргир бўлиш учун STEM фанларини (бу тўплам ичида кимё, биология, физика, математика фанлари бор) яхши билиш керак. Лекин бизда ҳануз ижтимоий фанлар: тарих, она тили, чет тилига қизиқиш ва уни ўрганишга талаб юқорироқ бўлиб қолмоқда.

Нега бундай деб ҳисоблаш мумкин?

Мактаб битирувчилари қизиқишларини баҳолаш учун асосий статистикаларни собиқ Давлат тест маркази – ҳозирги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ўтказадиган кириш имтиҳонлари натижаларини кўриб чиқиш мумкин.

Кириш имтиҳонларида максимал балл – 189,0 бўлса, Тошкент давлат юридик университетига грант кирганлар айни шу баллни тўплай олишган. Бу ОТМга кириш учун ўтиш балли ҳам 186 баллдан кам бўлмаган. ОТМга кириш учун абитуриентлар тарих ва чет тили – ижтимоий фанлардан имтиҳон топширган. Натижа юқорилиги рақобат ҳам шунга яраша бўлганини кўрсатади.

Тошкент ахборот технологиялари университети учун эса кириш имтиҳонларида асосий фан математика ҳисобланади ва университетда “Сунъий интеллект”, “Киберхавфсизлик” каби замонавий йўналишлар мавжуд. Бироқ ОТМга ўтиш баллида энг юқори балл 172,2 баллгача чиққан. Юридик университет билан солиштирса, нисбатан паст.

Кимё ва биология фанларидан имтиҳон олинадиган Тошкент тиббиёт академиясида ҳам энг юқори балл 180 га етмаган.

Бу рақамларнинг ўзи билангина ижтимоий фанларга қизиқиш юқорилигини хулосалаш тўғри эмасдир, лекин нуфузли ОТМлар рўйхатида юридик университетлар, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети борлигини ҳам ҳаммамиз биламиз. Табиий фанлардан имтиҳон олинадиган ОТМларнинг обрўйи эса у қадар баланд эмас.  

Нега?

Мавзу бўйича фейсбук ижтимоий тармоғи орқали фойдаланувчилар фикрини ўрганишга ҳаракат қилдик. “Нега ўқувчиларнинг ижтимоий фанларга қизиқиши юқорироқ?” деган саволимизга тармоқ фойдаланувчилари келтирган сабабларнинг асосийлари қуйидагилар:

  • Мактабларда амалий фанларни ўрганиш учун лабораториялар шароитлари яхши эмас;
  • Аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методлари устида ишлаш керак;
  • Дарсликлар мураккаб, улар содда ва тушунарли эмас;
  • Ўзбекистон меҳнат бозорида аниқ ва табиий фанлар талаб қилинадиган касбларнинг даромади юқори эмас;
  • Ўқитувчилар малакаси етарли эмас;
  • Уйда ота-оналарнинг болалари билан аниқ ва табиий фанлардан шуғулланиш учун билими етарли эмас.

“Билим пулга айланиши керак...”

Республика таълим маркази директори ўринбосари, математика фанидан ўқувчиларга дарс берган Исроил Тиллабоев ижтимоий фанларга қизиқиш нима сабабдан баланд экани ҳақидаги саволимизга бу танланадиган касб обрўйи ва у келтирадиган даромад билан боғлиқ деб жавоб берди.

“Жамиятда қайси соҳа эгаси яхши яшаса, одамларда ўша соҳага оид фанга қизиқиш кучаяди. Масалан, 60-70 йилларда қайси мактабга кириб ўқувчилардан “Қайси касб эгаси бўласан”, деб сўралса, уларнинг аксари “Космонавт бўламан”, деб жавоб берганини катта авлод вакиллари гапиради. Ҳозир эса қайси бола космонавт бўламан, дейди? Йўқ, менимча, ҳозир болаларнинг аксари 90 йиллардан буён яшаш шароити ва мавқейи яхши бўлиб келаётган соҳа касбларини санайди: “Прокурор бўламан, судя бўламан ёки ҳуқуқ-тартибот органи ходими бўламан”, деб жавоб беради. Ижтимоий фанларга талаб ошишига биринчи сабаб – шу. Ва бу фанларда рақобат кучайди, рақобат кучайгани билимни кучлироқ эгаллаш мажбуриятини юзага келтирди”, дейди Исроил Тиллабоев.

Унинг фикрига кўра, одамларнинг билим ортидан пул топишга ҳаракат қилиши – табиий ҳолат. Шу сабабдан ҳам математика, физика, кимё, биология фанларидан иқтидорли бўлиб, шу фанлар йўналишидаги ОТМларни битираётган ёшлар ҳозир ўқув марказларида дарс бериб яхши пул топишни кўзламоқда. Бу фанларда илм билан шуғулланаётганларнинг даромади эса унчалик яхши эмас. Даромад пастлиги эса болаларнинг ўқишга бўлган қизиқишини пасайтиради.

“Масалан, ахборот технологиялари йўналишида ёшлар билимни пулга айлантиришни ўз кўзлари билан кўрмоқда. Натижа нима бўлмоқда, ҳозир ахборот технологиялари фанини ўқитувчилар кўмагида ва ҳатто мустақил ўрганишга талаб ошиб кетди. Бу дегани мазкур фандан билим сифати ҳам табиийки кўтарилди. Хулоса шуки, қачонки билимни пулга айлантириш имконияти бўлса, айни ўша фанларни ёшлар иштиёқ билан, керак бўлса мустақил изланиб ҳам яхши ўзлаштиради”, дейди Исроил Тиллабоев.

Қизиқувчанликни сўндириб қўймаслик керак

Мафтуна Бадалова, Халқаро кимё олимпиадаси кумуш медали соҳиби:

Болалар жуда қизиқувчан бўлади, кўп саволлар беришади. Масалан, улар “Нега ўт яшил?” деб сўраши мумкин. Катталар бу саволга қандай жавоб беради: “Ким билсин?”, “Бундай саволларни беришни бас қил” ва шу каби.

Лекин бу савол ўйлаб қарасак, фундаментал биология, биокимё назарияларини қамраб олади. Агарда катталар “Бу жуда қизиқ савол, лекин мен ҳам жавобини билмайман, балким бирга жавобини аниқлармиз” ёки, “Бу саволнинг жавобини ҳеч ким билмайди, балким катта бўлганингда айнан сен унинг жавобини топарсан”, деб жавоб берганида, анча яхшироқ бўларди деб ўйлайман. Боладаги қизиқувчанликни сўндирмаслик керак. Қизиқувчанлик сўнса, у ўрганишдан тўхтайди.

“Бизда амалиётда қўллаш учун эмас, тест ёдлаш учун ўқиш кучли...”

Азиза Абдувалиева, Халқаро биология олимпиадаси олтин ва бронза медаллари соҳиби:

Ижтимоий фанларга қизиқишнинг кучлилиги фанлар моҳияти билан боғлиқ, деб ўйлайман. Масалан, ижтимоий фанларда, асосан, ёдлаш керак бўлса, биология, кимё, физика каби фанларда назарияни билишдан ташқари уни ҳаётдаги турли вазиятларда қўллай олиш ҳам керак. Бу эса ўқувчидан ўз устида доимий ишлашни талаб қилади.

Мактаб ўқувчиларининг асосий қисми фанларни ДТМ тестларини ечиш учун яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Агар улар ёдлаб тестда яхши натижа кўрсатиш ўрнига фан моҳиятини англашга ҳаракат қилганда аниқ ва табиий фанларга қизиқиш юқорироқ бўларди.

Бундан ташқари, аниқ ва табиий фанларни яхши ўрганиш учун ресурслар ҳам муҳим ўринга эга. Ресурсларга жиҳозлар, маълум аппаратлар, кўрсатиладиган манба ва тажрибаларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар киради. Фанларни ўқитишда кўпроқ кўз билан кўриб, тасаввур бера оладиган усуллардан, лаборатория машғулотларидан фойдаланиш керак.

Ҳозир ўқиш билан бирга биология фанидан дарс ҳам беряпман. Охирги 2 йилда кимё ва биология фанидан дарсликлар анча ўзгарди. Уларни такомиллаштириб бориш билан бирга ўқувчиларга дарсликлар билан қандай ишлашни, қўшимча мустақил ўрганиш заруратини ҳам ўргатиб бориш керак. Масалан, баъзи ўқувчилар янгиланган дарсликлар ҳақида “эски дарсликлар яхшироқ эди, уларда маълумот кўп эди”, деган фикрни айтишади. Сабаби улар дарсликлардаги қора штрихларда кўрсатилган сонларни ёдлашга ўрганиб қолган. Берилган қизиқарли маълумотлар асосида интернетдан қўшимча маълумотлар топиб ўқишга, “self-study” қилишга ҳали ўрганмаган.

Лаборатория шароитлари қандай?

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (айни пайтда тугатилган) ўрганишларига кўра, республика бўйича 10 130 та мактабнинг 9 061 тасида физика кабинети бор. Бироқ унинг 1 033 таси жиҳозланмаган. 10 мингдан ошиқ мактабнинг 8 810 тасида кимё лабораторияси бор ва унинг ҳам мингдан ошиғи жиҳозланмаган. Республика бўйича 8 103 та мактабда биология кабинетлари бор ва уларнинг 1 206 таси жиҳозланмаган.

Рақамлар мингдан ошиқ мактабларда керакли фан лабораториялари йўқлигини, борларининг ҳам яна мингдан ошиғи кераклича жиҳозланмаганини кўрсатади. Аниқ ва табиий фанларни яхши ўзлаштиришни эса яхши лабораторияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Дунё касбларининг келажаги кимё, физика, биология, математика, информатика каби фанларни ўз ичига олган STEM фанлари билан боғлиқ бўлиб турган ҳозирги замонда лабораториясиз мактаблар ўша мактабларда ўқиётган болаларнинг фанни ўзлаштиришга бўлган потенциалини қанчалик пасайтиришга “ҳисса қўшаётганини” баҳолаб чиқиш зарурдир балки.

Осиё тараққиёт банки вакили Эйсуке Тажима Таълим инспекцияси билан ўтказилган учрашувлардан бирида Ўзбекистонда СТЕМ фанларини ўқитиш имкониятлари ҳақида гапириб, бунинг учун, мактабларда физика, кимё, биология лабораторияларини кўпайтириш, модернизация қилиш ва таълим муассасаларини интернет билан тўлиқ таъминлаш ва алоқа сифатини ошириш зарурлигини қайд этган.

Замонавий дунёдан ортда қолиб кетмаслик учун айнан аниқ ва табиий фанларни яхшироқ ўқишлари учун ўқувчиларга шароит қилиб бериш, ижтимоий фанларни ўзлаштиришда юзага келган рақобат бу фанларда ҳам пайдо бўлишига туртки бериш, уларнинг потенциалини юзага чиқаришларига 100 фоизлик имкон бериш – таълим тизимизнинг асосий вазифаси. Бу вазифа бажарилгунча аниқ ва табиий фанларни яхши ўзлаштирмаган битирувчилар сонига сон қўшилмаса бўлгани.

Зилола Ғайбуллаева, журналист

Top