20:02 / 02.02.2023
27746

480 грамм туғилган бола 4 ёшга тўлди. Кам вазнли гўдаклар ҳаёти қандай сақлаб қолиняпти?

Ўзбекистонда муддатидан олдин туғилган чақалоқларнинг ҳаётини сақлаб қолиш бўйича сезиларли ютуқларга эришилмоқда. 500 граммдан 1000 граммгача вазнда туғилган гўдакларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи 3 баробар ошди. “Қизим 480 грамм туғилган. 6 ойлик туғилган чақалоқнинг яшаб кетишига ишонмагандим. Мана, ҳозир 4 га кирди”, дейди боласи Тошкент шаҳар перинатал марказида парваришланган оналардан бири.

Муддатидан олдин туғилган болаларни парваришлаш осон кечмайди. Бундай вазиятда шифокорлар ва ота-оналар бор имкониятларини ишга солиб, боланинг яшаб кетиши учун курашишади. Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги перинатал марказида бўлиб, муддатидан олдин туғилган болалар оналари ва уларни парваришлаган шифокорлар билан суҳбатлашди.

Жуда кам вазнли чақалоқларни сақлаб қолиш махсус реанимация ўринлари, иссиқ сақлайдиган инкубатор, иситкич столлари, нафас олиш учун ёрдам берадиган аппаратлар, замонавий неонатал жиҳозларини талаб этади. Бу бўйича Тошкент шаҳар перинатал марказида маълум тажриба тўпланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда йилига туғилган чақалоқларнинг 5 фоизи муддатидан олдин туғилади. Уларнинг 0,2-0,3 фоизини жуда кам вазнли чақалоқлар ташкил қилади. Бугунги кунда 500 граммдан 1000 граммгача бўлган заиф чақалоқларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи 3 баробар ошган.

Бундай чақалоқлар туғилганда ҳаёти хавф остида бўлади. Уларни парвариш қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш осон иш эмас. Жуда кўп муолажалар қилинади. Ютуқларимиздан бири шуки, кам вазнли чақалоқлар учун ҳар бир вилоятда ҳудудий перинатал марказлар ташкил этилган. Улар заиф туғилган чақалоқларни қабул қилади ва парваришлайди”, – дейди Тошкент шаҳар перинатал марказининг неонатал хизмати бўйича директор ўринбосари Малика Усмонова.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, бола ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида туғилиб, вазни 500 грамм ва ундан ошса, бўйи 25 смдан ортиқ бўлса, у тирик туғилган ҳисобланади. Кам вазн билан туғилганлик учта даражага бўлинади:

– кам вазнли – 2500-1500 грамм;

– ўрта кам вазнли – 1499-1000 грамм;

– жуда кам вазнли – 999-500 грамм.

Аммо 500 граммга ҳам етмай, Тошкент шаҳар перинатал марказида туғилган қизалоқ яшаб кетган. Бу ҳақда қизнинг онаси гапириб берди.

Қизим олти ойлигида 480 грамм туғилган. Тўғриси, яшаб кетишига умидим кам эди, Тошкент шаҳар перинатал марказида давом этган 3 ойлик парваришдан сўнг яхши ривожлана бошлади. Икки йил мобайнида шифокорлар назоратида бўлди. Ҳозир тўрт ёшга тўлди. Ҳаммаси яхши”, – дейди Насиба Эшмуҳаммедова.

Биз билан суҳбатда бўлган оналардан бири Бибисора Абдуллаеванинг ҳам ўғли муддатидан олдин туғилган. Бибисоранинг туғуруқ даври коронавирус авж олган вақтга тўғри келади.

“2020 йилда ҳомиладорлигимда коронавирус бўлдим. Шу сабаб ўғлим муддатидан олдин туғилди. Унинг вазни 850 грамм эди. Ўша пайт жуда қўрқдик, яшаб кета оладими деб. Боламни соғлом катта қилиб берганлари учун миннатдормиз. Бир неча ой шифохонада ётгач, уйга рухсат беришди. Ҳозир тенгдошлари билан тенг катта бўляпти”, – дейди у.

ССВ маълумотига кўра, давлат ҳар йили кам вазнли болаларнинг ўпка фаолиятини тиклаб турувчи “Сурфактант” дориси учун 5 миллиард сўм маблағ ажратади. Ушбу дори ҳудудий перинатал марказларига бепул тарқатилади. Чақалоқларни даволашда дори-дармондан ташқари унинг шароити, яъни иссиқлигини сақлаш, она сутини эрта бошлаш, тозаликка риоя қилиш, она омили билан парваришлашга алоҳида эътибор берилади.

Муддатидан олдин туғуруқ ҳақида хабар берилса, биз шай ҳолатда туғуруқхонасига бориб турамиз. Чунки чақалоқлар туғилиши билан махсус транспорт инкубаторларида жонлантириш бўлимига олиб келинади. Тошкент шаҳри туғуруқхоналарида туғилган кам вазнли чақалоқларни ҳам олиб келамиз. 2022 йилда ўта кам вазнда туғилган ана шундай 80 нафар чақалоқдан 78 нафарининг ҳаёти сақлаб қолинди”, – дейди марказнинг чақалоқларни жонлантириш бўлими мудири Абдулла Нодиров.

Марказда икки босқичда ёрдам кўрсатилади. Биринчиси – чақалоқлар реанимацион ёрдам вақтида икки-уч ҳафта жонлантириш бўлимида бўлади. Иккинчи босқичда улар патология бўлимига ўтказилади ва бу бўлимда ўртача бир ойга яқин парваришланади. Бола керакли вазнга етгач, уйга жавоб берилади.

Вазирлик берган маълумотга кўра, 2023 йилнинг май ойигача 46 та туманлараро перинатал маркази иш бошлайди. Уларни жиҳозлашга 5,2 миллион доллар маблағ йўналтирилган. Мазкур марказларда ишлаш учун 180 нафар тиббиёт ходими хорижий мутахассислар томонидан қайта ўқитилган.

Мақсуда Абдуқаюмова,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жавоҳир Ғайратов

Top