13:36 / 04.02.2023
11245

Сурхондарёда иккита боғчанинг бозор баҳоси қарийб 1,7 млрд сўм бўлган бинолари ва ерлари ноқонуний бериб юборилди

Туман МТБ мудираси президент қарорига зид равишда иккита боғчанинг бино ва ерини ноқонуний тарзда ҳокимлик балансига ўтказиш учун бериб юборган. Ҳокимлик эса уларни фуқаролардан бирига мулк қилиб берган.

Фото: KUN.UZ

Сурхондарё вилояти прокуратурасининг хабар беришича, Денов туман МТБнинг собиқ мудираси Б.Э. томонидан 16 ва 37-сонли боғчаларнинг бино ҳамда ерлари 2021 йил 25 март куни чиқарилган алоқа хатлари билан ноқонуний равишда Денов туман ҳокимлигига захира ер тоифасига ўтказиш учун бериб юборилган.

Шундан кейин боғчаларнинг бинолари ва ерлари фуқаро С.А. га мулк қилиб берилган. Фуқаро С.А. томонидан ушбу бинолар ва ер майдонларига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, натижада ўзининг номига хусусийлаштириб олишига сабаб бўлган.

Бу билан Б.Э. президентнинг 2018 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3955-сонли қарори 9-бандидаги боғчалар ер майдонлари вазирлик билан келишилмасдан туриб бегоналаштирилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги талабларини бузган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги РСЭМ Сурхондарё вилояти бўлими томонидан 2023 йил 4 январ кунида тақдим этилган баҳолаш экспертизаси хулосасида фуқарога бериб юборилган 16-сонли боғчанинг биноси ва ер иншоотларининг бозор баҳоси 678 млн 40 минг сўмни, 37-сонли боғчанинг биноси ва ер иншоотларининг бозор баҳоси 918 млн 772 минг сўмни ташкил этиши белгиланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан 2023 йил 12 январ куни Бош прокуратура департаментининг Денов туман бўлими томонидан Б.Э. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан ҳозирда туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top