Жаҳон | 11:38 / 07.02.2023
12730
2 дақиқада ўқилади

Россия бюджет тақчиллиги туфайли биринчи марта Миллий фаровонлик жамғармасидан олтин сотди

Январь ойида Россия бюджети тақчиллиги 1,76 триллион рублни ташкил этди, уни молиялаштириш учун Молия вазирлиги юань ва биринчи марта - олтин сотди. 

Фото: Reuters

Январь ойида Молия вазирлиги кескин ошган бюджет тақчиллигини қоплаш учун биринчи марта Миллий фаровонлик жамғармасидан (МФЖ) олтин сотди. Бу ҳақда 6 февраль, душанба куни вазирликнинг ўзи маълум қилди

Жами 3,6 тонна олтин сотилган. Бундан ташқари, Молия вазирлиги худди шу мақсадлар учун 2,3 миллиард юань (309 миллион евро) сотган. Савдодан жами 38,5 миллиард рубль тушди, деб хабар берди вазирлик. Февраль ойида Молия вазирлиги МФЖдан уч баравар кўп Хитой юанини 160 миллиард рублга сотишни режалаштирмоқда, деб хабар қилган вазирлик. 

Январь ойида Россия бюджети тақчиллиги 1,76 триллион рублни ташкил этди, деб хабар қилди Молия вазирлиги. Бюджет харажатлари 59 фоизга ошди - 3,117 триллион рублгача. Даромадлар 1,356 триллион рублни ташкил этди, бу 2022 йил январь ойига нисбатан 35 фоизга кам. Молия вазирлигида бюджет тақчиллигининг кескин ўсиши давлат харидлари харажатларининг беш баравар ошиши, шунингдек, нефть ва газ даромадларининг 426 миллиард рублгача камайиши билан изоҳланди, бу ўтган йилнинг январь ойига нисбатан 46 фоизга кам.

Миллий фаровонлик жамғармасининг умумий ҳажми 1 февраль ҳолатига кўра 10,8 миллиард рублни ташкил этди. Улар - 307,4 миллиард юань, 551 тонна олтин, 530 миллион рубль ва 10,4 миллиард евро. 

Ўтган йилнинг охиридан бошлаб Молия вазирлиги МФЖ тузилмасини ўзгартирди. Эндиликда юань захираларнинг 60 фоизигача, олтин эса 40 фоизигача етган бўлиши мумкин. Илгари бу нисбатлар мос равишда 30 ва 20 фоизни ташкил қилган. Энди вазирлик МФЖдаги «дўст бўлмаган мамлакатлар валюталари» улушини камайтираётганини эълон қилди. 

Мавзуга оид