14:08 / 08.02.2023
21822

Наманганда идоралараро ишчи гуруҳ президент топшириқлари ижросини таъминламоқда

3 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида бўлиб, аҳоли ҳамда тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича масъулларга қатор топшириқлар берганди. Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳ томонидан ана шу топшириқларининг ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

ИИВ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, вилоятдаги оғриқли масалаларни ўрганиш давомида асосий эътибор аҳолининг ижтимоий-иқтисодий, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва коммунал соҳадаги муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш ҳамда йўлларда инсон хавфсизлиги учун муносиб шароитларни яратиш ва уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш масалаларига қаратилмоқда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Жумладан, ишчи гуруҳнинг саъй-ҳаракатлари билан мавжуд захира ҳисобидан Наманган вилояти ҳудудида жами 6769 та хонадонга суюлтирилган газ баллон ва 75 тоннадан зиёд кўмир етказилиб, аҳолининг коммунал соҳадаги эҳтиёжларига кўмаклашилган.

Истеъмол бозорларидаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат захираларини жамлаш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Наманган шаҳри ва Косонсой, Янгиқўрғон, Чуст, Поп туманларининг деҳқон бозорлари ҳудудларида ҳамда олис туманларда алоҳида, жами 94 та арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этилиб, улар 109 тонна кундалик истеъмол товарлари билан таъминланган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мазкур савдо ярмаркаларига 19 та чорвачилик, 6 та балиқчилик, 16 та паррандачилик, 47 та мева-сабзавотчилик хўжаликлари ҳамда 6 нафар қассоблар қўшимча жалб этиш чоралари кўрилган.

Шунингдек, ўз маҳсулотини тўғридан тўғри сотиш истагида бўлган жами беш юздан зиёд томорқа ер эгаларига ўз маҳаллаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун савдо расталари ташкил этишга кўмаклашилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, оилавий тадбиркорлик, ёшлар ва аёлларнинг ташаббускор лойиҳаларига кўмаклашиш мақсадида вилоят ҳудудида жойлашган барча мономарказлар ва меҳнат бозорларининг самарадорлиги танқидий ўрганилиб, қўшимча имкониятларни жалб этиш натижасида 54 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган, 17 нафари касбга ўқитишга юборилган, 10 нафарига субсидия ажратилган ҳамда 5 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланган. Шу билан бирга 303 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш орқали меҳнатга жалб этилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Маҳалалларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш аҳволи ва уларни қаноатлантириш даражаси танқидий ўрганилиб, аҳоли қулайлиги учун жами 15 та олис маҳаллаларда 23 та сайёр давлат хизматлари кўрсатиш пунктлари ташкил этилган. Фуқароларнинг шикоятларидан келиб чиқиб, 25 нафар тадбиркорнинг фаолиятини тиклашга кўмаклашилган, алимент тўловчи 2 нафар қарздор ишга жойлаштирилган, қарздорлардан 333 млн сўмлик алимент пули ундириш чоралари кўрилган, 155 та низоли оилаларнинг маиший муаммолари бартараф этилиб, 13 нафар аёлга “ҳимоя ордер”лари расмийлаштирилган.

Ишчи гуруҳ таркибидаги Миллий гвардия Наманган вилояти Қўриқлаш бошқармаси томонидан ҳудудлардаги 17 та объект, 18 та хонадон ва савдо шохобчаси, 14 та дўкон ва ижтимоий хизмат кўрсатиш объектлари қўриқловга олинган. Ўтказилган тарғибот ишлари натижасида 20 та таълим муассасаси, 46 та савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасига 66 та видеокамера ўрнатилиб, тезкор вазиятлар марказига интеграция қилинган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Вилоят ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўловчи ва ҳайдовчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Наманган шаҳар, Косонсой Чуст, Поп, Давлатобод ва Янгиқўрғон туманларида қўшимча равишда 16 та светофор ва 46 та йўл белгилари ўрнатилди, 650 метр пиёдалар йўлаги ва 12 км йўл чизиқларини ётқизиш каби ишлар амалга оширилди.

 

Top