15:25 / 09.02.2023
48651

Ўзбек аёлидан 50 минг, БАА амиридан 50 млн доллар: Халқаро ҳамжамият Туркияга қандай ёрдам бермоқда?

Туркия ва Сурия ҳудудларида содир бўлган ўта вайронкор зилзила қурбонлари сони бетўхтов ошиб бормоқда. Дунёнинг аксарият давлатлари фуқаролари ва ҳукуматлари жабрланганларга кўмак бермоқдалар. Қардошларга аввал ҳам ҳамдардлик билдирган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9 февраль куни Туркия элчихонасига ташриф буюриб, яна бир бор тасалли берди ва Ўзбекистон ҳар қандай кўмакка тайёрлигини маълум қилди.

Ўзбекистон зилзиланинг биринчи кунидаёқ ФВВ вакилларидан иборат 100 кишилик тезкор отрядни офат ўчоғига жўнатган эди. Кейинчалик талафот кўлами таҳлил қилиниб, умумий сони 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув, тиббиёт ходимлари гуруҳи ва гуманитар ёрдам партияси юборилди.

Умуман, ҳозирги қадар дунёнинг 65 давлати Туркия ва Сурияга ёрдам қўлини чўзганлиги маълум. Туркиянинг trt.net.tr сайтига кўра, бу давлатга қидирув-қутқарув гуруҳини юборган биринчи давлат Озарбойжон бўлган. Озарбойжон дастлаб 400 кишилик, кейин яна 227 кишилик қидирув-қутқарув гуруҳини юборди.

Бундан ташқари:

  • АҚШ 161 кишилик қидирув-қутқарув гуруҳи;
  • Европа Иттифоқи 30 нафар;
  • Мексика 145 нафар;
  • Франция 139 нафар;
  • Австрия 105 нафар;
  • Швейцария 80 нафар;
  • Мальта 32 нафар;
  • Болгария 59 нафар;
  • Косово 30 нафар;
  • Венгрия 101 нафар;
  • Хорватия 40 нафар;
  • Босния ва Ҳерцеговина 17 нафар;
  • Сербия 27 нафар;
  • Албания 53 нафар нафар;
  • Швеция ва Финландия 1400 нафар;
  • Россия 147 нафар;
  • Молдова 55 нафар;
  • Польша 76 нафар;
  • Чехия 68 нафар;
  • * Грузия 60 нафар;
  • * Қувайт 45 нафар;
  • * Мўғулистон 35 нафар;
  • * Тунис 41 нафар қутқарувчини Туркияга жўнатган.

Хатто, ўзи уруш гирдобида бўлган Украина ҳам 87 кишилик қутқарувчиларни жўнатишнинг уддасидан чиққан. Туркия билан мунтазам зиддиятда бўлган Греция ҳар қандай адоватларни четга суриб, 21 нафар қутқарувчини дарҳол йўлга чиқарган.

Қўшниларимизнинг фаоллиги алоҳида эътиборга молик. Дастлаб 41 кишилик қидирув-қутқарув гуруҳини тезкор юборган Қозоғистон қўшимча 100 кишилик иккинчи гуруҳ билан 1 миллион доллар ажратган. Қирғизистон томонидан юборилган 67 нафар ходим ҳам фалокат зонаси Каҳраманмарашда иш бошлаган.

Йирик давлатлардан Хитой 82 кишидан иборат қутқарув гуруҳи,  Эрон 10, Япония 18, Малайзия 75, Ҳиндистон ва Покистон 50 нафардан, Тайвандан 44 нафар, Жанубий Корея эса 110 га яқин ходим юборишни режалаштираётганини маълум қилди.

Исроил 167 киши, Ливан 72, Ливия 55 нафар ходимини фалокат зонасига юборди. Бирлашган Араб Амирликлари зилзилалардан зарар кўрган ҳудудларга 50 миллион доллар, Канада Туркия ва Суриядаги зилзила қурбонлари учун 10 миллион доллар маблағ ажратишини билдирган.

Ўзбекистонда ҳам жўнатилган профессионал қутқарувчилардан ташқари минглаб инсонлар кўнгилли равишда ёрдамга боришга тайёр эканликларини маълум қилишган. Туркия элчихонасида ҳамдардлик дафтари очилди. Шунингдек, 8 февраль куни Тошкентда жафокаш турк халқига гуманитар ёрдам йиғиш бошланди. Ўзбекистон халқи бу жараёнда фаол иштирок этмоқда.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, Ўзбекистон фуқароси бўлган ва шахсини сир тутган аёл киши биринчилардан бўлиб 50 минг доллар ёрдам кўрсатиш истагини билдирган. Бундан ташқари махсус очилган жамғармага мамлакатнинг турли нуқталаридан маблағ йиғилиши давом этмоқда.

Аброр Зоҳидов

Мавзу
Туркияда вайронкор зилзила
6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.
Барчаси
Top