21:23 / 18.02.2023
21142

Автобуслар учун ажратилган йўлакда юрманг: Тошкент кўчаларига қўшимча 55 та камера ўрнатилди

Тошкентда, жамоат транспорти учун алоҳида ҳаракатланиш бўлаги ташкил этилган 4 та кўчада бу йўлаклардаги қоидабузарликларни қайд этувчи 55 та янги камера ўрнатилди. Бунга қўшимча равишда автобусларнинг ўзига ҳам қоидабузарликни автоматик қайд этувчи смарт-камералар ўрнатилади.

Айни пайтда Тошкентдаги 4 та: Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли кўчаларига автобуслар учун алоҳида йўлак қилинган ва чизиқлар тортилиб, катта ҳарфда А ҳарфи ётқизилган. Ўтган ой охиридан мана шу йўлаклардаги қоидабузарликни аниқлаш ва унга чора кўриш мақсадида Навоий, Фарғона йўли ва Амир Темур шоҳкўчаларига 55 дона кузатув камералари ўрнатилди.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг Kun.uzʼга берган маълумотига кўра, 19 январдан бошлаб, камералар қоидабузарлик сифатида қайд этган ҳолатлар тегишли қурилмаларда сақлана бошланган.

Камера 360 градусли бўлиб, у автобус учун ажратилган махсус йўлак ва унга тортилган 1.1 чизиғини кузатади. Агарда қайсидир автомобил шу чизиқни босиб йўлакдан ҳаракатланса ёки у ерда тўхтаб тургани кўринса, ҳолат ЙҲХХ ходимларига келиб тушади. Ходимлар буларни кўриб чиқиб, ҳақиқатан қоидабузарлик содир этилганларига протокол расмийлаштиради.

“Тошшаҳартрансхизмат” вакилининг айтишича, камералар тўлиқ ишлаб турган бўлса-да, тизим тўлақонли ишга туширилмаган. Қоидабузарларни жаримага тортиш тизими ЙҲХБ базасига интеграция қилинганидан кейин бошланади.

“Аниқланган қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотларни протокол тузишлари учун ЙҲХБга юбориш имкониятига эгамиз, аммо ҳозирча бундан фойдаланмаяпмиз. Чунки одамларимиз бу профилактик чоралар жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш мақсадида қилинаётганини тушуниб етишлари керак. Айни вақт автобуслар ичига ҳам автоматлаштирилган фото ва видеога олувчи қурилмаларни ўрнатишни режа қиляпмиз. Бир қанча автобуслар шундай камералар билан таъминланади. Улар ҳаракатланаётган вақтда тизим автоматик тарзда йўллардаги қоидабузарликларни аниқлайди ва ўша заҳотиёқ ЙҲХБнинг маълумотлар тизимига юборади.

Бу қурилмалар видеорегистраторлардан ҳам яхшироқ. Видеорегистраторда сиз шунчаки тасвирни кўрасиз ва шу тасвирда транспортлар ҳаракатланаётган бўлади холос. Оддий камералар шундай. Мен айтаётган шакли эса смарт бўлиб, у тасвирга қараб фактлар асосида қоидабузарликни қайд этади. Буни инсон қилмайди, тизимнинг ўзи транспорт рақамини, йўл белгиси, қандайдир бекатни ёки автобусдан қанча масофада автомобил қўйилганини автоматик тарзда аниқлайди. Ҳозирда тажриба тариқасида бир қанча автобусларимизда шундай видеорегистраторлар ўрнатилган. Бу борада ҳам ҳозирча ҳеч қандай жаримали ҳолатларни ДАН ходимларига юбораётганимиз йўқ. Чунки тизимни “Тошшаҳартрансхизмат” ва ЙҲХБ билан интеграция қилиш ишлари, техник чоралари кетмоқда”, – деди “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ директорининг биринчи ўринбосари Рустам Шомуродов.

Масъулларнинг айтишича, автобус йўлакларида камерадан аниқланган қоидабузарликлар бўйича жарима ҳали ёзилмаётган бўлса-да, жойлардаги инспекторлар махсус йўлакда бесабаб ҳаракатланган ёки тўхтаб турган ҳайдовчиларга чора кўриб боряпти. Биргина Амир Темур кўчасида кунига 15-20 та мана шундай ҳолат қайд этилади.

Ўз-ўзидан бу қоидабузарлик учун жарима суммаси қанча экани кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Узлуксиз чизиқни босиб ўтиб, сабабсиз равишда автобуслар учун ажратилган махсус йўлакда ҳаракатланган автомобиллар БҲМнинг 50 фоизи, яъни 150 минг сўм жаримага тортилади.

Агарда автомобил ўша йўлакда тўхтаса ва бу тўхташ йўловчини тушириш ёки чиқариш билан боғлиқ бўлмаса, жарима миқдори БҲМнинг 2 баравари – 600 минг сўм бўлади.

Масаланинг яна бир томони бор. Автобуслар учун махсус йўлаклар ажратилди, видеокамералар ўрнатилди. Лекин кутилган натижага эришиш учун бу етарли бўлмаслиги мумкин.

7 йиллик тажрибага эга шаҳарсоз Искандар Солиев бу борада айрим тавсиялари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, автобуслар учун ажратилган йўлаклар махсус тўсиқлар, конуслар билан тўсилиши керак. Бундан ташқари, бекатларда савдо шохобчалари бўлишига йўл қўймаслик зарур, чунки бу ҳайдовчиларни дўконга кириш учун бекат олдида тўхташга ундайди. Шунингдек, йўлакка ётқизилаётган бўёқлар тезда ўчиб кетмайдиган бўлишига эътибор берилиши керак.

Шаҳарсоз вақтинчалик автотураргоҳларни кўпайтириш, автобуслар учун алоҳида йўлакни йўлнинг энг четки ўнг бўлаги эмас, энг четки чап бўлагига ўтказишни ҳам таклиф қилмоқда.

“Тез амалга оширилган ва тўлиқ ўйланмаган лойиҳа узоқ вақт ва тўғри ишлай олмайди. Имкон қадар камералар ўрнатилиши, ЙҲХХ ходимлари қоидабузарликларни диққат билан кузатиши мумкин, аммо амалиётда ҳайдовчилар йўл қоидаларини бузаверади. Чунки лойиҳа нотўғри ўйланган.

Мен юқорида айтган тажрибалар, яъни махсус йўлакларни йўлнинг марказида қилиш, унинг атрофини тўсиқлар билан ўраш ҳамда вақтинчалик автотураргоҳлар ташкил қилиш кўплаб BRT(Bus Rapid System) мамлакатларида синалган”, – дейди Искандар Солиев.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, одамларга қулайлик яратиш, иш, ўқиш ёки уйларига тезроқ боришлари учун алоҳида йўлаклар қилингани яхши бўлди. Бу жараён такомиллашиб бориши, асосий кўчаларнинг ҳаммасида автобус учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши, қоидабузарликни аниқловчи тизим тезроқ ишга тушиши ва қинғирликларсиз ишлаши керак. Расмийлар жамоат транспортига устунлик бериш нега муҳимлигини тушунтирувчи ва буни тарғиб қилувчи кўплаб ижтимоий роликлар тайёрлашига ҳам зарурат бор, назаримизда.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Асрор Алмуродов.

Top