11:58 / 25.02.2023
33313

Ғарб ва советлар қарама-қаршилиги: КГБ тириклай ёқиб юборган жосус ким эди?

Ўтган асрнинг 60-йилларида совет ҳарбий жосуси Олег Пенковский МРБ ва МИ-6 ходимлари билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб, қамоққа олинади. СССР олий суди ҳарбий коллегияси уни давлатга хиёнат қилганликда айбдор деб топади ва Пенковский отувга ҳукм қилинади. Бироқ кейинчалик у отиб ўлдирилмагани, КГБ томонидан тириклай ёқилиб, жараён бўлажак жосусларга «дарс» сифатида кўрсатиш учун тасвирга олингани маълум бўлади.

1963 йил 11 май. Москвадаги СССР олий суди ҳарбий коллегиясида собиқ ҳарбий жосус, иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони, кўплаб орден ва мукофотлар соҳиби Олег Пенковскийга ҳукм ўқилади.

Судья уни ватанга хиёнат қилганликда ва яна бошқа бир қатор жиноятларда айбдор деб топади ва унга ўлим жазосини беради. Ҳукм отиб ўлдириш йўли билан ижро этилиши белгиланади. Суддан сўнг Пенковскийнинг апелляцияси рад этилади.

Ҳукм ўқилгандан сўнг Пенковский отиб ўлдирилмайди, балки тириклайин ёқиб юборилиб, жараён тасвирга олинади. КГБ кейинчалик ўзининг ёш ходимларига «дарс» сифатида кўрсатиш учун шундай йўл тутганди.

Пенковский ҳақидаги расмий ҳужжатларда унинг отиб ўлдирилгани ёзилган бўлса-да, СССР тарқаб кетгандан сўнг собиқ ҳарбий разведка ва КГБ ходимлари унинг ёқиб юборилганини айтиб чиқишганди.

Ўтган асрнинг 50-йиллари иккинчи ярми ва 60-йиллари боши КГБ ва ҳарбий разведка бошқармаси (ҲРБ) учун оғир йиллар бўлади. Сталиннинг вафотидан кейин жуда кўплаб жосуслар хорижга қочиб ўтишади ва Ғарб хавфсизлик хизматларига махфий маълумотларни ошкор қилишади.

Бундан ташқари, Сталин ўлимидан сўнг унинг даврида содир бўлган ноҳақ қатағонлардан хабар топган ходимларнинг айримлари Ғарб махфий хизматлари билан алоқа ўрнатиб, икки томонлама жосуслик қила бошлашади.

Ғарбга қочиб ўтган ёки икки томонлама ишлаган КГБ ва ҲРБ ходимлари асосан АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МБР) ёки Британиянинг Ми-5 ва Ми-6 хизматлари билан ҳамкорлик қилишади.

1961 йилда Финландия орқали Ғарбга қочган Анатолий Голицин, Юрий Логинов, Ғарбий Берлин орқали қочган Богдан Сташинский, 1964 йилда Швейцария орқали АҚШга қочган Юрий Носенко ва бошқалар шулар жумласидан эди.

Бироқ Ғарбга қочишни хоҳлаган ёки МРБ ва МИ-6 билан ҳамкорлик қилган барча КГБ жосусларининг ҳаракатлари муваффақиятли тугамаган. Уларнинг айримлари қўлга тушиб олий жазо – ўлимга ҳукм қилинган. Олег Пенковский ҳам шулардан бири эди.

Фото: rusplt.ru

Олег 1960 йилдан бошлаб Британия ва АҚШ махсус хизматлари билан ҳамкорлик қила бошлайди ва Ғарбга қочишга улгурмасдан қўлга тушади. 1963 йилда Москвада уни суд қилиб, ўлим жазосига ҳукм қилишади.

Ҳукмда Олегни отиб ўлдириш назарда тутилган бўлса ҳам, у бошқача тарзда ўлдирилади. КГБ ходимлари Олегни тириклайин ёқиб юборишади. Жараён бўлажак жосусларга «дарс» сифатида кўрсатиш учун тасвирга олинади. Ўшанда Олег Пенковский 44 ёшда эди.

Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони

Олег Пенковский 1919 йилда Кавказдаги Владикавказ шаҳрида туғилади. (Ҳозир Шимолий Осетия Республикаси пойтахти) 1937 йилда Олег ўрта мактабни битираётган пайтда бу шаҳар Сталиннинг яқин ҳамтовоғи, октябр тўнтаришидан аввал «Халқлар доҳийси»га ўхшаб ўғри ва талончи бўлган Серго Орженикидзе шарафига «Орженикидзе» деб номланарди.

Олег икки йил давомида Киевдаги ҳарбий мактабда ўқийди ва 1939 йилдан бошлаб совет армияси сафида батарея сиёсий раҳбари бўлиб ишлай бошлайди.

1939 йил 17 сентябрда совет армияси Полшага бостириб киради ва Олег бу урушда қатнашади. Полшанинг шарқий қисми СССР таркибига қўшиб олингач у пойтахтга қайтади ва Москва ҳарбий округида хизматини давом эттиради.

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач Олег аввалига Москва ҳимоясида қатнашади. Кейинчалик вазият советлар фойдасига ҳал бўла бошлагач у Германиягача боради ва унвони ошиб, гвардия полки командири даражасигача етади.

Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонликлари учун Пенковский «Қизил юлдуз», «Қизил байроқ» ва «Александр Невский» каби орден ва бошқа кўплаб медаллар билан тақдирланади.

Фото: toptenz.net

Олег 1949-1953 йиллар давомида совет армиясининг ҳарбий-дипломатия академиясида ўқийди ва шундан сўнг давлат ҲРБга ишга олинади.

1955 йилда Олег СССРнинг Туркиядаги элчихонасида ҳарбий атташе ёрдамчиси сифатида ишлай бошлайди. Бироқ Туркияда бир йилдан сал кўпроқ ишлагач нохуш бир ҳодиса туфайли Москвага чақириб олинади.

Гап шундаки, Пенковский Туркияда контрабанда билан шуғулланади ва элчихона ходимларидан бири уни Истанбул бозорида яширинча тилла тақинчоқлар сотаётганида ушлаб олади. Шундан сўнг у ҲРБдан бўшатилади.

Бошқа маълумотларга кўра Пенковский Туркияда Ғарб жосуслари билан алоқа боғлашга уринади. Бундан хабар топган советлар уни Москвага чақириб олишади.

Бироқ унинг Ғарб жосуслари билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлгани ҳақида етарлича далиллар топилмагани учун жазоланмайди ва ҲРБдан бўшатиш ва оддий ҳарбий хизматга ўтказиш билан кифояланишади.

Ишдан бўшатилиши Пенковскийнинг жаҳлини чиқаради ва ана шу пайтдан бошлаб унда бир тарафдан бошлиқларига ўзини кўрсатиш, иккинчи томондан ҲРБ ва КГБдан ўч олиш иштиёқи пайдо бўлади.

Бир муддат Мудофаа вазирлиги кадрлар бўлимида ишлаган Олег 1957 йилда ҲРБ бошлиғи ўринбосари Александр Роговнинг ёрдами билан бошқармага ишга қайтади.

Ўша пайтда СССР Мудофаа вазири Родион Малиновский, ҲРБ бошлиғи Иван Серов бўлиб, Рогов улар билан жуда дўстона алоқада бўлган. Шундан фойдаланиб у Пенковскийни яна ҲРБга қайтаришга муваффақ бўлади.

1959 йилда Пенковский Ҳиндистонга жўнаб турганида у ерга бошқа ходим жўнатилади. Бу иш унинг эски дардини янгилайди ва шундан сўнг Ғарб разведкаси билан ҳамкорлик қилишга қарор қилади.

1960 йилда унинг амалини кўтаришади ва СССР министрлар совети қошидаги илмий-тадқиқот ишларини координация қилиш давлат қўмитаси бошлиғи лавозимида ишлай бошлайди. Бироқ амалининг кўтарилиши ҳам унинг аламини босмайди.

Фото: wikimedia.org

Икки томонлама жосус

Пенковский Ғарб жосуслари билан ҳамкорликни 1960 йилда бошлайди. Маълумотларга кўра, 1960 йил июн ойида у Москва кўчаларида айланиб юрган икки америкалик талабанинг қўлига мактуб тутқазади ва уни АҚШ элчихонасига етказишни сўрайди.

Мактубда у АҚШликлар билан ҳамкорлик қилмоқчи эканини билдиради. Пенковский америкаликларни ишонтириш учун мактубга 1960 йилда Свердловск яқинида уриб туширилган АҚШнинг разведка самолёти ва унинг учувчиси Фрэнсис Пауэрс билан боғлиқ махфий маълумотларни ҳам қўшган эди.

Бошқа маълумотларга кўра, 1960 йил кузида Пенковский ичига Фрэнсис Пауэрс ҳақидаги маълумотлар солинган папкани АҚШнинг Москвадаги элчихонасига ўзи олиб бориб беради.

Кейинчалик Британия разведкаси томонидан эълон қилинган маълумотларда Пенковский 1958 йилдаёқ Ғарб разведкаси билан алоқага чиқишга урингани ва 1960 йилда АҚШ элчихонасига эмас, Канада элчихонасига киришга урингани ёзилганди.

Пенковскийнинг ўзи Ғарб разведкаси билан Москвада эмас, 1960 йил апрел ойида Лондонга қилган сафари пайтида алоқа ўрнатганини айтган.

Лондондаги учрашувда МИ-6 ходимлари Пенковскийга сўнгги русумдаги Minox портатив камерасини беришади ва унда ишлашни ўргатишади. Бундан ташқари улар Пенковскийга ўзлари шубҳаланган мингдан ортиқ совет фуқароларининг расмларини кўрсатишади. Пенковский улар орасидан 700 нафар КГБ ва ҲРБ ходимларини таниб, ажратиб беради.

Пенковский таниган одамларнинг бир қисми СССРнинг Ғарб давлатларидаги элчихоналарида ходим ниқоби остида ишлаётгани маълум бўлади.

Британияда Пенковскийга шубҳа туғдирмаслик учун Лондонга бошқа келмаслигини ва зарур ҳолатларда Гревилл Винн билан алоқага чиқишини айтишади. 1960 йил май ойида Пенковский Москвага қайтиб келади.

Гревилл Винн ва Олег Пенковский

Пенковский Москвага қайтгач бир неча нафар АҚШлик ва британиялик жосуслар билан танишади. Улар орасида британиялик жосус Гревилл Винн ҳам бор эди. Пенковский асосан у билан ҳамкорлик қилади ва махфий ҳужжатларни етказиб туради.

Бир йил ҳамкорлик қилганидан сўнг Пенковский 1961 йил Лондонга яна боради. У Британия пойтахтида 18 июлдан 8 августгача бўлади. Иккинчи борганида Пенковский Лондонда АҚШлик ва британиялик жосуслар жамоаси билан учрашади ва уларга қимматли маълумотлар тасвирга туширилган фотоплёнкани беради.

Ўша ерда унга жосуслик вазифаларини бажариб бўлгач Британия фуқаролиги ва моддий рағбатлантириш ҳақида ваъда беришади. Бироқ Пенковскийга Британияга қочиб ўтиш насиб этмайди.

У Лондонда бўлганида Анна Чизхолм исм-шарифли аёл билан таништиришади. Анна ва унинг эри Британиянинг Москвадаги элчихонасида элчи ёрдамчилари ниқоби остида ишлашарди.

Лондондан қайтишда Пенковский самолётда тасодифан ҲРБ бошлиғи Иван Серовнинг қизини учратиб қолади. У Британияга қилган саёҳатидан сўнг уйга қайтаётган эди. Олегда Серовни ҳам ғарбликлар билан ҳамкорликка тортиш керак деган режа пайдо бўлади.

Пенковский Москвага қайтганидан сўнг совға-салом кўтариб Серовни йўқлаб боради. Кейинчалик Пенковский қўлга тушиб тергов қилинаётганда Серовга ҳам Британия жосуслари билан ишлашни таклиф этгани ва ундан рад жавобини олганини айтади. Бироқ генерал бу гапларни рад этади ва Пенковский ўзига бу таклиф билан чиқмаганини билдиради.

1961 йил 20 сентябрда Пенковский Парижга боради ва у ерда Гревилл Виннга қимматли махфий маълумотлар тасвири туширилган фотоплёнкани беради. Унда асосан СССРнинг қитъалараро баллистик ракеталари ҳақида маълумотлар бор эди.

Пенковскийнинг фош этилиши ва қўлга олиниши

Пенковский Москвада бўлганида махфий маълумотлар тасвири туширилган фотоплёнкаларни асосан Анна Чизхолмга етказиб турарди. КГБ Пенковскийдан илк марта 1961 йил декабр ойида шубҳалана бошлайди.

Ўшанда у Анна билан учрашиб, унга конфет қутисига яширилган 22 та фотоплёнка беради. КГБ ходимлари унинг Аннага фотоплёнка берганини сезишмайди, бироқ иккаласининг тўқнашиб кетиши тасодиф эмаслигини тахмин қилишади. Шундан сўнг Пенковский доимий кузатувга олинади.

Кейинчалик Пенковский Анна билан тез-тез тўқнаш келиши аниқланади. Ўша пайтда КГБ Пенковскийни қўлга олса бўларди, бироқ бундай қилмайди ва улар арқонни узунроқ ташлаб қўйишади. Шу билан бирга Пенковскийни хорижий сафарларга чиқармай қўйишади.

Пенковский ўзини кузатув остига олишганини биларди. 1962 йилда Москвага Гревилл Винн келади ва Пенковский билан учрашиб ундан муҳим маълумотларни олади.

Ана шу учрашувда Пенковский Виннга ўзини кузатишаётганини айтади ва ўзини тезроқ хорижга ўтказишни илтимос қилади.

КГБ Пенковскийни ҳар бир қадамини кузатиш ва доимий назоратга олиш учун у яшайдиган уй рўпарасидаги бинода кузатув пункти ташкил этади. Кейинроқ эса Пенковскийнинг уйига яширинча камералар ўрнатилади.

1962 йилнинг кузида Пенковский Фан ва техника давлат қўмитаси ходими сифатида АҚШга бориши керак эди. Ўшанда у океан ортидан қайтмасликка қарор қилганди. Бироқ совет хавфсизлик хизмати у АҚШга борса ортга қайтмаслиги мумкинлигини билиб турганди.

Шу сабабли КГБ ходимлари уни енгил заҳарлайди. Пенковский шифохонага ётади ва сафардан қолиб кетади. Пенковский шифохонада эканида КГБ ходимлари унинг уйида яширинча тинтув ўтказади ва у ердан кўплаб махфий маълумотлар топилади.

Фото: lenta.ru

1962 йил 22 октябр куни Пенковский АҚШ элчихонаси ходими билан учрашиб, унга махфий маълумотлар бераётганида қўлга олинади ва КГБнинг Лубянкадаги идорасига олиб келинади. У ерда ўтказилган тўрт кунлик сўроқдан сўнг Пенковский Ғарб жосуслари билан ҳамкорлик қилиб келганини тан олади.

Пенковский аввалига Ғарб жосусларидан маълумот олиш учун уларга унча аҳамияти бўлмаган маълумотларни берганини ва ўрнига улардан қимматли маълумотлар олгани ҳақида айтади.

Бироқ Пенковский ҳибсга олингандан ўн кун ўтиб 1962 йил 2 ноябр куни Будапештда КГБ Гревилл Винни ҳам қўлга олади. Винн Москвага олиб келингач Пенковский икки томонлама жосус эмаслиги ва фақат Ғарб хавфсизлик хизматлари учун ишлагани ойдинлашади.

Гревилл Винн совет судида

Шунингдек, 2 ноябр куни Москвада АҚШ элчихонаси ходими Ричард Карл Жэкоб ҳам ушланади. Ўша куни «Правда» газетасида бу ҳақда кичик хабар берилади.

«2 ноябр куни совет давлат хавфсизлик органлари ходимлари томонидан АҚШ элчихонаси ходими Ричард Карл Жэкоб Москва шаҳри Пушкин кўчасида жойлашган 6-рақамли уйнинг йўлагида номаълум шахсдан жосуслик материалларини олаётганда ушланди», дейилганди хабарда.

«Правда»да чиққан хабарда исм-шарифи келтирилмай «номаълум шахс» ким бўлгани ноаниқлигича қолади.

Пенковский қўлга олингандан сўнг уни иккинчи марта ҲРБга ишга олган Совет иттифоқи қаҳрамони, ҲРБ бошлиғи Иван Серов ишдан олинади. Унинг барча унвонлари ва мукофотлари тортиб олинади.

Олти ой давом этган тергов жараёнларидан кейин Пенковский иши судга оширилади. Уни СССР олий суди ҳарбий коллегияси суд қилади.

Суд очиқ мажлис кўринишида бўлса ҳам суд залида оддий фуқаролар ва хорижий кузатувчилар йўқ эди. У ерда фақат оддий фуқаролар ролини ўйнаётган КГБ ходимлари ўтиришади.

Олег Пенковский судда

Суд жараёнида Пенковский Ғарб жосуслари билан 18 ой давомида ҳамкорлик қилгани ва шу вақт мобайнида уларга 5 мингдан ортиқ махфий маълумотларни бергани очиқланади. Пенковский судда ўз айбини тан олади ва енгиллик беришни сўрайди.

1963 йил 11 май куни суд ҳукми эълон қилинади. Унга кўра, Пенковский ватанга хиёнат қилишда айбдор деб топилади ва отувга ҳукм қилинади. Пенковский апелляция беради, бироқ у рад этилади.

Пенковский тириклайин ёқилганми?

1963 йил 16 май куни ТАСС Бутирка қамоқхонасида ҳукм ижро этилгани ва ватанга хиёнат қилишда айбдор деб топилган Пенковский отиб ўлдирилгани ҳақидаги хабар тарқатади.

Бироқ кейинчалик Пенковский ўша куни отиб ташланмагани, бошқаларга дарс бўлиши учун тириклай ёқиб юборилгани ва жараён видеотасвирга олингани ҳақида гап-сўзлар чиқади.

СССР тарқаб кетгандан сўнг Пенковский ишига тааллуқли кўплаб махфий маълумотлар ошкор қилинади. Бундан ташқари, Пенковскийнинг замондошлари бўлган собиқ КГБ ходимлари у қандай ўлдирилганини айтиб чиқишади. Улардан бири ҲРБ собиқ ходими Владимир Резун эди.

Шартли «Виктор Суворов» исм-шарифи билан фаолият юритган Резун кейинчалик ўзининг «Аквариум» деб номланган асарида Пенковскийнинг ўлдирилиши тафсилотларини батафсил тасвирлаган.

Олег Пенковский ҳақида соет матбуотида чиққан хабар

Унга кўра Пенковский отиб ўлдирилмаган. У Бутиркадаги ўликларни ёқадиган махсус печда тириклайин ёқилган. КГБ ходимлари бошқаларга дарс бўлиши учун жараённи видеотасвирга олган ва кейинчалик улар жосуслар тайёрлайдиган мактабларда кўрсатилган.

Бошқа ходимлар Пенковский тириклай ёқилганини инкор қилишади ва у отиб ўлдирилганини айтишади. Бироқ собиқ иттифоқ даврида кўп ишлар яширилгани инобатга олинса Пенковскийнинг тириклай ёқилгани ҳақиқатга яқин.

Гревилл Винннинг тақдири

Пенковский ҳамкорлик қилган Гревилл Винн жосусликда айбдор деб топилади ва унга 8 йил қамоқ жазоси берилади. Бироқ у СССРдаги қамоқхонада бир йил ҳам ўтирмайди.

1964 йил апрелда Гревилл Винн советлар фойдасига жосуслик қилгани учун Британия қамоқхонасида ўтирган Конон Молодийга алмаштирилади. Конон 1961 йилда қўлга тушган ва Британия суди унга йигирма йил қамоқ жазоси тайинлаганди.

Эр-хотин Чизхолм ва Пенковский билан ҳамкорлик қилган бошқа жосуслар элчихона ходими сифатида дипломатик дахлсизлик мақомида бўлгани учун СССРдан чиқариб юборилади.

2020 йилда Британиялик режиссёр Доминик Кук томонидан Пенковскийнинг ҳаёти ва унинг ва Гревилл Винн ҳамкорлиги ҳақида бадиий фильм суратга олинади.

«Жосуслар ўйини» деб номланган фильмда Пенковский ролини таниқли грузин актёри Мераб Нинидзе ижро этган. Фильм кинотанқидчилар томонидан ижобий баҳоланган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top