19:01 / 03.03.2023
31988

Россиянинг ички ҳудудларига дронлар зарбасини ким уюштирди? Зарбалар Россия ҳудудидан амалга оширилган бўлиши мумкинми?

28 феврал куни Украина қуролли кучлари Россиянинг ички ҳудудларидаги нишонларига яна зарбалар берди. Бу иккинчи шундай рейд — биринчиси декабр ойи бошида кузатилганди. Ўшанда Украинанинг учувчисиз қурилмалари Рязан ва Саратов областларида жойлашган иккита аэродромдаги Россия Аэрокосмик кучларнинг стратегик бомбардимончи самолётларини шикастлашга муваффақ бўлган эди.

Курск аэродромидаги ёнғин, 2022 йил 6 декабр. Фото: ТАСС

Бу сафар, воқеа жойидан олинган видеоларга қараганда, дронлар ўз нишонига етиб бора олмаган. 28 феврал куни Краснодар ўлкасидаги нефт омбори яқинидан ва Москва областидаги даладан дрон қолдиқлари топилди. Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларга кўра, 27 февралда Минск яқинидаги авиабазага уюштирилган дрон ҳужуми ҳам Россиянинг А-50 радиолокацион разведка самолётига зарар етказа олмаган.

3 мартга ўтар кечаси Москва областидаги Коломна шаҳрида портлаш юз берди. Маҳаллий нашрлар дрон ҳавода портлаганини маълум қилди. Бироқ ҳозирча дрон қолдиқлари топилмаган. Россия энергетика вазирлиги портлаш натижасида инфратузилмаларга ҳеч қандай зарар етмагани, объектлар доимий режимда ишлаётганини маълум қилган.

Бироқ, дрон ҳужумларининг бундай натижасини Россия армиясининг муваффақияти деб аташ қийин: афтидан, РФ қуролли кучлари учувчисиз қурилмаларни фақат нишонга яқинлашгандагина уриб тушира олади. Демак, улар Украина чегарасидан минг километр узоқликкача бўлган масофадаги барча муҳим объектларга ҳимоя тизимлари ўрнатиши керак. Украина қуролли кучлари, шубҳасиз, бундай ҳужумларни давом эттиради ва эҳтимол, уларнинг кўпчилиги муваффақиятли якунланади. Тўғри, Украина расмийларининг ўзлари ҳам зарбаларга алоқадорликларини рад этмоқда.

Дронлар зарбаси Зеленский девони айтаётгандек «ички ҳужум» бўлиши мумкинми?

Эҳтимоли кам. Дронлар ҳалокатга учраган жойлардан олинган фото ва видеодаларда советлар иттифоқи даврида ишлаб чиқарилган «Стриж» (Украина қуролли кучлари декабр ойидаги зарбаларда ҳам шу дрондан фойдаланганди) ва Украинада ишлаб чиқарилган зарбдор дронлар қолдиқларини кўриш мумкин. Қолаверса, партизанлар бундай йирик қурилмаларни (масалан, «Стриж»нинг узунлиги 14 метрни ташкил қилади ва уни отиш учун махсус ғилдиракли ишга туширгич керак бўлади) Россия ҳудудидан ишга тушира олишига ишониш қийин.

Катта эҳтимол билан, дронлар Украина ҳудудидан учирилган ва уларни Россия ҳаво мудофааси мамлакат ичкарисидаги нишонларга етиб боргандагина аниқлаган. Ёки, эҳтимол, умуман аниқлай олмаган: дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилганми, ёки ўзидаги носозлик сабаб қулаганми ёхуд радиоэлектрон кураш тизимлари уларни ишдан чиқарганми — бу ҳозиргача номаълум.

Қандай дронлардан фойдаланилган?

Камида битта ҳолатда (Адигейдаги номаълум нишонга зарба беришда) Украинада модернизация қилинган ТУ-141 «Стриж» дрони ишлатилган. Украина қуролли кучлари декабр ойида худди дронлар билан Россиядаги нишонларга зарба берганди.

Душманнинг фронт чизиғи орқасини тезкор разведка қилиш учун мўлжалланган ушбу дрон 1970-йиллар охирида ишлаб чиқилган. У компьютер хотирасига аввалроқ киритилган йўналиш бўйлаб товуш тезлигига яқин тезликда минг километр масофани учиб ўта олади. Машина замонавий стандартларга кўра жуда катта эди: унинг узунлиги деярли 15 метр, оғирлиги эса беш тоннадан ортиқ бўлган.

1990-йилларга келиб, «Стриж» анча эскирган эди: дрон икки километрдан ортиқ баландликдан стандарт отиш режимида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун нисбатан осон нишонга айланарди. Ўша пайтдан бери бу дрон Россия Федерацияси ва Украина қуролли кучларида зенит-ракета тизимларининг ҳисоб-китобларини ўрганиш учун нишон сифатида ишлатилган. Бошқа нарсалар қаторида, дроннинг сенсорлари ҳам эскирган (асосий версияда кинокамералар ишлатилган). Бироқ, 2014 йилдан кейин Украина қуролли кучлари «Стриж»ларни разведка юмушлари учун яна ҳарбий хизматга қайтарди ва Донбассда улардан фойдаланди.

2022 йил октябр ойида Украина минг километр масофага уча оладиган ва 75 килограмм оғирликдаги жанговар каллакка эга бўлган ўзининг оғир худкуш дронини ишлаб чиққани ва эндиликда саноат даражасида ишлаб чиқаришга тайёрланаётганини эълон қилди. Ва 4 декабр куни, Россиядаги аэродромларга дронлар зарбаси берилиши арафасида янги дронлар «сўнгги синовлар»дан ўтаётгани маълум қилинди. Эҳтимол, бу Ту-141’нинг чуқур модернизация қилинганини англатарди. Бунинг учун Украинада ишлаб чиқариш ва муҳандислик базаси мавжуд: СССРнинг «Стриж» дронлари Харкивдаги авиация заводида ишлаб чиқарилган.

Очиқ маълумотларга кўра, «Стриж» ўз маршрутининг бир қисмини 50 метр баландликда учиб ўта олади. Бу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари вазифасини жуда мураккаблаштиради. Чунки баландлик қанчалик паст бўлса, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг учувчи қурилмани аниқлаш ва ўққа тутиш масофаси шунчалик қисқа бўлади. Ва қурилмани уриб тушириш имконияти ҳам камаяди.

Асосий версиядаги «Стриж» дрони зарба бериш қобилиятига эга эмас. Бироқ, украиналиклар дронга бу хусусиятни қўшишга ҳаракат қилган. Россия ва Украина ўртасидаги кенг кўламли урушнинг бошида Винница областидан ҳавога кўтарилган Украина қуролли кучларининг Ту-141 дрони Хорватия пойтахти Загребга қулаб тушди (катта эҳтимол билан, бошқарувни йўқотган). Хорватиялик терговчилар ушбу дрондан 120 килограммлик портловчи моддани топди.

1970-йиллардаги «Стриж» дронлари инерциал тизим ёрдамида разведка қилишга мўлжалланган ва шу сабаб улар ихчам нишонларга зарба бериш учун етарли аниқликка эга бўлиши шарт бўлмаган. Бироқ, 2020-йилларга келиб бу муаммони кенг тарқалган фуқаролик технологиялари — сунъий йўлдош навигация тизимидан сигнал қабул қилувчилар ва контроллерлар ёрдамида ҳал қилиш мумкин. Айнан ушбу тўплам Россия армиясида («Герань-2») ишлатилаётган Эроннинг Shahed-136 худкуш дронларида қўлланилади.

Назарий жиҳатдан, бундай реактив худкуш дронлар (жанговар каллак билан жиҳозланган «Стриж») қанотли ракеталарнинг аналогидир. Бироқ, «Стриж» айнан қандай модернизациядан ўтгани номаълум. Агар асос сифатида ҳақиқатан ҳам Ту-141 ишлатилган бўлса, шуни эсда тутиш керакки, 1980-йилларда Харкив авиация заводи атиги 150 га яқин дрон ишлаб чиқарган. Демак, Украинада (айниқса, уруш шароитида) бу дронларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, бундай дронлар билан ҳужум қилишнинг энг самарали усули ўнлаб шундай учувчисиз қурилмалар билан бир вақтда зарба беришдир. Бу фақатгина бир неча нишонларни ўққа тута оладиган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини чалғитади. Россия қуролли кучлари Украинадаги нишонларга оммавий зарбалар берганда айнан шу усулдан фойдаланади.

Қолаверса, «Стриж»нинг барча эҳтиёт қисмлари Украинада ишлаб чиқарилмаган. Бироқ, энг муҳим қисмлар (масалан, Запорижжядаги «Мотор Сич» концерни томонидан ишлаб чиқарилган двигател) мамлакатда мавжуд. Қолган барча қисмларни сотиб олиш мумкин. Украина, Россиядан фарқли ўлароқ, мудофаа секторига қарши қаратилган санкцияларга дучор бўлмаган.

Украина қуролли кучлари эндиликда Россиянинг ички ҳудудларидаги нишонларни мунтазам равишда бомбардимон қила оладими?

Биринчи зарбалар тажрибаси бир қанча саволларни очиқ қолдирди. Жанговар каллагининг нисбатан кичик массасини ҳисобга олган ҳолда, Украина дронларининг аниқлиги етарлими ёки йўқлиги, ҳозирча номаълум. 5 декабр куни амал оширилган биринчи ҳужумлар сериясида дронлар бирорта ҳам бомбардимончи самолётни тўлиқ йўқ қила олмади ва ҳатто бу бомбардимончиларнинг Украинадаги нишонларга ҳужумини ҳам тўхтата олмади. Февралдаги зарбалар нишонларга умуман етиб бора олмади. Россия мудофаа вазирлиги декабрда ҳам, февралда ҳам дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Аммо буни тасдиқловчи ҳеч қандай далил йўқ.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай дронлар Украина HIMARS ёппасига ўқотар тизими учун Ғарбдан сўраётган узоқ масофага (500 километргача) учувчи ATACMS баллистик ракеталари ўрнини боса олмайди. Бу ракеталар Украинага етказиб берилмади, чунки АҚШ расмийлари Россия Федерациясининг ички ҳудудларидаги нишонларга зарба бериш можаронинг назоратсиз кучайишига олиб келишидан хавфсиради.

ATACMS жуда юқори аниқлик ва 560 килограмм оғирликдаги жанговар каллакка эга. Январ ойида АҚШ Украинага HIMARS учун 150 километр масофадаги нишонларга зарба бера оладиган ракеталарни ваъда қилди.

Шундай бўлса-да, Украина Россиянинг орқа чизиқдаги нишонларига зарба берувчи қуролларга эга бўлиш учун барча имкониятини ишга солишига шубҳа йўқ. 28 февралдаги зарбалар нафақат «Стирж»лар томонидан, балки Украинада ишлаб чиқарилган секин учувчи, кичикроқ дронлар билан ҳам амалга оширилди (Россия армияси ишлатувчи Эроннинг Shahed-136 дронини эслатади). Бундай дронлар оғир реактив дронларга қараганда анча арзон ва кенг кўламли зарбалар пайтида уларни яхши тўлдиради. Россия қуролли кучлари ҳам айнан шу тактикадан фойдаланади. Улар қанотли ракеталар ва Shahed-136 дронларини билан биргаликда ҳужумга ташлайди.

Аммо Украина дронлари ҳужуми Россияга жиддий ҳарбий зарар етказмаган тақдирда ҳам, россияликларни дронларнинг янги ҳужумларини тўхтатиш учун қўшимча маблағ сарфлашга мажбур қилади. Россия армияси эндиликда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан нафақат фронт чизиғи ва Украина билан чегарани, балки мамлакат ички ҳудудларни ҳам таъминлашга мажбур бўлади.

Россия ҳарбий қўмондонлиги ҳам Украинадаги стратегик бомбардимонлари орқали худди шундай мақсадга эришишни кўзлаган. Эндиликда Украина қуролли кучлари бунга симметрик тарзда жавоб бера олишини кўрсатди (кичикроқ кўламда бўлса ҳам).

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top