10:13 / 04.03.2023
16280

Метро тагида қолаётган уйлар – аҳоли “снос”дан умидвор, ҳокимлик эса “амаллашдан”

Сергелида ерусти метроси қурилаётган ҳудуддаги уйлар анча йиллар олдин “снос”га тушган. Аммо ҳанузгача бу хонадонлар бузилиши пайсалга солиб келинмоқда. Янги метро линиясининг ўтиши эса дард устига чипқон бўлди: қурилиш ишларида хавфсизлик талабларига риоя қилинмаяпти. Масъулларнинг бефарқлиги одамларга қимматга тушмоқда.

 

Аҳоли нимадан норози?

Сергели туманининг Қурувчи маҳалласи, Хонабод 1-тор кўчаси бўйлаб ерусти метроси қурилиши давом этяпти. Гап шундаки, ҳозирда мазкур ҳудуд хавфли зонага айланиб қолган: чуқурлар қазиб ташланган, махсус техникалар эса тун-у кун ишлаяпти. Қурилиш ва аҳоли яшаётган пункт оралиқ масофаси 5 қадам ҳам чиқмайди.

Яшовчиларнинг Kun.uz мухбирига таъкидлашича, бу ишлар аҳолини огоҳлантирмасдан бошлаб юборилган.

“Бизни ҳеч ким хат-ҳужжатлар билан таништирмади. Фуқаролик, инсоний ҳуқуқларимизни оёқости қилиб, менсимаган ҳолда транспортларни олиб келиб ташлашди ва кавлашни бошлашди.

Эрталаб 5-синф қизим 1-синф қизимни мактабга олиб кетаётганда, иккита катта юк машинаси орасида қолиб кетганини айтди. Мутасаддилар қачон ҳаракат қилишади? Нега бизни, инсон ҳуқуқларини оёқости қилишяпти, қонунларга амал қилишмаяпти”, – дейди маҳалладаги хонадон эгаларидан бири Назокат Холжонова.

“Нимага огоҳлантирмасдан қазиб ташлаётганини сўрасак, “Сизларни нега огоҳлантиришимиз керак, бу – давлатнинг ери, ҳамма чиқиб ўзи эшитяпти. Сизнинг уйингизни ҳеч ким қазимаяпти-ку”, дейишди. Майли, кимдир келсин, текширишсин, кўрайлик, десак, қўлимиздан телефонимизни тортиб олиб, 5-6 нафар ички ишлар ходими ёпишиб кетди.

Қурилаётган метро билан уйнинг оралиғи қанча бўлиши керак, шунга ҳеч ким жавоб бермаяпти. Сўрасак “Метро еростидан ўтса устида, ерустидан ўтса остида яшайверасизлар”, дейишди. Ҳозир қонун шунақа экан”, – дейди фуқаролардан яна бири. 

Ерусти метроси қурилиши бошланганига анча бўлган. Жараённинг 2-босқичи учун 2020 йил декабрь ойида “Ўзбекистон темирйўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси масъул бўлган. Ҳозирда Қўйлиқдан Сергелигача олиб борувчи 7 бекатдан 5 таси битган. Яна 2 тасини барпо этиш ишлари кетмоқда.

Лекин шу вақт давомида айнан “Хонобод 1-тор” кўчада қурилишнинг хавфсизлик чоралари кўрилмаган: “яма”лар атрофи ўралмаган, очиқ аҳволда турибди. Махсус транспорт воситалари ишлаётгани сабаб атроф чангга тўлган.

Қазиш, кавлаш жараёнида хонадон деворларига шикаст етказилган ҳолатларни ҳам кўрдик. Баъзилари ичидан, баъзилари ташқарисидан ёрилган ёки умуман ўпирилиб кетган.

Вазиятдан ҳоким хабардор

Мазкур ҳолатдан Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуровнинг шахсан ўзи хабардор. Кўплаб шикоят, норозиликлардан сўнг у ҳудудга келиб ҳам кетган.

“Яқинда Сергели тумани ҳокими келганда мурожаат қилдик, шунда у уйлар бузилмаслигини айтди. Лекин 2 йил олдин ҳокимиятдан вакиллар келиб, уйларимиз бузилишини айтиб, ҳужжатларни йиғиб кетганди. Уйларимизни баҳолатган эдик ҳам ўшанда. Энди ҳозир бизга шу уйда яшайверасизлар дейишяпти. Бу чанг-тўзонларда қандай ўтирамиз? Қизимнинг чангга аллергияси бор.

Ҳоким келган куни тез тиббий ёрдамни чақирдим, у ҳам уйимизга киролмасдан йўлнинг нариги томонида қабул қилди.

Орқадан йўл қилиб берамиз, дейишди. Орқада қўшниларим бор, кўчага чиқиш учун энди қўшнимга айтиб ўтираманми? Ҳолатни ўрганиб, кейин қарор чиқариш керакмасми?! Бизни қийнамасдан хонадонлар ичига кириб, суриштириш ишларини олиб бориб, кейин шу қурилишларни қилса бўлар эди”, – деди Хонобод 1-тор кўчасида яшовчи Дилдора Калимбетова.

Ҳолат юзасидан аввалига янги метро қурилиши буюртмачиси ҳисобланган Тошкент шаҳар ҳокимияти билан боғландик. Шаҳар ҳокимияти бу масалада Сергели тумани ҳокимлиги билан гаплашишимиз кераклигини айтди.  

Сергели туман ҳокимияти матбуот хизмати эса масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимияти жавоб беришини билдирди. Масъулларнинг бу сансоларлиги бориб-бориб, оддий аҳоли елкасига тушмоқда. Бузилишга тушган қизил ҳудуддаги уй эгаларига на компенсация бериляпти ва на хавфсиз яшаши учун шароит яратиляпти.  

Қурилиш нормаларига зид ишланмоқда

Шаҳарсозлик кодексининг 9-моддасига кўра, ҳар бир фуқаро қулай ҳаёт фаолияти муҳитига бўлган ҳуқуққа эга. Шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда фуқароларнинг қулай ҳаёт фаолияти муҳитига бўлган ҳуқуқи шаҳарсозлик фаолиятининг давлат томонидан тартибга солиниши таъминланиши қайд этилган.

Шунингдек, кодекснинг 10-моддасида шаҳарсозлик фаолиятига доир асосий талаблар сифатида ҳудудлар ва аҳоли пунктларини табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсиридан ҳимоя қилиш белгиланган. 67-моддада эса муҳандислик ва транспортга оид инфратузилма зоналари қулай ҳаёт фаолияти муҳитига транспорт, алоқа иншоотлари, коммуникациялари ҳамда муҳандислик ускуналари зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш, бундай объектлардан то турар жойлар, ижтимоий-амалий, рекреация зоналари ҳудудларига қадар зарур масофа бўлишига, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, қуришнинг махсус нормативлари ҳамда қоидалари талабларига риоя этилиши орқали таъминланиши қайд этилган. Фойдаланилиши фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига тўғридан тўғри зарарли таъсир кўрсатадиган транспорт, алоқа иншоотлари ва коммуникацияларини ҳамда муҳандислик ускуналарини аҳоли пунктлари доирасида жойлаштиришга йўл қўйилмайди. 

Қуйидаги саволлар очиқ қолмоқда: 

– ерусти метро линияси ўтаётган ҳудудларда нечта уй бузилишга тушган ва шунинг қанчаси бузилиб, уй эгаларига компенсация тўловлари ундирилган?;

– нима сабаб ҳанузгача Қурувчи маҳалласи, Хонобод 1-тор кўчасидаги 22 та хонадон бузилмай келмоқда? Қайси ҳужжатга кўра, одамлар яшаётган ҳудудда қурилиш бошлаб юборилган? Бу қанчалик тўғри?;

– жараёнда қурилиш меъёрларига амал қилиняптими? Бундай ҳолатда қурилиш ва одамлар яшайдиган жойлар оралиғи қанча масофани ташкил этиши керак?;

– ҳудудда нега хавфсизлик чоралари кўрилмаган, бунга қандай изоҳ берилади?

 Умуман олганда, ерусти метроси қурилиши давом этишидан кўплаб инсонлар манфаатдор. Жамоат транспортлари орасида метро линияси кенгайиши инсонлар фаровон яшаши учун хизмат қилади.

Аммо жараёнда халқ хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг розилигини олиш ҳам аҳамиятга эга.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи – Жавоҳир Ғайратов.

Top