Бахмут атрофидаги йўллар ва Вуҳледарда учаётган дронлар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 374-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Москвада аёл киши Украина қуролли кучларига молиявий ёрдам беришда гумонланиб қўлга олинди. Унга давлатга хиёнат қилиш бўйича иш очилган, у 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Қўлга олинган аёл шахси ва бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.
- Сергей Шойгу Россиянинг Украинада жанг қилаётган «Восток» гуруҳини текширди. РФ мудофаа вазирлиги эълон қилган видеода Шойгу вертолёт бортида, кейин аҳоли яшаш пунктидаги кўчада ва бино ичкарисида ҳарбийлар даврасида акс этган. Бу видео қачон ва қаерда олинганини оператив аниқлаш имконсиз.
- Astra ва Baza манбалари Белгород областидаги «Транснефт» нефт қувури нимстанциясига камикадзе дрони билан зарба берилганини хабар қилди. Дрон нефт маҳсулотлари сақланадиган, лекин ҳужум вақтида бўш турган резервуарга урилган, жабрланганлар йўқ.
- Украинага Европарламент раҳбари Роберт Метсола ташриф буюрди. У Лвивда Володимир Зеленский билан учрашди. Зеленский Киев Украинанинг ЕИга аъзолиги бўйича музокараларни шу йилдаёқ бошлашни хоҳлашини айтди.
- 2 март куни Запорижжяга берилган ракета зарбаси қурбонлари сони 13 нафарга етди.
- Украина ҳукумати «Россия кўнгиллилар корпуси»нинг Брянск областидаги амалиётидан хабардор бўлган, бу ҳақда гуруҳ командири Денис Капустин маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, акциядан мақсад чегара Россия томонидан қанчалик ёмон қўриқланишини кўрсатиш, шунингдек Россия аҳолисини режимга қарши илҳомлантириш бўлган.
Кун кадри. Часив Яр
Британия разведкасига кўра, Украина қуролли кучлари Донецк областидаги Бахмут шаҳрини мудофаа қилиши тобора қийинлашмоқда, Россия армияси бу шаҳарни эгаллаш учун ўтган йил ёзидан буён ҳужум қилмоқда. Украина қўмондонлиги мудофаани кучайтирмоқда ва ҳудудга элита қисмларини юбормоқда, аммо РФ қўшини шаҳар томон силжишда давом этмоқда. Украина армияси таъминот йўллари эса борган сари чекланмоқда.
Бундай йўллардан бири Бахмутдан 13 километр ғарбдан Часив Яр шаҳри орқали ўтади. Шу кунларда Россия кучлари Бахмутни Часив Яр билан боғловчи асосий йўлдаги кўприкни портлатган. Часив Ярнинг ўзи ҳам мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, шаҳар аҳолисининг асосий қисми эвакуация қилинган, аммо шаҳарда одамлар қолиши давом этмоқда.
Бахмут атрофидаги йўллар
Бахмут атрофидаги жанглар етти ойдан буён тўхтамаяпти. Сўнгги кунларда Украина томони ҳам шаҳар яқин вақтлар ичида РФ армияси томонидан босиб олиниши мумкинлигини тан олмоқда. Америкадаги Урушларни ўрганиш институти 5 март кунги ҳисоботида Россия қўшинларининг Бахмутни штурм қилиш учун мунтазам уринишлари улар шаҳарни қуршаб олгани ёки эгаллаганидан дарак бермаслиги, аммо «Вагнер» ёлланма жангчилари барибир Украина қуролли кучларини ўз позицияларини тарк этишга мажбур қилаётганини маълум қилган. РФ мудофаа вазирлиги сўнгги брифингида Бахмут йўналишидаги вазият ҳақида тўхталмаган.
Қуйида шаҳарга олиб борувчи йўлларда айни вақтги вазият акс этган суратлар.
Вуҳледар атрофида дрон учирилиши
Донецк областидаги Вуҳледар россиялик ҳарбийлар фаол ҳужум қилаётган яна бир шаҳардир. Украина қуролли кучлари Бош штабида айтишларича, россияликлар бу йўналишда муваффақиятга эриша олмаяпти. Россия томони Вуҳледардаги вазият бўйича изоҳ бермаяпти.
Запорижжяда ҳалок бўлганларни қидириш
Россия қўшини Запорижжяни 2 март куни ўққа тутди — ракета беш қаватли уйга келиб урилган ва бир подъездни тўлиқ вайрон қилган. Воқеа жойида қутқарув ишлари давом эттирилмоқда. Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизматига кўра, қурбонлар сони 13 нафарни ташкил этмоқда. Улар орасида ўз оиласи билан бирга ҳалок бўлган саккиз ойлик қизча ҳам бор.
Мариуполнинг қамалдан бир йил кейинги кўриниши
Россия қўшини Мариуполни эгаллаш ҳаракатларини кенг кўламли босқиннинг илк кунидаёқ бошлаганди. Фақат май ойининг иккинчи ярмига келиб шаҳар устидан тўлиқ назорат ўрнатилади. Ўшанда шаҳардаги сўнгги украин ҳарбийлари таслим бўлишганди, икки мингдан ортиқ ҳарбий «Азовстал» заводида мудофааланишганди. Сентябр ойи охирида Мариупол «ДХР» таркибида Россия томонидан аннексия қилинди.
Мариуполнинг Киев томонидан тайинланган легитим ҳукуматига кўра, шаҳардаги турар жой биноларининг 90 фоизи вайрон бўлган. Россиядан келган қурувчилар уларнинг айримлари ўрнида янги уйлар қуришган.
Мариуполда қамал вақтида ҳалок бўлганларнинг, шунингдек у ердан зўрлик билан олиб кетилган тинч аҳоли вакилларининг аниқ сони маълум эмас. Урушга қадар шаҳарда 450 минг киши яшарди. «ДХР» расмийларига кўра, ҳозирда шаҳарда (Россиядан келган ишчилар ва ҳарбийлар билан бирга) 300 мингга яқинни ташкил этади. Қуйида шаҳарнинг уруш бошланганидан бир йил ўтгандаги кўриниши акс этган суратлар.