Жамият | 15:35 / 06.03.2023
23055
2 дақиқада ўқилади

Қопқондаги текин пишлоқ: ҳеч кимга шунчаки пул тарқатилмайди 

Сўнгги пайтларда одамларнинг пластик карталаридан пул ўғирлаш ҳолатлари кўпайди. Бунинг учун ижтимоий тармоқларда давлатдан маълум миқдордаги моддий ёрдам олиш ҳақидаги эълонлар тарқалмоқда.

Бундай эълонларда СМС-кодни тасдиқлаш таклиф қилинади. Натижа эса маълум: пул тушиши ўрнига, одамларнинг картасидаги пул ечиб олинади.

Фото: ИИВ Киберхавфсизлик маркази

Фирибгарликнинг яна бир кўриниши оммалашмоқда: “Ўзбекистон фуқароларига 1 млн сўм миқдорида моддий ёрдам” кўринишидаги ҳаволани босиш орқали фирибгарлар одамларни тузоғига биринчи қадамни ташлашга мажбур қилади. Ҳаволага ўтгандан кейин “Ёрдам олиш” тугмаси чиқади. Уни босгандан сўнг карта рақам, унинг амал қилиш муддати ва телефон рақами сўралади.

Маълумотлар киритилиб, телефонга келган код жўнатилса, фирибгарларга шунинг ўзи кифоя: одамлар фирибгарлар тузоғига тушади. Алданганларнинг кўпи СМС-кодни ҳеч кимга бермаганликларини айтишади. Лекин улар ўз қўллари билан экранга ёзишганини унутишади.

Фото: ИИВ Киберхавфсизлик маркази

Аввало, пул ўтказиш учун нега картанинг амал қилиш муддати ва телефон рақами сўралаётгани шубҳа уйғотиши керак. Сабаби, пул ўтказиш учун карта рақами ёки телефон рақамининг ўзи етарли бўлади. Қолаверса, давлат ҳеч кимга шунчаки пул тарқатмайди. “Фақат карта рақамини киритинг, пулингизни оласиз”, каби хабарлар эса алдовдан бошқа нарса эмас. “Ҳар бир бола учун оилаларга 785 минг сўм миқдорда нафақа тўлаш тўғрисида фармон кучга кирди”, “Президент фармони: барча ота-оналарга 650 минг сўм миқдорда моддий ёрдам” мазмунидаги хабарларга асло ишонмаслик керак.

Эҳтиёт бўлинг, фирибгарлар тузоғига тушиб қолманг!

Мавзуга оид