08:42 / 08.03.2023
4272

Боррел: Гуржистон нинг «чет эл агентлари» ҳақидаги қонуни ЕИ стандартларига жавоб бермайди

Жозеп Боррел Гуржистонни «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши ҳаракатлар нуқтайи назаридан демократияга содиқлигини қўллаб-қувватлашга чақирди. Полиция аввалроқ Тбилисидаги намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар билан тарқатиб юборган эди.

Фото: Reuters

Гуржистон парламенти биринчи ўқишда қабул қилган «ташқи таъсир» тўғрисидаги қонун лойиҳаси Европа Иттифоқи қадриятлари ва стандартларига мос келмайди, бу эса Тбилисининг Европа Иттифоқига қўшилиш мақсадига зиддир. Бу ҳақда Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг 7 март, сешанба куни эълон қилинган баёнотида айтилади.

«Ҳозирги шаклдаги қонун лойиҳаси фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, бу уларнинг ишидан фойда кўрган кўплаб грузияликлар учун салбий оқибатларга олиб келади», деди Боррел ва ҳужжатнинг якуний қабул қилиниши Гуржистон ва Европа Иттифоқи муносабатларида «жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин» эканини таъкидлади.

Европа дипломатияси раҳбари Тбилисини демократия, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига содиқликни қўллаб-қувватлашга чақирди, шунингдек, халқнинг тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқини эслатди.

Аввалроқ Тбилисида «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилиниши фонида кенг кўламли норозилик намойиши бўлиб ўтди. Парламент олдидаги майдонга бир неча минг киши йиғилди. Гуржистон махсус кучлари митинг иштирокчиларини тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган.

Гуржистон Ички ишлар вазирлиги баёнот билан чиқиб, унда намойиш зўравонлик характерига эга бўлиб, унинг иштирокчилари полицияга қарши «турли хил нарсалар, жумладан, тез ёнувчи нарсалар» қўллаганини даъво қилди. Идора маълумотларига кўра, акция давомида унинг иштирокчилари ҳам, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам жароҳатланган.

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили намойишчиларни қўллаб-қувватлади. У ҳужжатга вето қўйишга ваъда берди. «Гуржистондаги барча ҳокимият институтлари ва биринчи навбатда мен мамлакатимиз Европа Иттифоқига қўшилиши учун ҳамма нарсани қилишга мажбурман, шунда биз Европа интеграциясига йўл очамиз», деди у. «Ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган» ва унга овоз берганлар «конституцияни бузган бўлади», дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Top