Сув пуркагичлар ва калтакланган мухолифатчилар: Гуржистонда полиция намойишчиларни тарқатиб юборди
Тбилисида полиция «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қарши намойишни сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган ҳолда тарқатди. «Гуржистон халқи тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилди», деб ёзди президент Зурабишвили.
Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили парламент яқинида «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасига қарши норозилик намойишининг кескин тарқатилишини қоралади. «Барча масъулият бутунлай ҳукумат зиммасига тушади», - деб ёзди у 30 апрел, сешанба куни X ижтимоий тармоғида #notoRussianlaw - #РоссияҚонунигаЙўқ ҳештегини қўшиб.
30 апрел оқшомида Тбилисида полиция махсус кучлар ёрдамида минглаб одамларнинг навбатдаги норозилик намойишини сув пуркагичлар ва газдан фойдаланиб тарқатишга киришди. Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш тартибини якунлашга улгурмаган ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси депутатлари парламент биносидан бир соатдан кўпроқ чиқиб кета олмади. Paper Kartuli Telegram-каналига кўра, намойишчилар Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунига ўхшаш бўлган шов-шувли қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган депутатларни «шармандалик йўлаги» билан кутиб олмоқчи бўлган.
Ижтимоий тармоқлардаги кадрларга кўра, хавфсизлик кучлари оломонга қарши сув пуркагичлардан фойдаланган ва кўздан ёш оқизувчи газ баллончаларини улоқтирган. Paper Kartuli нашри қўлга олинганлар ҳақида хабар бермоқда.
Эрталаб соат 4 га келиб полиция намойишчиларни тарқатиб юборишга уринишни тўхтатди ва кўп ўтмай Руставели шоҳкўчасини тарк этиб, диққатини парламент биносининг ён эшикларини қўриқлашга қаратди. Қолган намойишчилар бино олдидаги бўш жойни эгаллаб, тўсиқлар билан ОАВдан ажралиб, чиқиндиларни йиғишга киришган.
Агентликларга кўра, полиция ОАВ вакилларига ҳам ҳужум қилган. Хусусан, AFP агентлиги хабар беришича, уларнинг фотографи матбуот вакили эканлиги аниқ кўрсатилганига қарамай, резина таёқ билан калтакланган.
Полиция ОАВ вакиллари ва сиёсатчиларни калтаклади
Хавфсизлик кучлари Гуржистоннинг энг йирик мухолифат партияси – «Бирлашган миллий ҳаракат» раҳбари Леван Хабеишвилини шафқатсизларча калтаклади. Депутат Х ижтимоий тармоғида кўзи шишган ва кўкарган жойлар билан тушган суратини эълон қилди.
— Levan Khabeishvili (@LKhabeishvili) April 30, 2024
БМҲ маълумотларига кўра, полиция Хабеишвилини «ўғирлаб кетган» ва калтаклаган, сиёсатчи ҳозирда касалхонада. Унинг тиши синган, юз суяклари синиши ташхиси қўйилган, деб ёзади News Georgia. «Бу мақсадли жазо ҳаракати эди», деди мухолифатчи «Пирвели» телеканалига берган интервюсида.
1 май куни кутилаётган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуннинг иккинчи ўқиши тугагандан сўнг янги норозилик намойиши бўлиши мумкин. Сиёсий шарҳловчи Гела Васадзенинг Telegram’да хабар беришича, мамлакат бошқа минтақаларидан ҳокимият ҳаракатларига қарши чиққанлар Тбилисига келиб, намойишга қўшилиши эҳтимоли мавжуд.
«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қарши намойишлар
Гуржистон пойтахти Тбилисида 29 апрелга ўтар кечаси парламент биноси ёнида Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуни ўхшаши бўлган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасига қарши бўлиб ўтган минглаб кишиларнинг намойишида вазият кескинлашди. Бир неча юзлаб полициячилар таёқ ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланиб, намойишчиларни қўлга олишни бошлади.
Гуржистонда сўнгги бир неча кун ичида мухолифат кучлари парламент томонидан «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинишига қарши норозилик намойишлари ўтказиб, уни Гуржистон парламентидан чақириб олишни талаб қилмоқда.
ЕИ Тбилисини баҳсли қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирди
Европа Иттифоқи Гуржистон ҳукуматини «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирмоқда. Бу ҳақда Европарламент минбарида 23 апрел куни бўлиб ўтган дебатлар чоғида инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич айтди. «Бу қонун лойиҳаси Европа меъёрлари ва қадриятларига тўғри келмаслиги аниқ, агар у қабул қилинса, Гуржистоннинг келажакдаги Европа йўлини хавф остига қўяди», деди Европа комиссари.
Гуржистон парламенти қонун лойиҳасини 17 апрел куни биринчи ўқишда қабул қилди. «Чет эл агентлари» қонунига кўра, молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хориждан оладиган нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари хорижий манфаатларни олға сурувчи ташкилот сифатида рўйхатдан ўтиши шарт.
Мавзуга оид
14:23 / 21.11.2024
Гуржистондаги норозиликлар ташкилотчилари янги ҳаракат режасини ишлаб чиқади
13:53 / 20.11.2024
Зурабишвили сайловлар юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилди
07:50 / 19.11.2024
ЕИ Гуржистон ҳукуматига ажратилган 121 млн еврони қайтариб олди
22:49 / 18.11.2024