12:16 / 08.03.2023
4781

ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун Эроннинг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум тасдиқланди

Ўзбекистон президенти “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Фото: Алан Кациев

2022 йил 16 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида имзоланган Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат мақомини олиш учун Эрон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум тасдиқланди.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги тўғрисида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Котибиятига тегишли билдиришнома юборади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан сўнг унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.

Самарқандда бўлиб ўтган саммитда Эрон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш бўйича меморандум имзолаган эди.

ШҲТ 2001 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари томонидан асос солинган. Уюшма ҳамкорлари Озарбойжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка ҳисобланади.

ШҲТ мақсадлари барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, терроризмга қарши курашиш, иқтисодий ҳамкорликни, энергетика соҳасидаги шериклик ва илмий-маданий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

2022 йил сентябр ойида Теҳрон ШҲТга аъзо бўлиш тўғрисидаги меморандумни имзолаган эди.

Top