16:03 / 14.03.2023
18487

Донбассдаги украин вертолётлари ва хорижда шуғулланаётган танкчилар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 383-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Ҳаагадаги халқаро жиноий суд Украинага босқин туфайли Россияга қарши икки иш очмоқда. Улардан бири украиналик болалар ва ўсмирларнинг ўғирлаб кетилиши ва уларни Россиянинг «қайта тарбиялаш» лагерларига мажбуран юбориш билан боғлиқ. Иккинчиси – Украинанинг фуқаролик инфратузилмасига атайлаб зарба бериш. Бу ишлар бўйича кимлар айбланиши ҳозирча ноаниқ.
  • The Wall Street Journal нашрига кўра, Хитой раҳбари Си Жинпинг Володимир Зеленский билан музокара ўтказмоқчи. Бу уларнинг уруш бошланганидан буён илк мулоқоти бўлади. Журналистлар маълумотига кўра, учрашув кейинги ҳафтада (айнан қаердалигига аниқлик киритилмаган) — Си Жинпингнинг Москвада Владимир Путин билан ўтказилажак музокараларидан кейин бўлиб ўтади.
  • Россия Украина буғдойини олиб чиқиш бўйича келишувни 2022 йил ноябрида бўлгани каби 120 кунга эмас, балки 60 кунга узайтиришни таклиф қилди.
  • Россия Давлат думасига муддатли ҳарбий хизматга чақирилишнинг чекланган ёшини 2024 йилдан 27 ёшдан 30 ёшгача ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди.
  • Москванинг учта районида ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекслари жойлаштириладиган майдонлар учун дарахтлар кесилди. Экологияга энг катта зарар «Коломенское» музей-қўриқхонаси рўпарасидаги Печатники районида кузатилди – бу ерда мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун қарийб 100 гектар ўрмонзор кесилган.

Волноваха ўққа тутилиши оқибатлари

13 март куни Украина қуролли кучлари Донецк областининг Россия назоратида бўлган Волноваха шаҳрига ракета зарбаси йўллади. «ДХР» таркибидаги Волновахи райони маъмуриятининг Кремл томонидан тайинланган раҳбари Константин Зинченконинг маълумотига кўра, шаҳар ўққа тутилиши оқибатида тўрт киши яраланган. Россиянинг бошқа манбалари эса икки киши ҳалок бўлганини хабар қилган.

Волноваха Донецкдан 50 километр ва Украинанинг Ростов области билан чегарасидан  90 километр масофада жойлашган. Россия бу шаҳарни 2022 йил 11 мартида босиб олган, сентябр ойи охирида шаҳар «ДХР» билан бирга аннексия қилинганди.

Оккупациянинг бир йиллигида, 2023 йил 11 мартида, тан олинмаган республика раҳбари Денис Пушилин Волноваха «уйғонаётгани, одамлар ўзларига ғамхўрлик қилинаётганини сеза бошлагани»ни айтди.

Волновахада ракета зарбаси келган жойда яксон бўлган автомобил
Stringer / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Волноваха ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакили жасади
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Ракета зарбаси келиб тушган жойда ҳосил бўлган ўра олдида ишлаётган терговчи
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Украина ҳарбий ҳаво кучларининг Донбассдаги вертолётлари

Донецк областининг Киев назоратидаги қисми прокуратураси маълумотига кўра, 13 март куни Россия қўшини стволли артиллерия ва «Ураган» баравар ўт очиш реактив тизимларидан Константиновка ва Авдийивка шаҳарларини ўққа тутди. Бир киши ҳалок бўлиб, беш киши яраланган.

Бундан ташқари, душанба куни Донецк областининг Киев томонидан тайинланган раҳбари Павел Кириленко Украинада «яқин вақтлар ичида» Мариупол ҳарбий маъмурияти пайдо бўлади — бунинг учун Украина президенти Володимир Зеленскийнинг тасдиғи керак.

Ми-8 вертолётига ракеталар жойлаётган украин ҳарбийлари
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Украинларнинг Ми-8 вертолёти Украина қуролли кучларининг Донецк областидаги позициялари узра учмоқда
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Донецк областидаги қишлоқлардан бири устидаги Ми-8 вертолёти
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Вертолёт бортидан бошқа Ми-8’ни кузатаётган украин ўқчиси
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA

Часив Ярдаги ҳаёт

Часив Яр — Донецк областида Россия қўшини 2022 йил июлидан буён штурм қилаётган  Бахмут шаҳридан 13 километр масофада жойлашган. Бахмутдаги Украина қўшинларининг муҳим таъминот йўлларидан бири Часив Яр орқали ўтади.

13 март куни Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Олександр Сирский «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчиларининг штурм отрядлари Бахмут атрофида бир неча йўналишда юриш қилиб, Украина қўшини мудофаасини ёриб ўтиш ва шаҳар марказига киришга уринаётганини хабар қилди.

Америкадаги Урушларни ўрганиш институти ўзининг сўнгги ҳисоботида РФ мудофаа вазирлиги катта эҳтимол билан Бахмутда «Вагнер» ХҲК кучларини сарфлашни кўзлаганини қайд этди. Таҳлилчилар фикрича, вазирликнинг мақсади — ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг Кремлга таъсирини кучайтиришга бўлган уринишларига путур етказишдир. Россия томони бу баёнотга муносабат билдирмади.

Бу вақтда Бахмутга қўшни бўлган Часив Ярда ҳамон тинч аҳоли вакиллари қолмоқда — қуйида ушбу шаҳар манзаралари акс этган суратлар.

Часив Ярдаги кўчалардан бирида украин ҳарбий техникаси атрофидаги маҳаллий аҳоли
Narciso Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Часив Яр аҳолиси вакиллари кўчада овқат пиширмоқда
Narciso Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Часив Яр кўчаларидан биридаги аёл
Narciso Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Украиналик жангчилар Сарагосада Leopard танкларида шуғулланмоқда 

Германиянинг Leopard 2 A4 жанговар танкларидан фойдаланадиган Украинанинг дастлабки 10 ҳарбий экипажи Испанияда тўрт ҳафталик тайёргарлик жараёнини якунлади. Машғулотларда Украина қуролли кучларининг 55 нафар жангчиси — 21 ёшдан 60 ёшгача бўлган профессионал ҳарбийлар ва захирадан чақирилганлар иштирок этди.
Paul Hanna / Bloomberg / Getty Images

Новосибирскда руҳоний оиласига қабул қилинган украиналик болалар

Феврал ойи охирида Украина бош прокурори Андрей Костин Европа Кенгаши инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуней Миятович билан учрашувда Донбасс, Запорижжя ва Херсоннинг босиб олинган ҳудудларидан Россияга 16 мингдан ошиқ бола олиб кетилганини маълум қилганди.

«Дождь» телеканали журналистлари аниқлик киритишича, Россияга депортация қилинган болалар вақтинча жойлаштириш пунктлари ва меҳрибонлик уйларига юборилмоқда, уларнинг фуқаролиги ўзгартирилиб, «ҳарбий-ватанпарварлик» машғулотлари орқали «қайта тарбияланмоқда».

РФ президенти қошидаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Белованинг маълум қилишича, бу болалар Россияда куч билан ушлаб турилмаяпти, ота-оналари ва васийлари «агар қўлидан келса ва хоҳласа» уларни олиб кетиши мумкинлигини айтган. Шу билан бирга, Андрей Костиннинг маълумотига кўра, Украина ҳукумати ҳозирча фақат 307 болани қайтаришга муваффақ бўлган.

Украинадан олиб кетилган минглаб болалардан беш нафари руҳоний Роман Виноградов ва унинг рафиқаси Екатеринанинг Новосибирск яқинидаги уйида яшамоқда. Виноградовлар оиласида жами — 16 бола бор, уларнинг 12 нафари — асраб олинган болалардир.

Александр Неменов / AFP / Scanpix / LETA
Александр Неменов / AFP / Scanpix / LETA
Александр Неменов / AFP / Scanpix / LETA
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top