13:27 / 14.03.2023
29163

СССРда яширилган фожиалар: муз саройида сақич талашган одамлар қандай ҳалок бўлганди?

1975 йил Москва шаҳрида жойлашган Соколники муз саройида фожиа юз беради. СССР ва Канада ўсмирлари ўртасида бўлиб ўтган хоккей беллашувидан сўнг тиқилинч содир бўлади. Оқибатда йигирмадан ортиқ одам ҳалок бўлади. Яна кўплаб одамлар турли даражада жароҳатланади. Ҳалок бўлганларнинг ярмидан кўпи ҳали 16 ёшга ҳам тўлмаган болалар эди. Муз саройидаги тиқилинч хориж сақичларини талашиш туфайли келиб чиққанди.

Бугун совет даврини ёмонлайдиганлар ҳам, «гугурт бир тийин эди» деб мақтайдиганлар ҳам етарлича топилади. Бу давлатга баҳо берганда Габриэл Гарсия Маркеснинг машҳур гапи эсга тушади.

1957 йилда Москвада ўтказилган халқаро ёшлар ва талабалар фестивалига келган ёзувчи «Совет халқи ва ҳукуматининг бахти шундаки улар қанчалик ёмон яшаётганларини ўзлари билишмайди» дейди.

Ўшанда бу гапидан кейин Маркеснинг барча китоблари магазинлардан, кутубхоналардан йиғиштириб олинган дейишади.

1975 йилда Москвадаги муз саройида содир бўлган фожиа ҳам қайсидир маънода СССРда одамлар қандай яшаганини кўрсатиб беради.

Ўшанда канадалик хоккейчилар томошабинлар ўтирган трибунага сақичлар сочишади. Сақичлар учун талашган асосан ёшлардан иборат одамлар тиқилинчни юзага келтиришади ва бир-бирини босиб ўлдиради.

Фото: forum.b92.net

Ҳодисадан аввал

1975 йил бошида Канаданинг Онтарио провинциясидан «Barrie Coop» ўсмирлар хоккей жамоаси СССРга тенқурлари билан ўртоқлик учрашувларини ўтказиш учун келади.

Сафар давомида СССР ўсмирлар терма жамоаси ва «Спартак» билан иккитадан, «Криля советов» жамоси билан битта, жами бешта ўйин ўтказиш режа қилинган эди.

Жамоанинг сафарига АҚШнинг дунёга машҳур турли сақичлар ишлаб чиқарувчи Wrigley компанияси ҳомийлик қилади. (Orbit сақичларини ҳам шу компания ишлаб чиқаради)

Шартномага кўра компания канадалик хоккейчиларнинг ҳар бирига 15 килограммли қути тўла сақич беради. Хоккейчилар сафар давомида уларни бепул тарқатишлари керак эди. Канадаликлар делегациясида компания вакили ҳам бўлиб, унга сақичларнинг тарқатилишини назорат қилиш топширилганди.

Ўша пайтларда СССРда сақич ишлаб чиқарилмас, совет ўқувчилари учун хориж сақичлари ноёб нарса эди. Улар ҳатто Москва кўчаларида юрган чет эллик сайёҳлардан тортинмай сақич сўрашган.

Мактабларда ўқувчиларнинг сайёҳлардан сақич сўраб мамлакат обрўсини тўкишларининг олдини олиш учун чоралар кўрилган. Ўқувчиларга сақичларнинг зарари ва улар келтириб чиқарадиган касалликлар ҳақида тарбиявий дарслар ўтилган.

Ана шундай дарсларда кимда сақич бўлса чиқинди қутисига ташлаттирилган. Бироқ бу чоралар наф бермаган ва Москвадаги ўқувчиларда хориж сақичига қизиқиш юқори даражада сақланиб қолаверган.

Фото: agentmdk.ru

Фожиа

1975 йил 10 март куни ўртоқлик ўйинларидан учинчиси Москвадаги Соколники муз саройида СССР ўсмирлар терма жамоаси билан ўказилиши керак эди.

Бундан аввалги ўйинларда канадаликларнинг сақич тарқатганини эшитган ўқувчилар навбатдаги баҳсга оқиб келишади. Муз саройига қарийб беш минг томошабин киритилади. Саройга сиғмаганлар ташқарида қолиб кетишади.

Ўйин тугагач канадалик хоккейчилар томошабинлар ўтирган трибуналарга сақичларни соча бошлашади. Одамлар бир-бирини босиб-янчиб оёқ остига тушаётган сақичларни териш учун интилади. Оқибатда тиқилинч юзага келади.

Шу пайтда канадаликлар ҳолатни суратга олаётганини кўрган совет мутасаддилари муз саройидаги чироқларни ўчиришади. Совет фуқароларининг сақич учун талашаётганини хорижликлар кўрмаслиги ва суратга тушира олмаслиги керак эди.

Шундан сўнг қоронғида ҳолат баттарлашади ва тиқилинчда одамлар ҳалок бўла бошлайди.

Фото: yablor.ru

Кейинчалик ўша пайтда 15 ёшда бўлган қиз шундай эслайди:

«Бепул сақични эшитиб ўйинга тушиш учун жуда кўп ўқувчилар келишди. Мен ва икки дугонамга омад кулиб боқди, муз саройига биринчилардан бўлиб кирдик ва канадаликлар ўтирадиган жойга яқин бўлган қаторга жойлашдик. Канадаликлар бир неча марта сарой бўйлаб томошабинлар томонига сақич отиб чиқишди. Саройда милиция ходимлари ҳам бор эди, бироқ улар оёқ остидан сақич тераётган болаларга индашмади. Ўйиндан сўнг канадаликлар яна сақич сочишди ва сўнг бирин-кетин ташқарига чиқа бошлашди. Мен ва дугоналарим ҳам уларни автобусни олдида қаршилаш учун ташқарига отилдик. Кейин эса ичкарида болалар сақич учун бир-бирларини босиб-янчишганини ва одамлар ҳалок бўлганини билдик. Ўлганлар орасида синфдошимиз ҳам бўлган».

Ўша куни трибунада муз саройи директори ва унинг ёрдамчилари, муз сарой жойлашган туман милиция бўлими бошлиғи ва яна бир қатор бошқа мутасаддилар бўлган. Бироқ улар асосан ўқувчилардан иборат томошабинлар бир-бирини босиб сақич тераётганда ҳеч нарса қила олмаган.

Фото: yaplakal.com

Ҳодиса гувоҳи бўлган аёл шундай эслаганди:

«Ўйиндан сўнг ташқарига чиқиш учун эрим билан зинадан кўтарила бошладик. Шу пайт трибунада ўтирган эркак бир болани тепага кўтарди ва «Тўхтанглар» деб бақирди. Аммо одамлар унинг бақирганига эътибор бермай сақич териш учун ўзларини ўша томонга уришди. Ташқарига чиқиб қарасам ёнимда эрим йўқ. Одамлар уни ҳам суриб кетишган экан. Анчадан кейин милиция ходимлари эримни беҳуш ҳолда олиб чиқиб сунъий нафас бера бошлашди. Кейин уни касалхонага олиб бордик, ўша ерда эримнинг жони узилди».

Расмий маълумотларга кўра ўша куни жами 21 киши ҳалок бўлади. 25 киши турли даражада тан жароҳатлари олади. Ҳалок бўлганларнинг 13 нафари 16 ёшга етмаган болалар бўлган. Норасмий маълумотларга кўра, ўлганлар ва жароҳатланганлар сони бир неча баробар кўп бўлгани айтилади.

Гарчи канадаликларнинг сақич тарқатиши ортидан фожиа содир бўлган бўлса-да, уларга қолган иккита ўйинни ҳам ўтказишга рухсат беришади.

Ўша куни канадалик хоккейчиларга қарши баҳсда иштирок этган, кейинчалик икки карра олимпия чемпиони бўлган Александр Кожевников фожиани шундай эслаганди:

«Соколникида баҳсда канадалик ўсмирларнинг ота-оналари, Канаданинг СССРдаги элчихонаси ходимларидан иборат мухлислар ҳам бор эди. Улар сақич сочилганда томошабинларнинг бир-бирини босиб, талашаётганини кўриб кулишди. Сўнг суратга олишди. Ўша пайтда СССРда сақич чиқарилмасди. Шу учун барча сақич талашиб бир-бирини босиб янчиб кетди. Ҳолатни канадаликлар суратга олмасин деб муз саройининг чироқларини ўчиришади. Қоронғида вазият издан чиқди ва одамлар ҳалок бўлди».

Фото: mobiduc.ru

Суд ва жазо

Фожиа юз бергандан сўнг уни ўрганиш учун комиссия ташкил этилади. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Барча гувоҳлар ва айбдор деб гумонланганлар сўроқ қилинади.

Охир-оқибат фожиа юз беришида муз саройи директори, муз саройи жойлашган мавзедаги 79-сонли милиция ва пост-патрул хизмати бошлиқлари айбдор деб топилади. Суд уларнинг барчасига уч йил қамоқ жазоси беради.

Бундан ташқари, Москва шаҳар спорт қўмитасининг спорт иншоотлари бўйича мудири ишдан бўшатилади.

Ҳалокатдан сўнг суриштирув ўтказилганда Соколники муз саройида бор-йўғи тўртта чиқиш жойи бўлгани, ташқарига олиб чиқадиган йўлаклар, зиналар жуда ноқулай қилиб қурилгани маълум бўлади.

Шундан сўнг муз саройини таъмирлаш учун узоқ вақт ёпиб қўйишади. Таъмирлаш вақтида унинг чиқиш жойлари ўнтага етказилади. Йўлак ҳамда зиналарни хавфсиз ҳаракатланадиган қилинади ва сўнг қайта очилади.

Фото: skyscrapercity.com

Сохта жамоа

Канадаликлар билан ўртоқлик ўйинларида қатнашган совет ўсмирларининг бир қанчаси кейинчалик маҳоратли хоккейчи бўлиб етишишади.

Жумладан, Тижних, Макаров, Стариков Челябинскнинг «Трактор», Герасимов ва Фетисов МАСК (Марказий армия спорт клуби), Зубков, Кожевников «Спартак» жамоаларида ўйнашади. Кўплаб совринларни қўлга киритишади. Бироқ «Barrie Coop» жамоасида ўйнаган хоккейчилар изсиз йўқолишади.

Кейинчалик Канадада «Barrie Coop» номли жамоа умуман йўқлиги маълум бўлади.

Ўша пайтларда Канада хоккейи лигасида учта – Вестерн, Квабек ва Онтарио ўсмирлар лигаси бўлган. Уларнинг биронтасида «Barrie Coop» жамоаси иштирок этмаган.

Онтарио лигасида «Barrie Colts» ўсмирлар жамоаси иштирок этган, бироқ уларнинг «Barrie Coop» жамоасига умуман алоқаси бўлмаган.

Кейинчалик аниқланишича, Wrigley компанияси маркетологлари совет бозорига кириш учун режа тузишади. Улар ҳаваскор ўсмирлардан иборат сохта жамоа тузиб СССРга олиб келишади.

Фото: sports.espn.go.com

1970-йиллар бошида СССР ва Канада хоккейчилари орасида яхши алоқалар йўлга қўйилган, ҳар икки давлатнинг турли жамоалари тез-тез ўртоқлик ўйинлари ўтказиб турган.

Шу сабабли ҳеч қайси лигада иштирок этмайдиган «Barrie Coop» ҳаваскор жамоасининг СССРга келиши ҳам ўша ҳамкорлик туфайли бўлган. Шунчаки, Wrigley компанияси вазиятдан фойдаланиб қолади.

Советлар эса «душман» Ғарбнинг бир давлати хоккей бўйича ҳамкорлик қилаётганидан хурсанд бўлиб таклиф билан чиқаётган жамоани сўраб-суриштириб ҳам ўтиришмайди.

Гарчи, канадаликлар жамоаси ҳаваскорлардан иборат бўлса ҳам совет ёшлари билан тенг ўйнайди ва баҳсларда жуда кичик фарқ билан енгилади. Масалан, фожиа юз берган куни ўтказилган баҳсда улар СССР ўсмирлар терма жамоасига 9:8 ҳисобида ютқазган.

Сақич ишлаб чиқарилмайдиган мамлакат

Энг қизиғи, фожиа юз берган йилларда СССРда сақич мутлақо ишлаб чиқарилмаган. Шу сабабли ҳам унга қизиқиш кучли бўлган. Совет идеалогиясида сақич зарарли нарса, уни чайнаб юриш одобсизлик саналган. Сақич соғлик учун хавфли деб тарғибот олиб борилган.

Фото: fishki.net

Бироқ Соколники муз саройида содир бўлган фожиадан сўнг мамлакат раҳбарияти ташвишга тушиб қолади. Чунки олдинда 1980 йилда Москвада ўтказилиши режалаштирилган олимпиада ўйинлари бор эди.

Шундан сўнг советлар Москва олимпиадасида ҳам Соколникидагидай шармандали фожиа юз бермаслигининг олдини олиш учун мамлакатда сақич ишлаб чиқариш корхоналарини очиш керак деган қарорга келишади.

1976-1977 йиллар давомида Таллин, Ростов, Ереван ва Бийск шаҳарларида СССРдаги илк сақич ишлаб чиқарувчи корхоналар очилади.

Фожианинг яширилиши

Соколникида содир бўлган ҳодиса гарчи қарийб беш минг одамнинг кўз ўнгида содир бўлган бўлса-да, советлар фожиани оммадан яширишади.

Фожиа ҳақида эшитган айрим москваликлар ҳамдардлик билдириб, муз саройи олдига гуллар қўйиб кета бошлайди. Тезда одамлар қўйиб кетган гуллар йиғиштириб олинади ва муз саройи ҳамда унинг атрофи таъмирлаш баҳонасида ёпиб қўйилади.

Фото: stena.ee

Ҳодиса гувоҳлари бўлган қарийб барча суҳбатдан ўтказилади (аслида сўроқ қилинади). Уларга фожиа ҳақида ҳеч қаерда гапирмаслик, акс ҳолда жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги айтилади.

Ҳодисада ҳалок бўлганларнинг (шу жумладан болаларнинг) дафн маросими ими-жимида ўтказилади. Уларнинг муз саройидаги тиқилинчда сақич талашиб вафот этгани барчадан сир тутилади.

Соколникидаги фожиа ҳақида орадан қарийб 15 йил ўтиб, 1980-йиллар охирида бошланган ошкоралик замонларида газеталарда хабарлар берилади. Унгача омма бу фожиадан бехабар қолади. 2013 йилга келиб муз саройи олдида ёдгорлик пештахтаси ўрнатилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top